ҲАМ МАЛАКА, ҲАМ КЎНГИЛЛИ ҲОРДИҚ

        Яқинда Ўзбекистон Касаба уюшмалари Федерациясининг қарорига кўра  ҳудудий касаба уюшмалари ташкилотлари бирлашмалари, Темирйўлчилар ва транспорт қурувчилари, Авиация ходимлари касаба уюшмалари Республика кенгашлари, “Навоий кон-металлургия комбинати” давлат корхонаси ва “Олмалиқ кон-металлургия комбинати” акциядорлик жамияти ходимлари касаба уюшмалари ташкилотларининг маданий-маърифий ва спорт ишлари бўйича масъул ходимларидан 18 нафари  Тошкент шаҳридаги “Саёҳат сари” меҳмонхонасида жойлашган Федерация ўқув марказида малака ошириб қайтдилар.

     Шуниси аҳамиятлики, ўқиш жараёнида тингловчилар учун Конституция ва ҳуқуқ, психология фанидан  ҳамда нотиқлик санъати бўйича машғулотларни  Республика Маънавият-тарғибот маркази профессори Гулчеҳра Маткаримова,  профессор Раҳим Жуманиёзов, Ўзбекистон Касаба уюшмалари Федерацияси бўлим мудирлари Эътибор Раҳмонова, Сарвар Мамадиев, Федерация Кенгашининг “Касаба сайр” шўъба корхонаси  раҳбари Тўлқин Хидиров каби ўз соҳасининг билимдонлари   ўтдилар, ҳар бир машғулот бизнинг билим ва кўникмаларимизни ошириш учун муҳим бўлди. Айниқса, Федерация Кенгаши аппаратининг Матбуот хизмати раҳбари Муҳаббат Ўрмонбекова билан машғулот қизиқарли ва мунозараларга бой бўлди.

  Амалий машғулотни Тошкент шаҳрида жойлашган “Ўзкабель” акциядорлик жамияти қўшма корхонаси бошланғич касаба уюшма қўмитасида ўтдик. Бу ерда ўз касбининг фидойилари – бошланғич касаба уюшма қўмитаси раиси Рустам ака Турсунов ҳамда бошланғич хотин-қизлар ташкилоти раиси Шоира Турсунова бизни хушнудлик билан кутиб олишди ва ичкарига бошлашди. Тўғриси, вилоятларимизда   аҳил жамоалар кўп, аммо бундай бирдамлик ҳамиша ҳам учрайвермайди. Касаба уюшма хонасида дилдан суҳбат чоғида бизга касаба уюшма фаоллари томонидан ўтказилган тадбирларнинг видео роликлари намойиш қилинди, сўнгра цех ишчилари томонидан жонли ижрода саҳна кўринишларини томоша қилдик.

  Цехларга кириб, ишчилар учун яратилган шароитлар, уларнинг кайфиятлари билан танишдик. “Ўзкабель” АЖ қўшма корхонаси касаба уюшмаси ҳар жиҳатдан фаолиятини оммалаштиришга муносиб эканлигини эътироф этдик.

         Ўқиш давомида ташкил этилган Ўзбек Миллий драма театрига ташриф барчамизга жуда маъқул келди. Маданий ҳордиқ маънавиятчилар учун сув ва ҳаводек зарурлигини ҳис қилдик.

       Малака оширишимизнинг сўнги куни ҳаяжонларга бой бўлди. Ўқув маркази раҳбари Улуғбек Тошкенбоев ҳамда гуруҳ раҳбаримиз Эътибор Раҳмоновалар назорати остида ўтган тест синовларида ўзимизни  ҳақиқий талабалардек ҳис қилдик, аммо натижа ёмон бўлмади. Энди Ўқув маркази раҳбари қўлидан тантанали равишда олган сертификатларимиз хоналаримизни безаб туради, олган билимларимизни эса фаолиятимиз давомида қўллаймиз.

 

 

Зебо Ҳайдарова

Print Friendly, PDF & Email