Click to listen highlighted text!

ЭНГ НАМУНАЛИ ОИЛА АНИҚЛАНДИ

              Сирдарёда “Энг намунали оила” кўрик-танловининг вилоят босқичи якунланди.
Вилоят хотин-қизлар қўмитаси “Маҳалла” хайрия жамоат фонди, “Оила” илмий-амалий маркази вилоят бўлимлари ҳамкорлигида ташкил этилган тадбирда шаҳар ва туман босқичларида ғолиб бўлган 11 оила иштирок этди.
Бу йилги танлов ҳар йилги анъаналардан ўзгача, Боёвут туманидаги “Анорзор” маҳалла фуқаролар йиғинида истиқомат қилувчи Комилжон ва Мамлакат Ғайбуллаевлар хонадонида ташкил этилди.
Танловда иккита шарт – “Биз китобхон оиламиз” ҳамда “Оила мустаҳкамлиги- юрт тинчлиги” мавзуларида оилалар беллашдилар. Ушбу шартларнинг бажарилишида оила мустаҳкамлигини таъминлаш борасидаги ҳаётий тажриба, оилада ота-она ва фарзандлар муносабати, маънавият, китобхонлик даражаси, оила аъзоларининг миллий урф-одат ва қадриятларимизни қай даражада билиши, томорқадан унумли фойдаланиш, фарзандларда меҳнат кўникмаси шакллангани, соғлом турмуш тарзига амал қилиш, маҳалла, жамоат ишларидаги фаоллиги кабиларга алоҳида эътибор қаратилди. Оилалар томонидан тайёрланган видеороликда оилавий ҳаётда учрайдиган лоқайдлик, бир-бирини кўролмаслик, эр-хотин, қайнона-келин, қўни-қўшнилар ўртасидаги келишмовчилик, тўй-ҳашамлардаги ортиқча дабдабабозлик, ёшларнинг диний экстремизм, жиноят йўлига кириб кетиши каби муаммоли воқеий ҳолатларнинг олдини олиш ҳақида сўз борди.
Сайхунобод туманида “Иттифоқ” маҳалласида истиқомат қилувчи Даврон ва Фазилат Эгамбердиевлар оиласи биринчи ўринни эгаллаб, танловнинг мамлакат босқичида қатнашиш ҳуқуқини қўлга киритди.
– Оиланинг эл-юрт орасида ҳурмат-эътибор топиши жуда кўп омилларга боғлиқ, – дейди Фазилат Эгамбердиева. – “Оилавий тарбия масаласида хатога йўл қўймаслик учун аввало ҳар қайси хонадондаги маънавий иқлимни ўзаро ҳурмат, ахлоқ-одоб, инсоний муносабатлар асосига қуриш лозим”, деб ёзган эдилар “Юксак маънавият-енгилмас куч” асарида Биринчи президентимиз. Бу қоидаларга бизнинг оилада қатъий амал қилинади. Аҳиллик, ўзаро ҳурмат, фарзанд тарбиясида якдиллик бизнинг оиламизнинг қоидасидир.

Зебо Ҳайдарова

Print Friendly, PDF & Email
Click to listen highlighted text!