Click to listen highlighted text!

ИФТИХОР ТУЙҒУСИ

Бугун  Ватанимиз мустақиллигининг 25 йиллик тўйини муносиб  кутиб олиш  ҳаётимизнинг барча жабҳасида меҳнат  қилаётган ҳар бир юртдошимизнинг чин ниятига  айланган.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг  яқинда маутбуотда эълон қилинган “Ўзбекистон Республикаси Давлат мустақиллигининг  йигирма беш йиллик байрамига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш тўғрисида”ги Қарори юртдошларимизнинг  кайфиятини кўтариб, қалбини ифтихор туйғулари билан тўлдирди. Чунки қарорда дилимиздаги гаплар, орзу умидларимиз ўз аксини топган.

Мустақиллик барча  соҳалар сингари  санъат, шу  жумладан театр санъатининг ривожланишига кенг йўл очди, катта имкониятлар  яратди.  Истиқлол йилларида соҳада улкан ўзгаришлар рўй берди, республикамиз театрлари, жумладан, вилоятимиз театри саҳнасида янги замонамиз қаҳрамонларини акс эттирган асарлар пайдо бўлди.

Санъат аҳлининг меҳнати қадр топмоқда,  умрини санъат йўлига бағишлаган фидойи санъаткорлар давлатимизнинг юксак мукофотлари  билан тақдирланишмоқда. Буни биргина ўзимнинг мисолимда айтишим мумкин.  2000 йили Ўзбекистонда хизмат  кўрсатган артист унвонига эга бўлдим.   Кейинроқ эса  “Саҳна санъати маликаси” республика фестивали совриндори бўлиш насиб этди. Жамоамиздаги яна бир неча ҳамкасбларим ҳам меҳнатлари эвазига турли давлат мукофотларига сазовор бўлишди.  Адҳам Абдуллаев, Шариф Жумаев, Мавлуда Маматиллаохунова, Зулфия Эшмуродовалар Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист унвони, Иброҳим Қосимов  “Дўстлик” ордени  соҳибларидир (ўтган  йили  ҳамкасбимиз Шариф Жумаев “Дўстлик” ордени билан тақдирланди).

         Ўзининг 41 йиллигини нишонлаш арафасида турган Сирдарё театри жамоаси  мустақиллик йилларида чин маънода юксалиш даврини бошидан кечирди. Театр репертуаридан жаҳон классикасининг дурдона асарлари, тарихий асарлар ва бугунги куннинг долзарб мавзуларидаги спектакллар муносиб ўрин олди. Жумладан,” “Қотил юраги”,  Амир Темур, Ватанга муҳаббат, садоқат мавзусидаги “Бу юрт муқаддас тупроғимдир” (“Нодирабегим”), гиёҳвандликка қарши курашга бағишланган “Тўй”, одам савдосига курашиш мавзусидаги  “Аёл қадри” (“Ойдин”), инсоний муносабатлар, меҳр-оқибат, миллий қадриятларимиз, оила муқаддаслиги,  севги ва вафони тарғиб этувчи  “97 – хона”, “Ойдинда юрган одамлар”, “Инсон ўзинг”, “Тафаккур” каби асарлар республика миқёсидаги кўрик-танлов ва фестивалларда энг яхши асарлар деб эътироф этилганлигини, олий ва фахрли ўринларга муносиб топилгани  мана шундай қутлуғ  байрамлар арафасида фахр билан тилга олсак арзийди. Бу жамоамизнинг меҳнатларига берилган юксак баҳо.

Истиқлолнинг 25 йиллик байрамига тайёрганлик  кўрилаётган айни  кунларда  ҳар биримиз ким эдигу ким бўлдик, деган саволларга мустақиллик йилларида санъат аҳлининг қадр топгани, топаётганини эътироф этиб,  эришган ибратли, хайрли ишларимиз билан жавоб берарканмиз, юрт хотиржамлиги, элнинг бахту саодати, фаровонлиги,  маънавиятимиз, маданиятимиз, санъатимиз ривожига, мустақилликни мустаҳкамлашга ўз улушимизни қўшаётганимиздан қалбимиз ғурурга тўлади.

Мана шу ғурур, ватанпарварлик туйғуси, бурч ва масъулият ҳисси   бизни ҳеч қачон тарк этмасин.

 

Озода АБДУЛЛАЕВА,
Ўзбекистонда хизмат  кўрсатган артист.

Театр арбоблари уюшмаси вилоят бўлими раиси.

 

Print Friendly, PDF & Email
Click to listen highlighted text!