Click to listen highlighted text!

Қақраган чўл ўрнида матонатли меҳнат эвазига барпо этилган Сирдарё вилоятида кўп йиллар давомида асосан аграр соҳада меҳнат қилинди. Телевидение орқали Сирдарё тўғрисида намойиш этилган лавҳаларда ҳам чигит экиш бошлангани ва терим жараёнлари кўрсатилар эди, холос. Республикамизда вилоят имижи йўқ ҳисоби эди. Туман, шаҳар марказларида фойдаланишга топширилган иншоотлар сони ҳам сийрак бўлиб, булар инновацияга хизмат қилмасди.

          Мамлакат пойтахтига энг яқин Сирдарё ҳудуди тўғрисида тасаввур етарлича бўлмаган ҳам. Таълим, шифо, дам олиш, қўйингки, каттароқ харид учун ҳам пойтахтга, қўшни вилоятларга борилган…
Сўнгги йилларда муносабат, аҳвол буткул ўзгарди. Сирдарё номи тез-тез тилга олинадиган бўлди. Ўзгараётган Сирдарё бугун кўпчиликнинг эътиборини тортмоқда. Янгиликларни қаламга олган журналистлар «Сирдарёнинг сирлари» ҳақида ўз таассуротларини баён қилишаётир. Бугун мамлакатимиз Сирдарё намунаси, унинг илғор тажрибаларига гувоҳ бўлаётир.
Дарҳақиқат, давлатимиз раҳбари ташаббуси билан вилоятни ривожлантиришга қаратилган улкан лойиҳалар ҳаётга татбиқ этилмоқда. Вилоятнинг ички имкониятлари, иқтисодий салоҳияти ортиб, кўплаб хорижий сармоядорлар ҳудудга фаол инвестициялар жалб қилишмоқда.
Айтиш мумкинки, сўнгги уч йилда ақлни лол қолдирувчи тезликда ўзгаришлар бўй кўрсатди. Вилоятда йирик салоҳиятли корхоналарни ишга тушириш, бунга хорижлик ҳамкорларни жалб этиш борасида дадил қадамлар ташланди. Буни ҳудудда иш бошлаган кўплаб қўшма корхоналар мисолида ҳам кўриш мумкин.
Тиббиётга тегишли кўпгина буюмлар, кийим-кечак, чарм маҳсулотлари, қурилиш молларининг сифати ва сони кўпайтирилди. Эндиликда ишлаб чиқариш мураккаб бўлган хонадон лифтлари, «ақлли» эшик, қўл телефони, планшет каби электроника маҳсулотлари сирдарёлик меҳнаткашлар томонидан тайёрланмоқда.
«Пенг-шенг», «Сирдарё мега люкс» қўшма корхоналари, «Сирдарё универсал ойна» МЧЖ маҳсулотлари ¬кўплаб мамлакатларга экспорт қилинмоқда.
Яқинда вилоятда бўлиб ўтган I Халқаро инвестиция форуми ишида 200 тадан ортиқ хорижий компаниялар раҳбарлари иштирок этди. Уларнинг қизиқиш ва эътирофлари имзоланган қатор шартнома ва истиқболли режаларда акс этди. Бу лойиҳалар вилоятнинг эртаси бугунидан яхши бўлишига далолатдир.
Миришкор деҳқонлар ерга ишлов бериш, экин экиш борасида ҳам замонавий усуллардан фойдаланмоқда. Илмий ёндашув ва тажрибага суянган ҳолда юқори ҳосилдорликка эришилмоқда. Бозорни ўрганиб, фойдали экинлар экаётган деҳқонни ҳақиқий ишбилармонга айланди дейиш мумкин.
Кези келганда, табиий газ, электр энергияси, ичимлик суви таъминотларини яхшилаш, канализация тизимини такомиллаштириш бўйича ҳам салмоқли ишлар бажарилаётганини таъкидлаш лозим. Неча километрлик масофадан чучук Зомин суви келтирилиши аҳоли кўнглидаги иш бўлди. Айни пайтда барча хонадонларни боғловчи сув қувурлари ётқизиш ишлари якунига етай деб қолди. Бу хайрли иш амалга оширилгач, аҳолининг кўп йиллик тоза ичимлик сувига бўлган эҳтиёжи қондирилади.
Юрт тараққиёти, фаровон турмуш ҳар бир ватандошимизнинг устувор мақсадига айланган. Ҳар бир ютуқ замирида чин дилдан бажарилган меҳнат, шу билан бирга давлат ва нодавлат ташкилотларнинг ҳамжиҳатлиги мужассам.
Вилоят маркази Гулис¬тон шаҳрида қисқа фурсатда катта ҳажмдаги ишлар амалга оширилди. Янгидан қурилиши, реконструкция қилиниши ва мукаммал таъмирланиши режалаштирилган объектлар ишга туширилди. Хотира майдони, Юрт байроғи майдони, Билимдонлар мас¬кани, вилоят мусиқали драма театри, кенгашлар уйи, 1500 ўринли амфитеатр каби аҳоли дам олиш масканлари шаҳар фусункорлигини оширди. Бу масканларда аллақачон турли ¬фестиваль ва сайиллар ташкил этилиб, уларда аҳоли ва меҳмонлар ҳордиқ чиқаришмоқда.
Шаҳар меъморий қиёфасини яхшилаш бўйича амалга оширилган режали ишлар ҳам таҳсинга лойиқ. Эски, кўримсиз бино ва иншоотлар ўрнида замонавий ва қулай уй-жойлар, маиший хизмат кўрсатиш ва савдо шохобчалари ҳамда маданий дам олиш марказлари бунёд этилмоқда. Жорий йилдан қурилиши бошланган «Guliston City» замонавий шаҳарчанинг умумий ер майдони 45 гектарни ташкил қилади.
Таъкидлаш жоизки, улкан ўзгариш ва ривожланиш¬лар ҳудуднинг барча қисмига тегиш¬ли. Айниқса, Янгиер шаҳрида янги санаторий қурилаётгани барчани хушнуд этди. Юртдошларимиз, айниқса, вилоят аҳолиси саломатлигини тиклаши учун қулай шарт-шароит яратиш мақсадида 31, 3 гектарлик майдонда бугун қурилиш ишлари авжида. Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси тасарруфидаги «Капитал қурилиш» бошқармаси ходимлари томонидан қурилиш ишлари олиб борилмоқда. Лойиҳа қиймати 67 миллиард сўмдан ошиқ. Шу йилнинг декабрь ойида фойдаланишга топширилиши кутилаётган иншоот ҳудудида айни дамда 250 нафар қурувчи меҳнат қилмоқда. Ўйлаймизки, ушбу гўзал маскан юртимиз аҳолисини Сирдарёга чорловчи омиллардан бири бўлади.
Ҳа, Сирдарё улкан ўзгариш¬лар майдонига айланган. Айниқса, Гулистон бугун номига муносиб бўлиб, ҳақиқий гўзаллик касб этган. Кечаси шаҳарни сайр қилган киши порлаб турган сон-саноқсиз чироқлар, мусиқий фавворалар, замонавий йўлакчалар, ўриндиқларни кўриб бир зумда чарчоғи ёзилади. Кундузги қиёфа ҳам янада кўркам, суюмли. Товланиб турган биноларга боқиб, завқланиб беихтиёр хаёлингизга «оқ шаҳар» деган таъриф келади.

Рустамбек ТУРСУНМУРОДОВ  вилояти касаба уюшма ташкилотлари бирлашмаси кенгаши раиси

Print Friendly, PDF & Email
Click to listen highlighted text!