Click to listen highlighted text!

СИРДАРЁДА “ДАВЛАТ ВА ЖАМИЯТ ЎРТАСИДАГИ МУЛОҚОТ РИВОЖИДА ОМБУДСМАННИНГ ЎРНИ” МАВЗУСИДА СЕМИНАР БЎЛИБ ЎТДИ

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (Омбудсман), Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилотининг Ўзбекистондаги лойиҳалари координатори офиси, Сирдарё вилояти , Сирдарё вилоят касаба уюшмалари ташкилотлари бирлашмаси ҳамкорлигида ташкил этилган тадбирда “Тараққиёт стратегияси” маркази, вилоят ҳуқуқни муҳофаза қилиш идоралари, соғлиқни сақлаш бошқармаси, хотин-қизлар қўмитаси, “Маҳалла”, “Нуроний” жамғармаларининг вилоят бўлимлари масъул ходимлари, нодавлат нотижорат ташкилотлар ва оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этишди.
Дастлаб сўз олган ЕҲХТнинг Ўзбекистондаги лойиҳалар координатори катта маслаҳатчиси Юрген Бекер семинар қатнашчиларига семинарни ўтказишдан мақсад, хусусан, шундай семинарлар республикамизнинг 8та ҳудудида ўтказилгани, ушбу семинар якуний -8-нчи семинар эканини айтиб, иштирокчиларни фаолликка чақирди.
Сўзга чиққан маърузачилар – вилоят ҳокимининг ўринбосари Эркин Мўминов, “Тараққиёт стратегияси” марказининг лойиҳа координатори Диёржон Нурматов ва бошқалар мамлакатимизда инсон ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш, қонун устуворлигини таъминлаш давлатимиз сиёсатининг устувор йўналишларидан бири экани таъкидланди.
– Бир йил давомида умумхалқ муҳокамасига қўйилиб, ҳалқнинг иродаси ва ҳоҳишларини акс эттирган, фуқароларнинг сиёсий, ижтимоий ва иқтисодий ҳуқуқлари ва эркинликларини ўзида жам этган Конститциямиз давлатимизнинг инсон ҳуқуқлари бўйича позицияси ҳақида тўлақонли тасаввурга эга бўлиш учун етарли, – дейди Сирдарё вилояти ҳокимининг ўринбосари Эркин Мўминов. – Зеро, Конституциямизнинг иккинчи бўлими шу йўналишга бағишланган бўлиб, унда инсонларнинг фуқаролик ҳуқуқи, шахсий ҳуқуқ ва эркинликлари, сиёсий, иқтисодий, ижтимоий ҳуқуқ ва эркинликлари кафолати қатъий белгилаб қўйилган. Президентимиз Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йилида амалга оширилаётган ислоҳотлар бу борадаги ишларни янги босқичга кўтарди.
Семинарда 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегияси мазмун-моҳияти ва аҳамиятига алоҳида эътибор қаратилиб, у асосида қабул қилинган дастурлар, амалга оширилган ва оширилаётган ишлар хусусида атрофлича маълумот берилди.
Сирдарё вилоятида ҳам жорий йилда умумий қиймати843,2 миллиард сўмлик 1202 та лойиҳани амалга ошириш, натижада 10700 дан зиёд иш ўрни яратилиши белггилаб олинган.
– Туман ва шаҳар ҳокимликлари ҳамда тижорат банклари томонидан тақдим этилган маълумотларга кўра январь-ноябрь ойларида мазкур дастур доирасида қиймати 326,4 млрд сўмлик 800 та лойиҳалар ишга туширилиши натижасида 4059та янги иш ўринлари яратилган, – дейди вилоят ҳокимлиги масъул ходими Фарҳод Қорамирзаев. – Мисол учун, Гулистон шаҳрида умумий қиймати 1,5 млрд сўм бўлган “Сирдарё Бест Фашион” МЧЖ да трикотаж маҳсулотлари ишлаб чиқариш лойиҳаси амалга оширилиб, 500 та янги иш ўринлари яратилди. Шуни алоҳида айтиш жоизки, вилоятда етиштирилаётган пахта ҳосилининг 90 фоизи бугунги кунда вилоят саноат корхоналарида қайта ишланмоқда. Бу эса ўз навбатида юртдошларимизнинг меҳнат қилиш, меҳнатига яраша даромад олиш ва фаровон турмуш кечириш ҳуқуқини таъминлашга хизмат қилади.
