Click to listen highlighted text!

ВЕЛОСИПЕД – САЛОМАТЛИК ВОСИТАСИ

Аҳоли ўртасида   спортнинг оммавийлигини ошириш орқали  соғлом турмуш тарзи барқарорлигини таъминлаш масаласи  жамиятимиз олдида турган  долзарб мавзулардан бири ҳисобланади. Бу борада касаба уюшмалари томонидан тизимли ишлар  амалга оширилмоқда.

Мана, беш йилдирки, касаба уюшмалари тизимида спортнинг велоспорт турини оммавийлаштириш учун кенг тарғибот-ташвиқот ишлари олиб борилаётир, ҳамда бошланғич ташкилотларда ҳаваскор велоспортчилар ўртасида “Kaсaбa –Tур” веломарафонини ўтказиш анъанага айланиб қолди.  Мақсад – экологик мусаффо транспорт тури бўлган велосипед спортининг оммавийлигини ошириш, бу орқали турли соҳа ходимлари саломатлигини мустаҳкамлашдан иборатдир.

– 2012 йилда дастлаб «Касаба-тур»веломарафонини бошлаганимизда корхона ва ташкилотлардан саноқлигина велоҳаваскорлар чиқишган эди, – дейди Сирдарё вилояти касаба уюшмалари ташкилотлари бирлашмаси маданий-маърифий ва спорт ишлари бўлими мудири Хайрулла Аминов. – Йиллар ўтиб, велоспортнинг оммавийлиги ошиб боряпти. Хусусан, 2014 йилда веломарафоннинг вилоят босқичида ёшлари 25 ёш ва ундан юқорини ташкил этган  250  нафар ҳаваскор велоспортчи иштирок этган бўлса, 2015 йил май ойида  ўтказилган шундай тадбирда  7 та тармоқ касаба уюшмаларидан 360 нафар ходимлар иштирок этдилар. Шуни алоҳида эътироф этиш лозимки, ҳаваскор велоспортчилар мусобақаларида эркаклар билан бир қаторда хотин-қизлар ҳам фаол иштирок этмоқдалар. Вилоят босқичида ғолиб бўлган Таълим, фан ва маданият ходимлари касаба уюшмаси Гулистон тумани кенгашига қарашли 11- МТМ тарбиячиси  Сайёра Нарзиева, Давлат муассасалари ҳамда жамоат хизмати  ходимлари касаба уюшмаси аъзолари, Гулистон шаҳар статистика бўлими ходими Ҳалима Қулжонова ва ИИБ қошидаги МТМ тарбиячиси Шоҳида Мирзаёровалар веломарафоннинг республика босқичида ҳам иштирок этиб қайтдилар.

Мана бу йил ҳам ушбу анъанани давом эттириш мақсадида Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Кенгаши Раёсатининг   “Ҳаваскор велоспортчилар ўртасида “Kaсaбa –Tур” веломарафонини ўтказиш тўғрисида”ги 2-51 “с” сонли қарори эълон қилинди. Ушбу қарорга кўра шу  йилнинг апрель-май ойларида тармоқлар касаба уюшмаларининг туман, шаҳар кенгашлари тасарруфидаги корхона, ташкилот ва муассасаларидаги ҳаваскор велоспортчилар ўртасида “Касаба–Тур” веломарафони ўтказилади.

velo02

Шу кунларда ушбу қарор Сирдарё вилояти касаба уюшмалари ташкилотлари бирлашмаси тасарруфидаги барча бошланғич ташкилотларга етказилиб, жойларда ҳаваскор велоспортчилар ўртасида мусобақалар бошланиб кетди.

-Бизнинг филиалимизга қарашли почта бўлимларида 280 нафар ходимлар ишлайди. Хушхабарчиларимиз сони 63 нафарни ташкил этиб, экологик мусаффо транспорт тури бўлган велосипедда аҳолига хизмат кўрсатадилар. Бу билан нафақат экология софлигига ўз ҳиссаларини қўшадилар, балки ўз саломатликларини ҳам таъминлайдилар, -дейди «Ўзбекистон почтаси»АЖ Сирдарё филиали почтаси бошланғич касаба уюшма  қўмитаси раиси Ў.Умрзоқов.

Ҳаваскор велоспортчилар ўртасида мусобақалар уч босқичда давом этиб, бошланғич ташкилотларда ўтказилган спартакиадалар ғолиблари, туман-шаҳар босқичларида куч синашадилар. 14 май куни Гулистон шаҳрида веломарафоннинг вилоят босқичи энг кучли жамоалар  вакилларини жам қилади. Демак, энг қизғин баҳслар ҳали олдинда.

 

Зебо  Ҳайдарова

Print Friendly, PDF & Email
Click to listen highlighted text!