ЗАРУРИЙ ТУШУНЧАЛАР БЕРИЛДИ
Сирдарё туманида «Йўлрефтранс” очиқ акциядорлик жамиятида Ўзбекистон Республикасининг “Меҳнатни муҳофаза қилиш тўғрисида”ги Қонуннинг янги таҳрири қабул қилинганлиги ва Ўзбекистон Республикаси Меҳнат Вазирлиги, Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Кенгаши ва Ўзбекистон савдо-саноат Палатаси ўртасида имзоланган “Меҳнат шароитлари ва муҳофазасини яхшилаш бўйича қабул қилинган ҳаракатлар дастури” доирасида “Меҳнат муҳофазаси ва саноат хавфсизлиги” мавзуларида ўқув-семинари бўлиб ўтди.
Ташкил қилинган ушбу ўқув-семинарида вилоятдаги корхона, ташкилот ва муассасалар иш берувчилари, меҳнатни муҳофаза қилиш бўйича мутахассислари, унга маъсул бўлган мутахассислар ва вакиллар, касаба уюшмаси қўмиталари ва Кенгашлари раислари ҳамда «Йўлрефтранс” очиқ акциядорлик жамиятининг тегишли мутахассислари қатнашдилар.
Шунингдек, вилоят Меҳнат бош бошқармасидан Давлат меҳнат техник инспектори Абдукамол Хакимов, “Йўлрефтранс” очиқ акциядорлик жамияти бош мухандиси Акмал Исмоилов ва оммавий ахборот воситалари вакиллари қатнашдилар.
Семинар иштирокчилари вилоят касаба уюшмалари ташкилотлари бирлашмаси Кенгашининг Меҳнатни муҳофаза қилиш бўлими етакчи мутахассиси У.Таниқуловнинг “Меҳнатни муҳофаза қилиш тўғрисида”ги Қонуннинг янги таҳрири тўғрисида, Меҳнат бош бошқармаси Давлат меҳнат техник инспектори А.Хакимовнинг Меҳнатни муҳафаза қилишга оид қонун ости норматив ҳужжатларга қўшимчалар ва ўзгартиришлар киритиш бўйича олиб борилаётган ишлар тўғрисидаги, Ўзбекистон-Хитой “PENG SHENG” МЧЖ хорижий корхонаси касаба уюшма қўмитаси раиси Ғ.Аҳмедовнинг Жамоатчилик назоратини намунали йўлга қўйган қўшма корхоналар фаолияти ҳақидаги маърузаларини тингладилар.
Меҳнатни муҳофаза қилиш хизматлари, меҳнатни муҳофаза қилиш бўйича вакил фаолияти ҳақида видео ролик номойиш этилиб қўшимча маълумотлар берилди.
– Янгиер шаҳридаги “Мос-Ян-текс”ҚК меҳнатни муҳофаза қилиш мутахассисиман,-дейди семинар қатнашчиси И.Хусанова.- Биргаликдаги ушбу тадбиримиз, фикр-мулоҳазалар билан ўртоқлашишимиз, меҳнат муҳофазаси соҳасидаги муаммоларни аниқлаш ва уларни ечиш бўйича самарали меҳнат қилишимизда ёрдам беради.
Семинар давомида меҳнатни муҳофаза қилиш соҳасига оид муаммолар ва уларнинг ечими юзасидан фикр мулоҳазалар ҳамда савол-жавоблар ташкил этилди.
Шунингдек, семинарнинг амалий қисмида “Йўлрефтранс” ОАЖ бош мухандиси А.Исмаилов бошчилигида “Йўлрефтранс” ОАЖ да меҳнат муҳофазаси масалаларида ташкил қилинган самарали ишлар ва меҳнатни муҳофаза қилиш вакилларининг фаолияти билан танишилди.
Озода МАМАДАЛИЕВА,“Ishonch” мухбири