МЕҲНАТ МУҲОФАЗАСИ
Инсон меҳнат қилиш, меҳнатига яраша ҳақ олиш, даромад қилиш, яхши ва фаровон яшаш каби бир қатор ҳуқуқларга эга. Бу борада мамлакатимизда ҳуқуқий база яратилган. Айниқса, “Ўзбекистон Республикаси Меҳнат кодекси”, “Ўзбекистон Республикаси касаба уюшмалари тўғрисида”ги қонунлари Вазирлар Маҳкамасининг “Ишлаб чиқаришдаги юз берган бахтсиз ҳодисалар ва ходимларнинг бошқа хил зарарланишини ҳисобга олиш тўғрисида”, “Иш берувчининг фуқаролик жавобгарлигини мажбурий суғурта қилиш тўғрисида”ги қарорлари ҳамда бошқа меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатлари асосида инсон манфаат ва ҳуқуқлари ҳимояси йўлга қўйилган. Бу ҳуқуқлар мамлакатимизда қонун йўли билан ҳимоя қилинган. Айниқса, меҳнат қилиш ҳуқуқига эга бўлган инсонни ҳар томонлама ҳимоялаш – энг аввало нормал меҳнат шароити яратиш, хавфсиз меҳнатни яратиш, ижтимоий ҳимоялаш каби жараёнлар борки, бу масалалар давлат органлари ҳамда нодавлат нотижорат ташкилотлар томонидан доимий эътиборга олинган.
Меҳнат муҳофазасининг ҳуқуқий базасини яратиш борасида Ўзбекистон Республикасида етарли тажриба бор. Мамлакатимизнинг қонун чиқарувчи олий органлари томонидан 1993 йилда “Ўзбекистон Республикасининг меҳнатни муҳофаза қилиш тўғрисида”ги қонуни қабул қилинган эди. Мазқур ҳуқуқий ҳужжат 5 та бўлим, 29 та моддадан иборат бўлиб, мамлакатимизнинг тарихий ривожланиш йилларида меҳнат кишисининг ҳимояси йўлида хизмат қилиб келди.
Ўтаётган ҳар бир вақт, жадал ривожланиш мазкур қонунни янада такомиллаштириш, уни замон ва давр талабларига мослаштириш лозимлигини кўрсатиб турибди. Олий Мажлис Қонунчилик палатасида “Ўзбекистон Республикасининг меҳнатни муҳофаза қилиш тўғрисида”ги қонуни бир неча бор муҳокамадан ўтказилди. Бунда депутатларнинг сайловчилар билан ўтказган учрашувларида билдирилган талаб ва таклифлар, уларнинг истак ва ҳоҳиш- иродаси инобатга олиниб, янги таҳрирда Сенат мажлисига киритилди. Олий Мажлис Сенати ўзининг мажлисида “Меҳнатни муҳофаза қилиш тўҳрисида”ги Ўзбекистон Республикасининг янги таҳриридаги Қонунини тасдиқлади.
Янги таҳрирдаги “Меҳнатни муҳофаза қилиш тўҳрисида”ги Ўзбекистон Республикасининг Қонуни олдинги қонундан бир қатор афзалликлари ҳамда қулайликлари билан кўзга ташланмоқда. Мазкур ҳужжат 36 та моддадан иборат бўлиб, уларда Ўзбекистон Республикасининг биринчи Президенти Ислом Каримов илгари сурган “Бу муқаддас Ватанда азиздир инсон” деган бош ғоя ўз ифодасини топган. Айниқса, меҳнат кишисининг меҳнат муҳофазаси давлат органлари билан касаба уюшмалари ўртасидаги ҳамкорликни, уларнинг масъулияти ва жавобгарлиги масалалари янада яққолроқ ва аниқроқ кўрсатилган. Масалан, янги таҳрирдаги қонуннинг 13-моддасида меҳнатни муҳофаза қилиш соҳасидаги хизматлар бозорининг профессионал иштирокчилари ташкилотларда меҳнатни муҳофаза қилиш хизматининг вазифаларини амалга оширилиши, меҳнатни муҳофаза қилиш бўйича мутахассисларни қайта тайёрлаш ва улариннг малакасини ошириш айниқса, ташкилотда меҳнатнинг муҳофаза қилинишини бошқариш тизими аудитини ўтказиш мумкинлиги ўз ифодасини топган. Бу масала 1993 йилда қабул қилинган “Ўзбекистон Республикасининг меҳнатни муҳофаза қилиш тўғрисида”ги қонунида кўзда тутилмаган эди. Бундан ташқари олдинги қонун ҳужжатининг “Меҳнатни муҳофаза қилишни молиявий таъминлаш” бўйича 11-моддасида бу харажатлар давлат томонидан деб кўрсатилган бўлса, янги таҳрирдаги қонуннинг 16-моддасида бу масала бевосита давлат бюджети томонидан молиялаштирилиши аниқ равшан кўрсатиб берилган.
Янги таҳрирдаги “Меҳнатни муҳофаза қилиш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикасининг Қонуни, 1993 йилда қабул қилинган “Ўзбекистон Республикасининг меҳнатни муҳофаза қилиш тўғрисида”ги қонунидан бўлим ва бобларга бўлинмаганлиги, соддалиги, равон ва аниқлиги билан кескин фарқ қилади. Янги таҳрирдаги қонунда ҳар бир моддада инсон манфаати, унинг тақдири, келажаги ўз ифодасини топган.
Жумладан: Олдинги қонунда кўзда тутилмаган ва янги таҳрирдаги қонуннинг 21-моддасида ўз ифодасини топган “Ишга қабул қилишда ва бошқа ишга ўтказишда меҳнатни муҳофаза қилишга бўлган ҳуқуқнинг кафолатлари” аниқ ифодалаб берилган.
Меҳнат муҳофазаси инсоннинг тақдири, унинг келажаги билан боғлиқ ўта нозик, ўта долзарб ва муҳим аҳамиятга молик жараён саналади. Бу жараёнда меҳнатни тўғри ташкил этиш, хавфсизлигини таъминлашда касаба уюшмалари иш берувчиларга энг аввало маслаҳатлар бериш, унинг ижросини жамоат назоратига олиш ва амалга оширишда давлат органлари ва ҳуқуқ-тартибот идоралари билан ҳамкорликда фаолият кўрсатмоқда. Бу албатта келгусида ижобий самара беради.
ВКУТБ Кенгаши меҳнатни муҳофаза қилиш
бўлими мудири Бозорбой Исматов.