Click to listen highlighted text!

НУРЧИЛАР БИЛАН БАЙРАМОЛДИ УЧРАШУВИ

        Ватанимиз мустақиллигининг йигирма беш йиллиги муносабати билан Сирдарё вилоятида “Гўзал ва бетакроримсан, муқаддас Ватаним, жоним сенга фидо, Ўзбекистоним!” шиори остида маданий-маърифий тадбирлар ўтказилмоқда.

     Ушбу тадбирлардан нодавлат нотижорат ташкилотлари ҳам четда қолаётгани йўқ. Хусусан, энг улуғ ва энг азиз байрамимиз  арафасида вилоят касаба уюшмалари ташкилотлари бирлашмаси маданий-маърифий ва спорт ишлари бўлими вилоят адлия бошқармаси билан ҳамкорликда йирик корхона, ташкилот ва муассасалар меҳнат жамоаларида “Мустақиллигимизга 25 йил: ким эдигу ким бўлдик?” мавзусида маънавият соатлари ташкил этмоқда.

          Шундай тадбирлардан бири “Фарҳод ГЭС” давлат унитар корхонасида бўлиб ўтди. 160 нафар ишчи-ходимдан иборат ушбу жамоа шу кунларда Ватанимиз Истиқлолининг 25 йиллик тўйига ўзларининг муносиб ҳиссаларини қўшиш мақсадида фидокорона меҳнат қилмоқдалар. Тадбирни очиб берган ДУК бошланғич касаба уюшма ташкилоти раҳбари Барчиной Умарова бу ҳақда фахрланиб гапирди. Нурчилар шунингдек, “Ким эдигу ким бўлдик?” мавзусидаги вилоят касаба уюшмалари ташкилотлари бирлашмаси маданий-маърифий ва спорт ишлари бўлими етакчи мутахассиси Зебо Ҳайдарованинг маърузасини диққат билан тингладилар. Тинчлигимизни асраш, огоҳ бўлиш, Мустақиллик йилларида эришилган ютуқлардан фахрланиш, юрт фаровонлигига ҳисса қўшиш ва шукроналик ҳисси билан яшаш ҳақидаги сўзларга ишчи-ходимлар ҳам ўз муносабатларини билдирдилар. Жамоа айниқса, Олим Хўжаев номли вилоят мусиқали драма театри актёри, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Адҳам Абдуллаевнинг “Истиқлол ва маънавият” мавзусидаги маърузасини илиқ кутиб олишди.  Актёр ижро этган “Алишер Навоий” ва “Тўй” спектаклларидан парчалар гулдурос қарсаклар билан қаршиланди.

        – Кўриб турибсизки, меҳнат жамоамизда ёшлар кўпчиликни ташкил этишади, – деди тадбир сўнгида сўз олган “Фарҳод ГЭС” ДУК раҳбари Худойберди Эргашев. – Улар маънавий озуқани кино ва театрдан олишади. Маънавий бой киши эса ҳар хил эгри йўлларга кириб кетмайди. Шу боисдан ҳам, ишчи-ходимларимизнинг касаба уюшма қўмитамиз бошчилигида   театрларга ташрифини режалаштирганмиз. Мустақиллик байрамидан сўнг ушбу ташрифни амалга оширамиз.

        Тадбир сўнгида ишчи-ходимлар меҳмонлар билан суратларга тушишди, дўстона давра қуриб, суҳбат қилишди. Ташриф учун қизғин миннатдорчиликлар билдирилди.

          Тадбирда шунингдек, ҳуқуқшунос Мирзоулуғбек Шукуров иштирок этди ва сўзга чиқди.

 

ВКУТБ маданий-маърифий ва спорт ишлари бўлими

Print Friendly, PDF & Email
Click to listen highlighted text!