АНЪАНАВИЙ «САЛОМАТЛИК СПАРТАКИАДАСИ» БЎЛИБ ЎТДИ
Таълим, фан ва маданият ходимлари касаба уюшмаси Гулистон шаҳар Кенгаши томонидан тизимга тегишли ташкилотлар ходимлари ўртасида «Саломатлик спартакиадаси» турнири ташкил этилди.
Гулистон шаҳар Марказий ўйингоҳи спорт мажмуасида бўлиб ўтган очилиш маросимида шаҳар кенгаши раиси касаба уюшмалари томонидан меҳнаткашларнинг спортга қизиқиши ортиши ва мунтазам шуғулланиши учун шарт- шароит яратишга алоҳида эътибор қаратилаётганини таъкидлади. Шунингдек, фаоллик борасида фикр билдириб спартакиадада 21 ташкилотнинг ҳар биридан 16 нафардан иштирокчилар жам бўлишганини эътироф этди.
Спортнинг волейбол, стритбол, стол тенниси, шахмат, шашка турлари бўйича эркак ва аёллар ўзаро куч синашдилар.
Жамоавий баҳсларда спортнинг Волейбол турида 15-умумтаълим мактаби жамоаси, Стритбол турида 2- умумтаълим мактаби жамоалари 1- ўринни эгаллашди.
Стол тенниси турида аёллар ўртасида 9- умумтаълим мактаби вакили Камола Тўлаганова, эркаклар баҳсида 14- умумтаълим мактаби вакили Азиз Низомовларнинг қўли баланд келди.
Қизиқарли кечган шахмат баҳсларида 13 – умумтаълим мактаби ходимлари Шаҳноза Боймуродова ҳамда Исомурод Сулаймоновлар рақибларни мот қилишиб 1-ўрин соҳиби бўлишди. Мароқли Шашка юришларида Гавҳар Мирзааҳмедова (15-мактаб) ва Зокир Маъмуров (12-мактаб)лар биринчи деб топилдилар.
Ғолибларга таълим, фан ва маданият ходимлари касаба уюшмаси Гулистон шаҳар Кенгашининг эсдалик совғалари ва дипломлари берилди.
Озода МАМАДАЛИЕВА,
“Ishonch” мухбири