Click to listen highlighted text!

ЁДДА ҚОЛАРЛИ ТАДБИР

          Муҳтарам Президентимизнинг 2016 йил 2 июндаги “Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигининг йигирма беш йиллик байрамига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш тўғрисида”ги қарорига мувофиқ давлат божхона хизмати органлари томонидан “Гўзал ва бетакроримсан, муқаддас Ватаним, жоним сенга фидо, Ўзбекистоним!” шиори остида бир қатор маънавий-маърифий учрашувлар, тадбирлар ташкил қилинмоқда.

          Ана шундай тадбирлардан бири Сирдарё вилояти божхона бошқармасида ташкил қилинди. Унда бошқарма шахсий таркиби, вилоятдаги ҳуқуқни муҳофаза қилувчи ҳамда давлат назорат органлари вакиллари, тадбиркорлар, божхона расмийлаштируви мутахассислари, божхона фахрийлари ҳамда оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этдилар.

           Тадбирни кириш сўзи билан очган бошқарма бошлиғи ўринбосари Ж.Ҳотамов истиқлол йилларида божхона органларида амалга оширилган кенг қўламли ислоҳотлар, соҳани тубдан модернизация қилиш, ахборот-коммуникация технологияларини изчиллик билан жорий этиш борасида қўлга киритилган ютуқ ва тажрибалар ҳақида сўз юритди. Буларнинг бари мамлакатимизда ташқи иқтисодий фаолиятни янада ривожлантириш, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш, маҳаллий ишлаб чиқаришни кенгайтиришга хизмат қилаётганини таъкидлади.

         Дарҳақиқат, 25 йил олдин ўз мустақиллигини қўлга киритган Ўзбекистонда аввало миллий давлатчилигимиз тикланди, ўзини оқламаган эски, мустабид тузумдан бутунлай воз кечилиб, чуқур ўйланган, миллий манфаатларимизга тўла жавоб берадиган, ислоҳотларга асосланган, бутун дунёда “ўзбек модели” деган ном билан тан олинган тараққиёт стратегиясини амалга оширишга киришилди, бугунги кунга келиб Ўзбекистонда танланган, ўзига хос ва ўзига мос ривожланиш йўлининг нақадар тўғри ва ҳаётий эканлиги ҳаётимизнинг ҳар бир жабҳасида намоён бўлмоқда.

           Тадбирда сўз олганлар “Ким эдигу ким бўлдик, эртага қандай юксак марраларни эгаллашимиз керак?” деган савол атрофида ҳаётий мисолларга асосланган ҳолда ўз фикр-мулоҳазаларини билдиришди.

           Учрашувда республикамизда тадбиркорлик фаолиятини қўллаб-қувватлаш борасида амалга оширилаётган ишлар, бу борада божхона органларида жорий қилинаётган қулайликлар ҳамда қабул қилинаётган сўнгги норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг мазмун-моҳияти юзасидан батафсил ахборотлар берилди.

          Тадбир сўнгида мутахассислар иштирокчиларнинг кўплаб саволларига жавоблар бердилар.

Озода МАМАДАЛИЕВА, “Ishonch” мухбири

Print Friendly, PDF & Email
Click to listen highlighted text!