Click to listen highlighted text!

ЮҚОРИ ТАЙЁРГАРЛИК БИЛАН

Болалар оромгоҳларини 2016 йил мавсумига ўз вақтида ва сифатли тайёрлаш, ёзги соғломлаштиришни намунали ўтказиш, болаларнинг ёзги таътилда мароқли ҳамда кўнгилли дам олишларини ташкил этиш мақсадида Сирдарё вилоят ҳокимининг қарори қабул қилинди.

Вилоятда бу йил 4800 нафар бола соғломлаштирилиши ва дам олиши белгиланган бўлиб,  соғломлаштириш мавсуми 5 июндан бошланади.

Вилоятда  “Пахтасаноат” бирлашмаси тизимидаги Жиззах вилояти Зомин тумани Дуоба қишлоғида жойлашган “Гулистон” болаларни ёзги соғломлаштириш оромгоҳини таъмирлаш ишлари бошлаб юборилди, юмшоқ ва қаттиқ жиҳозлар билан таъминлаш ҳамда болаларни дам олдириш билан боғлиқ бўлган барча ташкилий ишлар кўп ўтмай  ниҳоясига етади.

Худди шунингдек, Гулистон, Сирдарё, Сайхунобод,  Оқолтин туманлари томонидан 200 нафардан болаларни стацсионар оромгоҳларда соғломлаштириш учун “Сирдарё” оромгоҳи ҳудудидаги бириктирилган бинолар мавсумга тайёрланмоқда, уларни таъмирлаш, зарур жиҳозлар, асбоб-ускуналар, ёнғинга қарши ўт ўчириш воситалари, транспорт ва алоқа воситалари билан  таъминланмоқда.

Оромгоҳларда таълим-тарбиявий ишларни ташкил этиш, уларни малакали педагог ва этакчилар билан таъминлаш асосий масала ҳисобланади. Бу борада ишчи гуруҳи ташкил этилиб масъуллар ўз фаолиятини бошлаб юборди. Айни кунларда  гуруҳ касаба уюшмалари ташкилотлари  билан ҳамкорликда мавсум давомида оромгоҳларнинг педагог кадрларга бўлган эҳтиёжини аниқлаб, мавсумда оромгоҳларда фаолият олиб борадиган педагог ходимлар, тарбиячи, етакчи ва тўгарак раҳбарларининг энг муносибларини танлаш ишларини амалга ошираётир.

Жорий мавсумда оромгоҳларга юбориладиган педагог ходимларнинг малакасини ошириш бўйича ўқувлар ташкил этилиш  режалари  ишлаб чиқилди.  Шуниси эътиборлики, бу йилги мавсумда Гулистон давлат университети рахбарияти билан келишган ҳолда оромгоҳларга чет тили мутахассислиги бўйича ўқиётган талабаларни жалб этиш амалиёти ишлаб чиқилди.

Барча оромгоҳларда кўчма кутубхоналар фаолият кўрсатиши кўзда тутилган. Уларда бадиий адабиётлар, газета ва журналлар мунтазам бўлиши таъминланади. “Маънавият ва маърифат хоналари” зарур жиҳозлар билан таъминланади, ҳудудни “Соғлом она ва бола йили”ни акс этгирувчи турли мавзулардаги плакатлар, баннерлар, таълим-тарбиявий йўналишдаги шиорлар, кўргазмали воситалар билан безатиш ишлари бошлаб юборилган. 1 майга қадар оромгоҳларнинг ҳаммаси спорт жиҳозлари билан етарлича таъминланади.

Кундузги оромгоҳлар ташкил этиладиган ўқув муассасаларининг ошхона, спорт хоналари, спорт жиҳозлари, спорт майдончалари ва ётоқхоналарини 1 июнга қадар болаларни қабул қилиш учун тайёр ҳолатга келтирилади.

“Меҳнат ва дам олиш” оромгоҳлари ташкил этиладиган корхона ва ташкилотлар номи, уларда амалиёт ўташи ҳамда дам олиши режалаштирилган касб-ҳунар коллежлари ўқувчилари сони, оромгоҳлар ташкил этиладиган муддатларини аниқлаштириш жараёни бораётир.

Бу йил 80 нафар “Болалар шаҳарчаси” тарбияланувчиларини оромгоҳларда соғломлаштриш режа қилинган.

Доимгидек, болаларга малакали тиббий хизмат кўрсатиш, оромгоҳларда озиқ-овқат маҳсулотлари сифатини санитария-гигиена талабларига риоя этилишини назорат қилиш бўйича вилоят ишчи гуруҳи ташкил этилди. Оромгоҳларга хизмат кўрсатадиган шифокорлар рўйхати шакллантирилди. Улар учун ўқув-семинарларни ташкил этиш бўйича ўқув дастур, тиббиёт ходимлари учун зарур услубий қўлланмалар лойиҳалари ишлаб чиқилди.

Тиббиёт ходимларига методик ёрдам тариқасида тиббий қўлланмалар (зарурий ҳужжатлар, журнал, тиббиёт хоналарини жиҳозлаш, болалар орасида тиббий профилактика ишларини ўтказиш дастури, касалликлар профилактикаси бўйича плакатлар, буклетлар) тайёрлаш ҳам кўзда тутилган.

“Сирдарё дори-дармон” шўъба корхонаси, вилоят давлат санитария-епидемиология назорати маркази ва хўжалик ҳисобидаги профилактик дезинфексия стансияси билан биргаликда оромгоҳларни дезинфексиялаш, малакали шифокор ва ҳамширалар, тиббий жиҳозлар, музлатгич ва зарур ваксиналар, дори-дармонлар билан мавсум бошланиши олдидан тўлиқ таминлаш ҳамда озиқ-овқат маҳсулотлари сифатини назорат қилиб бориш бўйича алоҳида вазифалар белгилаб берилди.

Болаларни ватанпарварлик руҳида тарбиялаш, уларда мафкуравий иммунитетни шакллантириш мақсадида оромгоҳларга театр, ижодий жамоалар, адиблар, шоирлар, спорт усталари, рассомларни жалб этиб, болалар учун маданий-тарбиявий тадбирларни, турли лойиҳа ва аксиялар, спорт мусобақаларини ташкил этиш бўйича барча оромгоҳларни қамраб олувчи манзилли дастурлар  лойиҳалари  ишлаб чиқишга киришилди. “Камолот” ёшлар ижтимоий ҳаракати оромгоҳлардаги гуруҳларга бериладиган номлар, шиорлар, тадбирларни ўтказиш бўйича ссенарийлар намуналарини, болалар билан турли интерфаол ўйинлар, тадбирларни ташкил этиш бўйича мавжуд тавсиялар тайёрлади.

Оромгоҳларда фаолият юритадиган этакчилар рўйхати шакллантирилиб, “Баркамол авлод” болалар маркази ҳамда ҳаракат тасарруфидаги ўқув-услубий марказлар базасида уларнинг ўқувлари ташкил этилмоқда.

Бир сўз билан айтгнада болаларнинг ёзги таътиллари яхши ўтиши учун вилоятда ҳар қачонгидан пухта ҳозирлик кўрилмоқда.

 

Озода МАМАДАЛИЕВА,

“Ishonch” мухбири

 

 

Print Friendly, PDF & Email
Click to listen highlighted text!