– Кейинги босқичга йўл олдик – МАРРА ЧИЗИҒИДАН ЎЗИБ
Шу кунларда Сирдарё вилоятида тармоқ касаба уюшмаларининг туман, шаҳар кенгашлари бошчилигида Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Кенгаши Раёсатининг “Ҳаваскор велоспортчилар ўртасида “Kaсaбa –Tур” веломарафонини ўтказиш тўғрисида”ги 2-51 “с” сонли қарори, “Корхона,ташкилот,муассасалар ва маҳаллалардаги ҳаваскор велоспортчилар ўртасида ўтказиладиган “Касаба-Тур” веломарофинининг Низоми асосида биринчи босқич ғолиб ҳаваскор велоспортчилари ўртасида “Касаба–Тур” веломарафони баҳслари ўтказилмоқда.
Вилоятнинг Мирзаобод, Сардоба, Оқолтин туманлари , Янгиер ва Гулистон шаҳарларида бўлиб ўтган байрамона тадбирлар юқори тайёргарликни намойиш этди.
Оқолтин тумани тадбири очилиши туман маданият ва спорт ишлари бўлими бадиий ҳаваскорлик жамоасининг концерт Дастури билан бошланди.
Шундан кейин, мактаб ўйингоҳида 20-35 ёшлилар ва 35 ва ундан юқори ёшли ҳаваскор велоспортчилар саф тортишди. Мусобоқани 20-35 ёшли ҳаваскор велоспортчилар бошлаб беришди.
Мусобоқа натижаларига кўра марра чизиғига биринчилардан 20-35 ёшлилар ўртасида 3-мактаб ишчиси Ёдгоржон Мирзамухаммедов, 35 ва ундан юқори ёшли ҳаваскор велоспортчилар орасида 14-мактаб ўқитувчиси Қаҳҳор Самаровлар етиб келишиб мусобоқанинг вилоят босқичида иштирок этиш ҳуқуқини қўлга киритдилар.
– 2016 йил “Соғлом она ва бола йили” дастури доирасида ишчи-ходимлар ўртасида ўтказилган “Kaсaбa-Tур” веломарафони Оқолтинда велоспортнинг оммавийлигини янада оширишда ҳамда ишчи –ходимларнинг саломатлигини мустаҳкамлаш, соғлом турмуш тарзини тарғиб қилиш йўлида беминнат хизмат қилади,- дейди таълим, фан ва маданият ходимлари касаба уюшмаси Оқолтин туман кенгаши раиси Рахмат Билолов.
Айни тадбир Гулистон шаҳар Марказий ўйингоҳида ҳам бўлиб ўтди. Веломарафонда 17 та ташкилотдан 1-босқичда ғолиб бўлган иштирокчи ходимлар орасидан 34 нафар иштирокчилар қатнашдилар. Улардан 8 нафари аёллар бўлишди.
-Ҳаммаси жуда яхши ўтди. Эришган натижамдан қувониб кетдим. Юқори тайёргарлик билан ташкил этилган бу спорт тадбири ўзимизни маҳоратли спортчилардек ҳис қилдирди, – дейди ғолиба Камола Аданова. – Ташкилотчиларга раҳмат.
Веломарафон натижаларига кўра эркак ва аёллар ўртасида 20-25 ёшлилар бўйича Одил Расулов, Аданова Камола, 35 ёшдан юқори ёшдаги қатнашчилар бўйича Дилавер Абляев ва Асатова Гулноралар ғолиб бўлиб навбатдаги босқич иштирокчиси бўлишди.
Шунингдек, иштирокчилар “Энг маҳоратли пойгачи”, ”Ғалабага бўлган интилиши учун” номинациялари билан ҳам эътироф этилдилар.
“Касаба –Тур” веломарофони ташкилий қўмитаси томонидан ғолиб ва совриндорларга туман, шаҳар кенгашларининг эсдалик совғалари ва 1,2,3-даражали дипломлари тантанали равишда топширилди.
Озода МАМАДАЛИЕВА,
“Ishonch” мухбири