АЁЛ ИШ ЖОЙИДА. УНГА ҚАНДАЙ ИМТИЁЗЛАР БОР?
Сирдарё вилояти касаба уюшмалари ташкилотлари бирлашмасининг Хотин-қизлар комиссияси томонидан корхона, ташкилотларда меҳнат қилаётган хотин-қизлар учун яратилган шароитлар, жамоа шартномаларида улар учун кўзда тутилган қўшимча имтиёзларнинг бажарилиши доимий назоратга олинган.
-Аёллар бандлигини таъминлаш, унинг ишлаш шароитини яхшилаш асосий масалаларимиздан биридир, -дейди вилоят касаба уюшмалари ташкилотлари бирлашмаси Хотин- қизлар комиссияси раиси Раъно Абдалимова. – Бу масала нафақат аёлнинг, балки унинг оиласи, фарзандлари манфаатлари билан алоқадорлиги жиҳатидан диққатлидир.
Жамоа шартномаси -муҳофаза мезони
Ўзбек энерго АК Сирдарё ҳудудий электр тармоқлари АЖда ишловчи 1118 нафар ходимнинг 118 нафари хотин-қизлардир. 2014- 2016 йилларга мўлжалланган жамоа шартномасида аёллар учун қўшимча имтиёзлар кўзда тутилган бўлиб унинг намунавий бажарилишига эришилди. Ходимларнинг ишлаши, хусусан уларнинг дам олиш ҳамда аёллар гигиена хонаси тўғри ташкил этилган. Ходимлар, шунингдек, аёллар мавсумий кийим- бош билан тўлиқ таъминланган. Жамоа шартномасига асосан ҳомиладорлик ва туғиш таътилида бўлган аёлларга таътил пуллари бериш, байрамлар муносабати билан рағбатлантиришлар амалга оширилган.
Ходимларнинг 12 нафари 3 ёшга тўлмаган фарзанди бор аёллар учун белгиланган имтиёздан фойдаланишади. 16 ёшга тўлмаган ногирон фарзанди бор 2 нафар ходимлар учун ҳам қисқартирилган иш куни жорий этилган.
Боёвут туманида жамиятга қарашли ташкил этилган ёрдамчи хўжалик ходимларни бепул сут билан таъминлаб турибди. Хўжаликда жами 80 бош қорамол парвариш қилинади. Зарарли меҳнат шароитида ишловчи ҳар бир ишчига эрталабдан 0,5 литр янги соғилган сут берилади, шунингдек, барча ишчи ходимларга жорий нархлардан 30 %лик чегирма билан тарқатилади. Бундан ташқари заррали иш жароитида меҳнат қилувчи ходимлар учун нафақага эрта чиқиш тартиби амал қилб келмоқда.
-Бу йил аёл ходимлар йил Дастурига мувофиқ чуқурлаштирилган бепул тиббий кўрикдан ўтказилиши белгиланган, – дейди касаба уюшмаси раҳбари Шавкат Мирзабеков.- Бу аёлларимизнинг саломатликлари доим назоратда бўлишини, уларнинг унумли меҳнат қилиларини таъминлайди.
Ўтган йили аёл ходимларнинг 38 нафари “Нурафшон” санаториясида дам олган бўлсалар, тизимга қарашли даволаш профлакториясида 25 нафар хотин қизлар саломатликлари тикланишига эришилди.
– “Меҳнатимдан қадр топдим”
Шу ўринда ташкилотда узоқ йиллардан буён меҳнат қилаётган ходимлар ҳақида ҳам ёзишимиз ўринли бўлади. Инженер муҳандислар Ҳафиза Пардаева, Лена Иванова, Озода Жуманова, Назира Тошбековаларнинг ҳар бирлари бу жамоада 20 йилдан буён меҳнат қилишмоқда.
-Ишчиларимиз, айниқса, ишчи аёлларимизга ҳар тарафлама эътибор кучли, – дейди суҳбатимизга қўшилган ташкилот касаба уюшма аъзоси Лола Омонова. – Ўзим ҳам яқин 30 йил шу ерда меҳнат қилиб келаяпман.
Бу ёшгина аёлнинг корхонадаги умумий иш стажини эшитиб, очиғи, ҳайрон бўлдик, Лола опа кулиб, мактабни битирганданоқ шу ерга ишга келгани, кейинчалик, Ширин Энергетика коллежини тамомлаб чилангар бўлиб ишлаб қолганини гапириб берди. Опанинг юзу-кўзидан бахтлилиги, ишидан, ҳаётидан мамнунлиги кўриниб турарди. Дарвоқе, опа меҳнати ортидан қадр топганлардан. 2014 йилда соҳанинг “Энергетика фахрийси” унвони билан тақдирланди. Ташкилотда бундай мукофот эгалари сафида аёлларнинг кўплиги жамоага бўлган ҳавасимизни орттирди. Узоқ муддат бир жойда безимай, қобилиятни ошириб ишлаш учун, албатта, жамоа аҳиллиги, кўмаги муҳим саналади. Демак, ташкилотда ана шу жипслик, ўзаро ҳурмат мукаммал дея оламиз.
Бу ерда оилавий меҳнат қилаётганларни ҳам учратишимиз мумкин. Юқори кучланиш бўлими ишчилари Дилбар ва Фарҳод Исроиловлар, операторлар Насиба ва Хурсан Дюметовлар оилада ҳам, иш жараёнида ҳам бир- бирларини тушуниб меҳнат қилишаётгани бизни ҳаваслантирди.
Узоқ йиллик меҳнат, ишдаги машаққатлар ёшлиги ва гўзаллигига таъсир этмаган, касбига ҳурмати, жамоасига тушган меҳри сўзларида маълум бўлган аёллар билан суҳбатлашарканмиз, муносиб иш шароити аёлни қийналмай ишлашига, ўз уйига айланиб ҳотиржамлик беришига амин бўлдик.
Озода МАМАДАЛИЕВА,
“Ishonch мухбири”