ЖАЖЖИ ИСТЕЪДОДЛАР НАМОЙИШИ
“Болаларни ватанпарварлик руҳида тарбиялаш ва уларнинг маънавий баркамол инсонлар бўлиб вояга етишига хизмат қиладиган болалар қўшиқлари, шеърлари ва куйларини яратиш бўйича республика ижодий танлови” Низомига асосан ижодий кўрик-танловининг Сирдарё вилоят босқичи бўлиб ўтди. Шу куни болажонларнинг завқ ва ҳаяжонлари ҳакамлар ҳайъатига ҳам кўчди.
Гулистон шаҳар 1-сонли Болалар мусиқа ва санъат мактаби залида ташкил этилган мазкур танловда туман, шаҳарларда ғолиб бўлган умумтаълим мактабларининг 4-7 синф ўқувчиларидан 50 нафардан зиёди иштирок этишди.
Хакамликни шу соҳанинг малакали мутахассислари амалга оширишди.
– Мазкур кўрик-танлов ўқувчиларнинг шеър ёзиш, мусиқа яратиш, қўшиқ куйлаш бўйича ижодларининг очилмаган қирраларини янада ривожлантиришга муҳим қадам бўлди,- дейди биз билан суҳбатда таълим, фан ва маданият ходимлари касаба уюшмаси Гулистон шаҳар Кенгаши раиси Фарҳод Таштанов.
Ғолиблар вилоят касаба уюшмалари ташкилотлари бирлашмасининг қимматбаҳо совғалари билан тақдирланиб навбатдаги республика босқичига йўлланма олишди.
Озода МАМАДАЛИЕВА,
“Ishonch” мухбири