Click to listen highlighted text!

ЮРТБОШИМИЗ ҲАМИША ХОТИРАМИЗДА ЯШАЙДИ

       Ўзбекистон Республикасининг Биринчи Президенти, 

жаҳонда “донишманд” деб тан олинган буюк давлат арбоби, юртбошимиз Ислом Каримов вафоти муносабати билан Сирдарё вилоятининг барча ташкилот, муассаса ва корхоналарида  “Хотира соат”лари  ўтказилмоқда. 

  Сирдарё вилоят касаба уюшмалари ташкилотлари бирлашмаси фаоллар залида ташкил этилган тадбирда  сўзга чиққан бирлашма Кенгаши раиси Камолиддин Акбутаев Ўзбекистонимизнинг мустақиллик йилларида иқтисодий барқарор, саноати ривожланган мамлакатга айланиб, аҳоли турмуш даражаси кун сайин юксалиб бораётгани айнан юртбошимизнинг саъй-ҳаракатлари билан боғлиқдир, деб таъкидлади.

  Президентимизнинг 2015 йилдаги ташрифидан сўнг Сирдарё вилояти маркази Гулистон шаҳрини реконструкция қилиш тўғрисида бир неча ҳужжатлар қабул қилинганлиги, айни кунларда вилоят маркази катта қурилиш майдонига айланганлиги, замонавий турар ва нотурар жойлар қурилаётганлиги, кўчалар замонавий шаҳарга мос равишда қайта қурилаётганлиги, шаҳар аҳолисининг яшаш шароитларини яхшилаш борасида сизот сувларини қочириш борасида олиб борилган ва олиб борилаётган ишларни эътироф этди. Яқин йилларда Гулистон мамлакатимизнинг  энг замонавий шаҳарларидан бирига айланади.

 Қишлоқ аҳолиси учун муносиб турмуш шароити яратишда қишлоқ ҳудудларида намунавий лойиҳалар асосида қад ростлаган замонавий уй-жойлар муҳим аҳамият касб этди. Бугун қаерга борманг, “президент уйлари” жойларга кўрк бағишлаб турибди.

  Аграр соҳада фермерлик ҳаракати амалга оширилаётган изчил ислоҳотлар самарасида қишлоқда етакчи кучга айланиб, аҳолининг фаровон ҳаётини таъминламоқда. Шу билан бирга мамлакатимизда нодавлат нотижорат ташкилотлари, жамоат бирлашмаларига жуда кенг имтиёзлар ва имкониятлар яратилмоқда. Ушбу тизимда фаолият юритаётган ташкилотлар қонунлар ижроси устидан жамоат назорати олиб борувчи фаол кучлар, деб эътироф этилмоқда.

  – Йўлбошчимизнинг 25 йил давомида  олиб борган доно сиёсатлари  ўз натижаларини оламга кўз-кўз қилиш даври келганида ундан айрилиб қолдик. Мамлакатимизда мотам кунлари деб эълон қилинган ушбу кунларда бутун жаҳон мамлакатлари Ўзбекистонга таъзия изҳор қилиш билан бирга, Ислом Каримовнинг жаҳондаги барча давлатлар етакчиларига  ибрат бўлғуси хислатлар эгаси бўлганлиги,  бир тузумдан иккинчи тузумга силсилаларсиз олиб ўтиб, қолоқ, бир аграр республикани бугун ҳеч кимдан қарзи йўқ, озод ва обод мамлакатга айлантирганлигининг ўзи унинг етакчи сифатида ўхшаши йўқ қобилият соҳиби бўлганларини тан олишмоқда, – деди маърузачи ўз сўзида. – Юртимиз озод,  тинч  ва фаровонлиги учун ўз умрини бахшида қилган Президентимизнинг ёрқин хотираси бир умр қалбимизда қолади.

 

                Зебо Ҳайдарова.

Print Friendly, PDF & Email
Click to listen highlighted text!