Click to listen highlighted text!

ЭНГ НАМУНАЛИ МАСЛАҲАТЧИ АНИҚЛАНДИ

         Энг улуғ ва энг азиз байрам арафасида Гулистон шаҳридаги “Ёшлар” саройида  “Фуқаролар йиғинларининг энг намунали диний маърифат ва маънавий-ахлоқий тарбия масалалари бўйича маслаҳатчиси” кўрик-танловининг республика босқичи  бўлиб ўтди.

         Мамлакатимиз Президентининг Фармони асосида фуқаролар йиғинларида диний маърифат ва маънавий-ахлоқий  тарбия масалалари бўйича маслаҳатчи лавозими жорий этилганига бу йил 12 тўлди.

         Айни пайтда ушбу лавозимда бой ҳаётий тажрибага эга бўлган, обрўли ҳамда фаол хотин-қизларнинг фаолият кўрсатаётганликлари ўз самарасини бермоқда.

         Бугунги кунда республикамизда 8700 нафардан ортиқ фуқаролар йиғинларининг диний маърифат ва маънавий – ахлоқий тарбия масалалари бўйича маслаҳатчилари маҳаллаларда тарихан таркиб топган миллий қадриятларни кенг тарғиб қилишда, аҳолида, биринчи навбатда, ёшларда соғлом турмуш тарзини қарор топтиришда, жойларда ижтимоий-маънавий муҳит барқарорлигини таъминлашда маҳалланинг нуфузини янада оширишда, фаолият йўналишларига  оид қонун ҳужжатлари ижросини таъминлашда кенг қамровли ишларни амалга ошириб келмоқдалар.

         Маҳаллаларда жамоатчилик комиссиялари ва “Ота-оналар университетлари” фаолиятини ҳамда “Оила-маҳалла-таълим муассасаси” ҳамкорлигини самарали ташкил этишда, оилалардаги низоли ҳолатларнинг олдини олиш, никоҳланувчиларни тиббий кўрикдан ўтказиш бўйича тарғибот тадбирларини ўтказишда, маҳаллаларда соғлом маънавий муҳитни қарор топтиришга қаратилган чора-тадбирларни амалга оширишда маслаҳатчилар фаол иштирок этиб келмоқда.

         Фуқаролар йиғинларида маслаҳатчилар томонидан  олиб борилаётган кенг қамровли ишларни ўрганиш, уларни рағбатлантириш, муносиб тақдирлаш ҳамда илғор тажрибаларини кенг оммалаштириш мақсадида “маҳалла” хайрия жамоат фонди ҳамда қатор ташкилотлар ҳамкорлигида анъанавий “Фуқаролар йиғинларининг энг намунали диний маърифат ва маънавий-ахлоқий тарбия масалалари бўйича маслаҳатчиси” кўрик-танлови ташкил этилган бўлиб, бу йилги танловнинг республика босқичи Мустақиллигимизнинг 25 йиллиги арафасида “Гўзал ва бетакроримсан, муқаддас Ватаним, жоним сенга фидо, Ўзбекистоним!” шиори остида ўтказилди.

        Шуни ҳам алоҳида айтиш жоизки,  жорий йилнинг апрель-май ойларида ўтказилган танловнинг туман-шаҳар босқичларида 8700 нафардан ортиқ маслаҳатчилар, жорий йилнинг 27 июнь – 4 июль кунлари ўтказилган Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар босқичларида эса танловнинг туман (шаҳар) босқичларида ғолибликни қўлга киритган  193 нафар маслаҳатчилар фаол иштирок этдилар. Таъкидлаш лозимки, бу йилги кўрик-танловлар ўзгача руҳ ва юқори савияда ташкил этилди. Маслаҳатчиларнинг тайёргарлиги, билими ва малакаси йилдан йилга, замон талаби асосида ошиб бораётгани кузатилди. Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятлардан ташриф буюрган 14 нафар иштирокчилар 2та шарт бўйича ўзаро беллашдилар.

     Танлов шартларини Ўзбекистон Олий Мажлиси Сенати аъзолари, вазирликлар, давлат ва жамоат ташкилотларининг раҳбарлари, “Маҳалла” хайрия жамоат фонди  раҳбариятдан ташкил топган ҳакамлар ҳайъати баҳолаб боришди.

        Танловнинг биринчи шартига кўра маслаҳатчилар томонидан ҳудудда амалга оширилаётган ишлар, эришилган ютуқлар, намунали иш тажрибаларига оид тақдимотлар замонавий ахборот технологияларидан фойдаланган ҳолда намойиш этилди.

