Click to listen highlighted text!

Бугун Гулистон шаҳрида “Ёш ўт ўчирувчи”лар республика мусобақасига старт берилади

Бугун – 29 май куни Сирдарё вилоятида умумтаълим мактаблари ва ўрта махсус, касб-ҳунар таълим коллаежлари ўқувчилари ўртасидаги “Ёш ўт ўчирувчи” мусобақасининг республика босқичига старт берилади.
Мусобақа республика Ички ишлар, Халқ таълими вазирликлари, Ўрта махсус, касб-ҳунар таълими маркази ҳамда Ўзбекистон Ёшлар Иттифоқи Марказий кенгаши ва бошқа ташкилотлар ҳамкорлигида ташкил этилмоқда.
Беллашувнинг қуйи босқичида ғолибликни қўлга киритган Қорақалпоғистон Республикаси, Тошкент шаҳри ва барча вилоятлардан умумтаълим ҳамда ўрта махсус, касб-ҳунар таълими муассасаларининг ўқувчиларидан ташкил топган жамоалар баҳс олиб боради.
Мусобақада бу йил биринчи марта ўрта махсус, касб-ҳунар коллежларида таҳсил олаётган ўқувчилардан ташкил топган “Ёш ўт ўчирувчи” қиз болалар жамоалари ҳам иштирок этмоқда.
– Вилоятимиз шарафини ҳимоя қилаётган “Ёш ўт ўчирувчи” қиз болалар жамоаси асосини коллежимиз ўқувчи-қизлари ташкил этади, – дейди Гулистон Олимпия заҳиралари коллежи директори вазифасини бажарувчи Илҳом Мадазимов. – Гарчанд, ўғил ва қиз болалар ўртасидаги баҳслар алоҳида-алоҳида ўтса-да, фавқулотда ҳолатда ёнғин хавфига қарши курашда қизларимиз ҳам нималарга қодир эканларини, ўғил болалардан асло қолишмасдан кўрсата билиишларига ишончим комил.
Куни кеча Гулистон шаҳридаги “Чеҳра палас” меҳмонхонасининг конференц-залида беллашувларига қуръа ташлаш маросими бўлиб ўтди. Унда мусобақа ташкилотчилари, беллашувни бошқариб борувчи ҳакамлар ҳайъати ҳамда барча жамоаларнинг вакиллари иштирок этди.
Бугун Гулистон шаҳридаги марказий стадионда ҳамда Сирдарё вилоят ИИБ ёнғин хавфсизлиги бошқармасида мусобақаларга старт берилади.
Мазкур беллашувда иштирок этаётган ўрта махсус, касб-ҳунар таълими муассасалари ўқувчиларидан “Ёш ўт ўчирувчи” халқаро мусобақасида иштирок этувчи Ўзбекистон терма жамоасининг таркиби шакллантирилади.
Эслатиб ўтамиз, беллашувлар жорий йилнинг 31 май куни поёнига етади.

А.ҚАЮМОВ.

Print Friendly, PDF & Email
Click to listen highlighted text!