Click to listen highlighted text!

ТАБИАТНИНГ ЎЗИ ТАБИБ

Бу ҳикматнинг қанчалик тўғри эканлиги минг йиллар давомида халқ орасида ўз исботини топган. Азалдан ( ҳали тиббиёт ривожланмаган пайтларда) табиблар турли  доривор ўсимликлардан дорилар, малҳамлар тайёрлаб, беморларни даволашган. Ҳатто одамларнинг ўзлари ҳам  табиий гиёҳлардан  фойдаланишни  билишган.

Мана, тиббиёт  ривожланишда юксак даражага етди, шунингдек, дори-дармонлар ишлаб  чиқариш, улардан самарали  фойдаланишда ҳам улкан ютуқларга эришилмоқда.  Бугунги кунда ҳар қандай хасталикнинг ҳам даволаш усуллари ишлаб чиқилмоқда, янги-янги дорилар тайёрланмоқда. 

Лекин шу ўринда тиббиёт шундай даражага етган бўлса-да, нега касалликларнинг тури, беморлар сони камайиш ўрнига ортмоқда,  бу борадаги кўрсаткичлар дунё миқёсида ошмоқда, деган ҳақли савол туғилиши, табиий. Бунга албатта, тиббиёт соҳасида иш олиб бораётган олимлар, етук мутахассислар асосли равишда жавоб берадилар.

Лекин биз бир нарсага гувоҳ бўлмоқдамизки, кейинги йилларда  беморларни  кимёвий  усулда тайёрланган дори-дармонларсиз,  яъни табиий усулда – доривор гиёҳлар билан даволашга катта  эътибор  қаратилмоқда.

Яқинда  вилоят ҳокимлигининг катта мажлислар залида  “Соғлом она ва бола йили” муносабати билан бўлиб ўтган “Саломатлик ўз  қўлингизда” мавзусидаги  анжуманда ана шу масалалар хусусида  сўз юритилди.

Юртимизда ана шундай даволаш билан шуғулланувчи нуфузли ташкилот ва муассасалар, тадбиркорлар мавжуд. Улар  томонидан юқорида тилга олинган усул билан аҳолини соғломлаштириш, турли хасталикларнинг олдини олиш бўйича ибратли ишларни амалга оширилмоқда. Ана шундай  муассасалардан бири “ГАНО-ШИФО” масъулияти чекланган жамиятдир.

Анжуманга тиббиёт ходимлари, маҳалла фуқаролар йиғинларининг маънавий-ахлоқий тарбия масалалари бўйича маслаҳатчилари жамланишди.

 Тадбирни вилоят ҳокимининг ўринбосари, хотин-қизлар  қўмитаси раиси

Дилшода Ҳайдарова очди ва бошқариб борди.

“Аҳоли  ўртасида  микронутриент етишмаслиги профилактикаси тўғрисида”  маъруза қилган Турон Фанлар академияси академиги, “ГАНО-ШИФО” МЧЖ директори Лазиза Акбарова қуйидагиларга тўхталди:

-Бизнинг “ГАНО – ШИФО” жамиятимиз Ўзбекистон Республикаси мустақиллигининг 25 йиллиги муносабати билан  жойларда “Саломатлик ўз  қўлингизда” деб номланган анжуманлар ташкил этмоқда, яқинда Фарғона вилоятида ўз жамоамиз билан  шу каби тадбирни ўтказиб қайтдик, – Деди маърузачи. – Халқимиз  орасида саломатлик – туман бойлик, деган  ибора бор. Инсон ўз саломатлиги учун масъулликни  зиммасига олса, хаста бўлмаслиги учун қайғурса, касалликнинг олдини олса, соғлом турмуш кечирса, жамиятда соғлом турмуш тарзи учун ҳисса  қўшса,  соғлом ва  фаровон яшаш кафолатини олган бўлади.  Жамиятимиз аъзоларининг мақсади ҳам шу хайрли  ишга  ҳисса  қўшишдан иборат.

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси депутати Зиёдулла Убайдуллаев “Озиқ-овқат хавфсизлигининг ҳуқуқий асослари, Миллий ва халқаро стандартлари”, вилоят соғлиқни  сақлаш бошқармаси бошлиғи ўринбосари Саид Масеитов  “Соғлом она ва бола саломатлигини мустаҳкамлашдаги долзарб муаммолар ва уларнинг ечими” мавзуларида  маъруза қилдилар.

Шунингдек, анжуман иштирокчилари “ГАНО-ШИФО” МЧЖ мутахассислари  Д.Шамсиддинов, А.Худойқулов ва С.Худойбердиевлар  инсон иммунитетининг бузилиши ( микронутриентлар мўътадиллигининг бузилиши) сабаблари,  касалликларнинг пайдо бўлиши, овқатланиш рационига эътибор қаратиш,  табиий  ўсимликлардан ( кимёвий қўшимчаларсиз) тайёрланган озиқ-овқатлар, жумладан, қизил қўзиқорин  ва  инсон саломатлиги учун кони  фойда бўлган бошқа  фойдали экинлардан кўпроқ фойдаланиш ҳақидаги тавсияларини тингладилар.

Тадбир қатнашчилари “ГАНО-ШИФО” МЧЖ мутахассисларидан ўзларини   қизиқтирган  барча саволларга жавоб олдилар.

Ҳар бир  инсон ўз ҳаётининг  муаллифи саналади. Эртага яхши,  соғлом яшаш учун учун бугун ҳаракат  қилиш  керак. Зеро,  инсон учун саломатлик энг олий неъмат эканлигини асло унутмайлик.

 

Холида ПАРДАБОЕВА.

Print Friendly, PDF & Email
Click to listen highlighted text!