       Шуниси эътиборлики, тақдимотларда миллатлараро дўстлик ва ҳамжиҳатликни мустаҳкамлаш, оилаларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, ёшларни баркамол этиб тарбиялаш, ибратли миллий-диний анъана ва урф-аодатларни сақлаш ва ривожлантириш, тўй-ҳашам, маърака ва маросимларни ихчам ва тартибли ўтказиш борасида амалга ошираётган ишлар моҳияти очиб берилди.  Шунингдек, хотин-қизлар ва ёшлар ўртасида оммавий спортни ривожлантириш, соғлом турмуш тарзини мустаҳкамлаш, хотин-қизлар ва вояга етмаганлар ўртасида ҳуқуқбузарликларнинг олдини олишга кўмаклашиш, коллеж ва лицейлар ўқувчи-қизлари маънавиятини юксалтириш, аҳоли ҳуқуқий саводхонлигини ошириш, ёшлар ва хотин-қизларнинг ижтимоий бандлигини таъминлаш  каби йўналишлар бўйича олиб борилаётган иш тажрибаларига эътибор қаратилди.

         Иккинчи шартда фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари ҳамда маслаҳатчилар фаолиятига оид қонун ҳужжатларининг мазмун-моҳияти, улар фаолиятида учраётган турли масалалар, муаммоларнинг ечимини топиш юзасидан  иштирокчиларнинг билим савияси, дунёқараши  савол-жавоб асосида баҳоланди. Айни чоғда, уларга кундалик ҳаётда, иш фаолиятида учрайдиган турли муаммоли вазиятларни ҳал этиш, ташкилотчилик ва ташаббускорлик қобилиятларини намоён қилиш учун ҳам имконият берилди.

             -Ҳар иккала шартлар бўйича маслаҳатчиларнинг билимлари ва фаолиятлари нуфузли ҳакамлар ҳайъати томонидан ошкоралик ва адолат тамойилларига риоя қилинган ҳолда баҳоланганлигига шубҳам йўқ, – деди тадбирнинг тақдирлаш қисмида иштирок этган ва сўзга чиққан Ўзбекистон Республикаси премьер-министри ўринбосари, Хотин-қизлар қўмитаси раиси Элмира Баситханова. – Мен ушбу танловда иштирок этган ҳар бир иштирокчи ғолиб бўлди, деб ҳисоблайман. Юртбошимиз эътироф этган, юксак ишонч билдирган энг эрка лавозим эгалари – маҳаллалар диний маърифат ва маънавий-ахлоқий тарбия  масалалари бўйича маслаҳатчи опа-сингилларимиз ҳақиқий фидойилардир. Улар  ўз меҳнатлари билан оилалар, маҳалла ва юрт тинчлиги-хотиржамлигига ва фаровонлигига улкан ҳисса қўшиб келмоқдалар.

          Кўрик-танлов ҳакамлар ҳайъатининг якдил хулосасига кўра энг юқори балл тўплаган Сирдарё вилояти, Гулистон шаҳридаги “Обод юрт” МФЙ диний маърифат ва маънавий-ахлоқий тарбия масалалари бўйича маслаҳатчиси Муқаддас Худойберганова биринчи ўринга муносиб деб топилди. Фахрли иккинчи ва учинчи ўринларни Тошкент вилояти, Қибрай туманидаги “Янгийўл” МФЙ диний маърифат ва маънавий-аҳлоқий тарбия масалалари бўйича маслаҳатчиси Раъно Эргашева ва Тошкент шаҳри, Шайхонтоҳур туманидаги “Янги Белтепа” МФЙ маслаҳатчиси Феруза Раҳматуллаева эгалладилар.  Танловнинг  11 нафар иштирокчисига турли номинациялар бўйича фахрий ёрлиқлар ва ҳомий ташкилотларнинг қимматбаҳо совғалари топширилди.

         Танлов ғолиби ҳамда 3-ўринлар соҳибаларига махсус диплом билан биргаликда маҳаллада янги иш ўринлари яратиш учун 6 та, 2- ва 4 та ва 2 та  тикув машинкалари ва бошқа қимматбаҳо совғалар тақдим этилди.

        Тадбир жараёнида иштирокчилар Сирдарё вилоятидаги намунали маҳалла фуқаролар йиғинлари ҳамда жамоатчилик комиссиялари фаолияти билан яқиндан танишиб, илғор тажрибалар алмашишди.

 

Зебо Ҳайдарова

Print Friendly, PDF & Email
Click to listen highlighted text!