Click to listen highlighted text!

ПОРЛОҚ КЕЛАЖАГИМИЗ ЭГАЛАРИ

          Гулистонда “Юрт келажаги” республика кўрик-танловининг вилоят босқичи бўлиб ўтди.

     “Камолот” ёшлар ижтимоий ҳаракати, Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим ҳамда Маданият ва спорт ишлари вазирликлари ҳамкорлигида ташкил этилган тадбирда Президентимиз раҳнамолигида истеъдодли ёшларни қўллаб-қувватлаш ва рағбатлантиришга қаратилаётган алоҳида эътибор уларнинг замон талаблари даражасида таълим-тарбия олиши, истеъдод ва салоҳиятини намоён этишида ўз ифодасини топаётгани таъкидланди.

        Президентимизнинг 2014 йил 6 февралдаги “Ўзбекистон Республикасида ёшларга оид давлат сиёсатини амалга оширишга қаратилган қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори ижроси доирасида ўтказилган танловда иштирокчилар архитектура ва дизайн, ахборот технологиялари, рационализаторлик таклифлари ва техник ишланмалар, тасвирий ва амалий санъат, адабиёт ва журналистика йўналишлари бўйича билим ва истеъдодини синовдан ўтказди.

       -Шуни ҳам айтиш жоизки, жорий йилда ушбу танловда иштирок этиш истагини билдирган ёшлар сони 2980 дан ортиқни ташкил этди, – дейди “Камолот” ЁИҲнинг Сирдарё вилоят кенгаши Матбуот хизмати етакчи мутахассиси Элёр Жўраев. – Вилоят босқичида танловнинг туман ва шаҳар босқичларидан сараланган 287 нафар йигит-қизлар иштирок этишмоқда. Уларнинг энг иқтидорлилари танлаб олиниб, республика босқичида вилоятимиз шаънини ҳимоя қиладилар.

        Барча йўналишлар бўйича 27 нафар иштирокчи танловнинг мамлакат босқичида қатнашиш ҳуқуқини қўлга киритди.

     Мен журналистика соҳасига болалагимдан қизиқаман, телевидение ва радио муҳаррирларига, газетада ишлаётган журналист ака-опаларга ҳавасим баланд, – дейди Ховос темир йўл транспорт коллежининг 3-босқич талабаси Адҳам Суҳробов. – Коллежни тугатгач албатта, Ўзбекистон Миллий университетининг журналистика факультетига ҳужжат топшираман, деб ният қилганман. Мана бугун “Юрт келажаги-2016” кўрик-танловининг вилоят босқичида қатнашиб, ушбу соҳага қизиқувчи, мақолалари кўплаб вилоят, республика газеталарида чоп этилган тенгдошларим орасида 1- ўринни эгаллаш насиб этди. Энди республика босқичига алоҳида тайёргарликлар кўриб, менга билдирилган ишончни оқлашга ҳаракат қиламан.

 

Зебо Ҳайдарова

Print Friendly, PDF & Email
Click to listen highlighted text!