Click to listen highlighted text!

БОЛАЛАР  САЛОМАТЛИГИ  ҲАМИША  ЭЪТИБОРДА!

Мустақил диёримизда болалар саломатлиги, уларнинг ҳар томонлама баркамол вояга етишлари ҳамиша эътиборда. Хусусан, ҳар йили ёзда болажонларнинг кўнгилли ҳордиқ чиқаришлари учун кўклам бошиданоқ тайёргарлик ишлари бошланиб кетади.

Хусусан, ўтган йилда Сирдарё вилоятида мавжуд  3 та стационар ҳамда 19 та кундузги оромгоҳларда 5148 нафар ўғил-қиз дам олдирилди. Фақатгина «Пахтасаноат» бирлашмасига қарашли «Гулистон» оромгоҳи ётоқхоналари капитал таъмирланиши учун 25 млн сўм маблағ ажратилиб, янгитдан жиҳозланган эди. Шунингдек, Сирдарё туманидаги «Шоликор»СИУ ҳудудида жойлашган «Сирдарё» оромгоҳида ҳам меҳнаткашлар фарзандларининг яйраб дам олишлари учун барча шароитлар яратилди.

-Кейинги икки йилда ёзги болаларни соғломлаштириш оромгоҳларига бўлган талаб кескин ошди, – дейди вилоят касаба уюшмалари ташкилотлари бирлашмаси ижтимоий суғурта бўлими мудири Раҳматилла Султонов. – Айниқса, стационар оромгоҳларда фарзандлари дам олишини ҳоҳловчи ота-оналар сони кўпайди.  Ўтган йилда мавжуд 3 та стационар оромгоҳда 2213 нафар бола ҳордиқ чиқарган бўлса, шулардан  698 та кам таъминланган ва эҳтиёжманд оилалар фарзандларига  бепул йўлланма берилди.

 Бу йил ҳам болажонларнинг ёзги таътилларини кўнгилли ўтказишлари учун тайёргарлик аллақачон бошланиб кетган.

– Оромгоҳимиз ҳудудини ободонлаштириш ишларини февраль ойидан бошлаб юбордик, – дейди «Сирдарё» оромгоҳи директори Мурод Аллаёров. – Бугунги кунда оромгоҳ ҳовлисига ўз томорқамизда етиштирилган дарахт ва гул кўчатлари экиб чиқилди. Томорқада шунингдек,  оромгоҳ ошхонаси учун барра сабзавотлар етиштириляпти. Ўтган йилда ҳам, булғор қалампири, карам, кўкатлар, помидор ва бошқа сабзавотларни ўз томорқамизда етиштирганмиз. Шунингдек, оромгоҳ ҳудудида 100 га яқин мевали дарахтлар парваришлаяпмиз,  дам олувчилар учун  салқин мевали шарбатлар мана икки-уч йилдирки,  ўз меваларимиздан тайёрланмоқда.

Яқинда 2016 йилда болаларни ёзги соғломлаштириш ва дам олдириш мавсумига тайёргарлик кўриш ва ўтказиш тўғрисида вилоят ҳокимининг  қарори қабул қилинди. Ушбу қарорда болалар ёзги дам олиш оромгоҳларини 2016 йил мавсумига ўз вақтида тайёрлаш ва ёзги соғломлаштиришни намунали ўтказиш, болаларни соғломлаштириш, ёзги таътилда мароқли ва кўнгилли дам олишларини ташкил этиш борасида қатор чора-тадбирлар белгиланган. Шунингдек, ушбу қарорга кўра  бу йил ёзги мавсумда 4800 нафар болаларни дам олдириш, шу жумладан 1800 та йўлланма учун ижтимоий суғурта фондидан маблағ ажратилиши, 3000 нафар болаларни дам олдириш эса туманлар, шаҳарлар ҳокимликлари, “Маҳалла” ҳайрия жамоат фонди вилоят бўлими ҳамда ихтиёрий ҳомийлик маблағлари асосида ташаббускор ташкилот, корхона, муассаса ва тадбиркорлар ҳисобидан амалга ошириш топшириғи белгиланган. Бу борада, шунингдек,  “Гулистон” ва  “Сирдарё” оромгоҳи ҳудудидаги бириктирилган биноларни мавсумга тайёрлаш, уларни таъмирлаш, зарур жиҳозлар, асбоб-ускуналар, ёнғинга қарши ўт ўчириш воситалари, транспорт ва алоқа воситалари билан жорий йилнинг 10 май кунигача таъминлаш белгилаб қўйилган. Шунингдек, оромгоҳларда таълим-тарбиявий ишларни ташкил этиш, уларни малакали педагог ва етакчилар билан таъминлаш бўйича вилоят Ишчи гуруҳи  тузилиб, 2016 йилнинг 23 апрелигача касаба уюшмалари ташкилотлари билан ҳамкорликда мавсум давомида оромгоҳларнинг педагог кадрларга бўлган эҳтиёжини аниқлаш ва жорий мавсумда оромгоҳларда фаолият олиб борадиган педагог ходимлар, тарбиячи, етакчи ва тўгарак раҳбарларининг энг муносибларини танлаш ишларини амалга ошириш топширилди.  10 апрелга қадар жорий мавсумда оромгоҳларга юбориладиган педагог ходимлар малакасини ошириш бўйича ўқув режаларини ишлаб чиқилиши  ва ташкил этилиши, Гулистон давлат университети раҳбарияти билан келишган ҳолда оромгоҳларга чет тили мутахассислиги бўйича ўқиётган талабаларни жалб этиш, барча оромгоҳларда кўчма кутубхоналар фаолиятини ташкил этиш, уларни Ўзбекистон Республикаси Президенти асарлари, бадиий адабиётлар, газета ва журналлар билан таъминлаш чораларини кўриш белгилаб берилди.

Шу жумладан, болаларнинг маънавий баркамол тарбияси учун Маънавият хоналари, спорт майдончалари ва жиҳозлари билан таъминлаш кўзда тутилган бўлиб, ушбу вазифалар масъул шахслар томонидан  аниқ муддатларда бажарилиши белгилаб қўйилди.

– Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Кенгаши  ва  Сирдарё вилояти ҳокимининг  “2016 йилда болаларни ёзги соғломлаштириш ва дам олдириш мавсумига тайёргарлик кўриш ва ўтказиш тўғрисида” қарорлари ижроси ўлароқ олдимизга бу йилги мавсумни ўтган йилгидан-да юқори даражада ташкил этиш масаласи қўйилган, – дейди вилоят касаба уюшмалари ташкилотлари бирлашмаси маданий-маърифий ва спорт ишлари бўлими мудири Х.Аминов. – Биз қарорда кўрсатилган ташкилотлар ва ҳомийлар билан биргаликда юртимиз эгалари бўлган болажонларимизнинг ҳам томонлама кўнгилли ҳордиқ чиқаришлари учун бор куч-ғайратимизни аямаймиз. Соғломлаштириш мавсуми жорий йил 5 июндан бошланади, демак, фурсат оз қолди. Оромгоҳлар таъмири, жиҳозланиши, таъминоти бу йил юксак савияда ташкил этилади. Айниқса, бу йил педагог кадрлар танловига катта эътибор қаратамиз.

Демак, “Ёз-2016” мавсумига тайёргарлик бошланиб кетди. Биз бу тайёргарликларнинг боришини вилоят касаба уюшмалари ташкилотлари бирлашмаси веб-сайти орқали таништириб борамиз.

Зебо Ҳайдарова

 

Print Friendly, PDF & Email
Click to listen highlighted text!