АЁЛЛАР СПОРТ ФЕСТИВАЛИ ВИЛОЯТ БОСҚИЧИ БЎЛИБ ЎТДИ

             Шу кунларда юртимиз бўйлаб, қолаверса, вилоятимиз ҳудудларида “Фидойинг бўлгаймиз сени, Ўзбекистон!” шиори остида турли маънавий-маърифий тадбирлар ва спорт мусобақалари бўлиб ўтмоқда.
Яқинда Гулистон шаҳридаги “Алпомиш” спорт мажмуасида Сирдарё вилоят хотин қизлар қўмитаси, “Маҳалла” хайрия жамоат фонди вилоят бўлими, Ўзбекистон Ёшлар Иттифоқи вилоят Кенгаши, вилоят халқ таълими бошқармаси, вилоят касаба уюшмалари ташкилотлари бирлашмаси, “Соғлом авлод учун” ҳукуматга қарашли бўлмаган халқаро хайрия фонди вилоят бўлими ҳамкорлигида “Аёллар спорт фестивали”нинг вилоят босқичи юксак савияда ташкил этилди. Унда туман ва шаҳар маҳаллаларида алоҳида эътиборда турувчи оилалар аёллари, уй бекалари, жами 223 нафар аёллар иштирок этдилар. Иштирокчилар спортнинг енгил атлетика, волейбол, стол тенниси, сузиш, шахмат ва дартс турлари бўйича ўзаро баҳслашди.

 

         – Стол тенниси бўйича мусобақалар жуда қизиқарли бўлди. Мен унда қатнашиб, рақибаларимдан устунлигимни намоён қилдим ва фахрли 1-ўринни эгалладим, – дейди Мирзаобод туманидаги Оқолтин МФЙ да истиқомат қилувчи уй бекаси Динара Мамажонова.
– Менга эса енгил атлетика бўйича 1-ўрин насиб этди. Оила аъзоларим мени қўллаб-қувватлаб туришгани учунми, чаққон ҳаракат қилдим ва мақсадга эришдим, – дейди кулиб Гулистон шаҳридаги Тараққиёт маҳалласидан Гулчеҳра Қундузова.
Узоқ давом этган беллашувлардан кейин иштирокчилар муҳташам “Наврўз” тўйхонасида бир пиёла чойга таклиф этилдилар. Шундан сўнг фестивалнинг фаол иштирокчиларини тақдирлаш маросими бўлиб ўтди. Тақдирлаш маросимида вилоят хотин-қизлар қўмитаси раиси Дилфуза Ўролова иштирок этди.
Тадбирда сўзга чиққанлар томонидан мамлакатимизда хотин-қизлар ўртасида спортни янада оммалаштириш орқали уларнинг саломатлигини мустаҳкамлаш, оилаларда соғлом турмуш тарзини қарор топтиришга қаратилаётган алоҳида эътибор юксак самаралар бераётгани таъкидланди.
– Бу гал ҳаваскор спортчи аёлларимиздан иборат жамоаларни тақдирлашнинг янги услубини қўлладик, – дейди вилоят хотин-қизлар қўмитаси раиси Дилфуза Ўролова. – Яъни жамоаларнинг иштирокига қараб, 11 та номинацияда диплом ва совғалар ажратилди. Бу аёллар спорт фестивалигина эмас, балки дўстлик байрами, тинчлик ва фаровонлик байрамидир.
Олқишлар остида Оқолтин тумани жамоасига “Энг ҳалол ўйнаган жамоа”, Сардоба тумани жамоасига “Энг маҳоратли жамоа”, Ширин шаҳар жамоасига “Энг ёши улуғ жамоа”, Мирзаобод тумани жамоасига “Энг фаол жамоа”, Янгиер шаҳар жамоасига “Энг аҳил жамоа”, Сирдарё тумани жамоасига “Ғалабага бўлган интилиши учун”, Ховос тумани жамоасига “Энг шиддатли жамоа”, Боёвут тумани жамоасига “Энг интилувчан жамоа”, Гулистон тумани жамоасига “Энг латофатли жамоа”, Гулистон шаҳри жамоасига “Энг ёш жамоа”, Сайхунобод тумани жамоасига “Энг моҳир жамоа” номинациялари берилди ҳамда жамоаларнинг ҳар бир аъзосига ҳомий ташкилотларнинг эсдалик совғалари топширилди.

 

Зебо  Ҳайдарова

Print Friendly, PDF & Email