Click to listen highlighted text!

БОЛАЛАРНИ ДАМ ОЛДИРИШ ВА СОҒЛОМЛАШТИРИШ ТАШКИЛОТЧИЛАРИ АНЖУМАНИ

           Юртимизда давр талабларига мос равишда ҳар томонлама баркамол, мустақил фикрлайдиган, ташаббускор, келажак яратувчилари бўлган болаларни тарбиялашга катта эътибор қаратилади. Таълим олиш, спорт билан шуғулланиш учун имкониятлар яратиш билан бирга уларни дам олдириш, соғломлаштириш жараёнлари сифати ҳам йилдан йилга оширилмоқда.
Хусусан, бу йилги ёз мавсумида 3та стационар ҳамда мактаблар қошида ташкил этилган кундузги 32 та оромгоҳларда 8100 нафар болажонлар қамраб олинди. Айниқса, Жиззах вилояти Зомин туманидаги “Гулистон” ҳамда Сирдарё туманидаги “Сирдарё” оромгоҳлари болажонларнинг севимли масканларига айланишган.
– Жорий йилда Зомин туманидаги хушҳаво тоғ бағридан Сирдарё вилояти болажонларини соғломлаштирилиш ишларини янада кенгайтириш мақсадида янги оромгоҳ учун ер ажратилди, – дейди вилоят касаба уюшмалари ташкилотлари бирлашмаси раиси Камолиддин Оқбўтаев. – Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси томонидан ажратиладиган маблағ эвазига бунёд этиладиган ушбу оромгоҳ 200 ўринли бўлиб, мавсум давомида яна минг нафар фарзандларимизнинг яйраб ҳордиқ чиқаришлари учун имконият пайдо бўлади.
Бу йил болаларни ёзги дам олдириш ва соғломлаштириш ташкилотчиларининг анжумани ҳар йилгидан ўзгачароқ, ҳудудларда ўтказилди.
Сирдарё вилоят Болаларни дам олдириш ва соғломлаштириш ташкилотчиларининг анжумани Гулистон шаҳридаги 2-сонли мусиқа ва санъат мактаби биносида бўлиб ўтди. Мактаб фойесида ташкил этилган ёзги дам олиш оромгоҳлари тўгараклари кўргазмаси, соғломлаштириш жараёни акс этган роликлар қатнашчиларда катта қизиқиш уйғотди.
Анжуманнинг расмий қисмида иштирок этган ҳамда сўзга чиққан вилоят ҳокими ёшлар ва ижтимоий масалалари бўйича ўринбосари О. Абдуғаниев, вилоят касаба уюшмалари ташкилотлари бирлашмаси раиси К.Ақбўтаев ва бошқалар ўз сўзларида бу йилги соғломлаштириш мавсуми юқори савияда ташкил этилганлигини таъкидлаб ўтишди. Шундан сўнг ушбу жараёнда фаол иштирок этиб, болажонларнинг ёзги ҳордиғи мазмунли ўтишига ўз ҳиссаларини қўшишган ташкилотчилар, тарбиячи ва етакчиларга “Энг моҳир тўгарак раҳбари”, “Энг фаол етакчи”, “Энг яхши спорт мураббийи”, “Энг яхши тиббиёт ходими”, “Энг фаол ички ишлар идоралари ходими”, “Энг масъулиятли ташкилотчи”, ва “Энг яхши оромгоҳ бошлиғи” “Энг намунали кундузги оромгоҳ” номинациялари бўйича вилоят Мувофиқлаштирувчи гуруҳининг дипломлари ҳамда эсдалик совғалари топширилди.
– “Сирдарё” оромгоҳимиз ҳар йили болажонларни хурсанд қилиш учун ҳаракат қилиб келмоқда, – дейди “Энг яхши оромгоҳ раҳбари” номинацияси ғолиби Мурод Аллаёров. – Оромгоҳимизда маънавият хоналари ва кутубхоналар яхши жиҳозланган, сузиш, шахмат-шашка, баскетбол, волейбол, футбол каби спорт тўгараклари фаолияти намунали йўлга қўйилган. Бизнинг оромгоҳимизнинг фаолияти савиясини ўғил-қизларимизнинг ҳар йили қайта-қайта келишларидан билиб оламиз. Уларнинг ичида баъзилари 6-7 йилдан буён ҳар йили ёзги таътил пайтида оромгоҳимизда ҳордиқ чиқаришади.
– Бир неча йиллардан бери “Сирдарё” оромгоҳи тўгарак раҳбари сифатида иш олиб бораман, -дейди “Энг моҳир тўгарак раҳбари ” номинацияси ғолиби Мадина Абдураҳмонова. – Истеъдодли ука- сингилларим билан ишлаш жараёни жуда ёқади. Бугун ўзим номинация ғолиби бўлганимдан нечоғли хурсанд бўлган бўлсам, тадбирда куй-қўшиқлари билан иштирок этаётган ўқувчиларимни жуда бахтиёр бўлдим.

Озода Мамадалиева.

Print Friendly, PDF & Email
Click to listen highlighted text!