Тадбирда суд-ҳуқуқ тизимини ислоҳ қилиш, фуқароларнинг ижтимоий-иқтисодий фаоллигини ошириш, инсон ҳуқуқлари бўйича миллий институтлар тараққиёти, Омбудсман ва унинг минтақавий вакиллари фаолиятини янада такомиллаштириш, давлат ва жамоат ташкилотлари ҳамкорлигини мустаҳкамлаш юзасидан фикр алмашилди.
Хусусан, Омбудсманнинг Сирдарё вилоятидаги Минтақавий вакили Камолиддин Оқбўтаевнинг “Омубдасманнинг Минтақавий вакил институти ва унинг маҳаллий давлат ҳокимияти органлари ва фуқаролик жамияти институтлари билан ҳамкорлик йўналишлари” мавзусидаги маърузаси семинар иштирокчилари томонидан қизиқиш билан кутиб олинди.
-2017 йилнинг 9 ойи давомида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Инсон ҳуқуқлари бўйича Вакилининг(Омбудсман)нинг Сирдарё вилояти бўйича Минтақавий вакилига жами 13 та ёзма ва 7 та оғзаки мурожаатлар келиб тушган. Мазкур мурожаатлар ўз вақтида кўриб чиқилиб, ижобий ҳал этилган, – деди К.Оқбўтаев. – Мисол учун, Сирдарё тумани, Ширин-5 маҳалласида яшовчи фуқаро Баратова Назигулнинг Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Инсон ҳуқуқлари бўйича Вакили(Омбудсман) номига 2017 йил 20 июль куни фуқаролик паспортини яшаётган маҳалласидаги умумий фойдаланиш уйига доимий рўйхатга қўйилишидаги муаммолар ва ушбу масалада қонуний ёрдам кўрсатилишини сўраб йўллаган аризаси ўрганилиши учун вилоят Минтақавий вакилига юборилиб, мазкур ариза “Маҳалла” хайрия жамоат фонди вилоят бўлими бошқаруви, Сирдарё тумани “Ширин” номли маҳалла фуқаролар йиғини вакиллари ҳамда ҳудуд профилактика инспектори билан биргаликда жойида ўрганилиб, фуқаро Н.Баратованинг фуқаролик паспорти ушбу манзилга доимий рўйхатга қўйилиши таъминланди.
Бундан ташқари, Минтақавий вакилга келган қўнғироқларни қабул қилиш учун 225-14-98 рақамли “Ишонч телефони” фаолияти йўлга қўйилган бўлиб, жорий йилнинг 9 ойи мобайнида фуқаролар томонидан жами 34 маротаба турли масалалар юзасидан қўнғироқлар қабул қилиниб, уларга тегишли тушунчалар берилган.
Айтиш жоизки, Минтақавий вакил томонидан Ўзбекистон Республикасининг “Ҳуқуқий ахборотни тарқатиш ва ундан фойланишни таъминлаш тўғрисида”ги Қонуни талабларига кўра, норматив-ҳуқуқий хужжатларни ижрочиларга етказилиши ҳамда моҳияти ва аҳамиятининг аҳоли ўртасида тушунтирилиши борасида ҳам бир қатор ишларни амалга ошириб келмоқда.
Жорий йилнинг 9 ойи давомида жойлардаги ташкилот, корхона ва муассасаларда Минтақавий вакил томонидан 37 маротаба семинар ва давра суҳбатлари ўтказилиб, ушбу тадбирларда 1882 нафардан ортиқ фуқаролар иштирок этишди.
Семинардан сўнг Омбудсман Котибиятининг катта референти Анвар Яшнарбеков, Минтақавий вакил ҳамда ҳамкор ташкилотлари масъул ходимлари томонидан ариза билан мурожаат қилган фуқароларни қабул қилишди ва муаммоларнинг ечимини топишда амалий кўмак кўрсатдилар.

Зебо Ҳайдарова

Print Friendly, PDF & Email

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

Click to listen highlighted text!