Click to listen highlighted text!

КОНСТИТУЦИЯ-ВАТАН ТАРАҚҚИЁТИ АСОСИ

Ватан тараққиёти, миллий юксалиш, жамият олдига қўйилган улуғвор вазифаларнинг бажарилиши, аввало, бу мақсадларга эришиш учун зарур бўлган иқтисодий шарт-шароит ва ҳуқуқий асосларнинг мавжудлигига боғлиқ. Истиқлол Конституцияси, энг аввало, ана шу шароитларни яратиб берди. Халқимизнинг ҳуқуқий онги ва тафаккурини тарбиялаш, ҳуқуқий маданиятини ошириш, қонун устуворлигига эришиш орқали адолатли ва эркин жамият барпо этиш бош мақсад қилиб қўйилди. Олий Мажлиснинг қарори билан тасдиқланган “Жамиятда ҳуқуқий маданиятни юксалтириш миллий дастури”, Юртбошимизнинг “Ўзбекистон Республикаси Конституциясини ўрганишни ташкил этиш тўғрисида”ги Фармойиши, Вазирлар Маҳкамасининг “Жамиятда ҳуқуқий маданиятни юксалтириш миллий дастурини амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Қарори, “Мамлакатимизда демократик ислоҳотларни янада чуқурлаштириш ва фуқаролик жамиятини ривожлантириш Концепцияси” ва  бошқа муҳим ҳужжатлар бу борада дастуриламал бўлди.

“Айни пайтда барчамиз бир ҳақиқатни ўзимизга аниқ тасаввур этишимизни истардим,— деб таъкидлаган эди Юртбошимиз Олий Мажлис палаталарининг қўшма мажлисидаги маърузасида. — Яъни эришилган бундай марралар — барқарор ривожланиб бораётган иқтисодиётга асосланган, очиқ демократик ҳуқуқий давлат қуриш, инсон, унинг манфаатлари, ҳуқуқ ва эркинликлари сўзда эмас, амалда олий қадрият даражасига кўтарилган, жаҳон миқёсида обрў-эътибор қозонган жамият барпо этиш борасида биз ўз олдимизга қўйган юксак мақсадга қаратилган узоқ ва мураккаб йўлнинг бир қисми, холос. Бу йўлда биз дуч келишимиз мумкин бўлган шундай бир хавф борки, у ҳам бўлса, авваламбор, эришилган ютуқларга маҳлиё бўлиб, хотиржамлик кайфиятига берилиш, реал воқеликдан узилиб қолиш хавфидир. Бу эса мамлакатимиз тараққиётининг самарадорлиги ва истиқболига салбий таъсир кўрсатиши мумкин”.

Дарҳақиқат, мамлакатимиз Бош Қонунида, мамлакатимизда демократик ислоҳотларни янада чуқурлаштириш ва фуқаролик жамиятини ривожлантириш Концепциясида  кўзда тутилган улуғвор вазифаларни тўла рўёбга чиқариш борасида ўтган давр ичида тарихий аҳамиятга молик ишлар қилинди. Эришган ютуқларимиз дунё ҳамжамияти томонидан расман эътироф этилди. Аммо бу ютуқлар, таъкидлаб ўтилганидек, хотиржам бўлишимизга асос бўлолмайди. Давр шиддат билан ўтиб бормоқда. Ҳаётнинг ўзи, турмуш тарзимизда, онг-шууримизда юз бераётган ўзгаришлар олдимизга янги-янги вазифаларни қўймоқда. Эркин, демократик жамият қурилиши жараёни муттасил ривожланиб бормоқда. Шундай экан, Бош Қомусимизни, давлатимиз раҳбарининг бошқа нутқ ва маърузаларида олға сурилган ғоя ва таклифларни, ўртага қўйилган долзарб вазифаларни янада чуқур ўрганишимиз, шу асосда ҳуқуқий тарғибот-ташвиқот иши самарадорлигини таъминлашимиз, юртдошларимизни янги бунёдкорлик ишларига даъват этишимиз зарур.

Холида Пардабоева, «Сирдарё ҳақиқати-Сырдарьинская правда»

газеталари бошланғич касаба уюшма қўмитаси раиси

Print Friendly, PDF & Email
Click to listen highlighted text!