Click to listen highlighted text!

ВАТАН ФИДОЙИЛАРНИ УНУТМАЙДИ

        Ҳар йили Ўзбекистон Касаба уюшмалари Федерацияси ҳамда Вилоят касаба уюшмалари ташкилотлари бирлашмаси Кенгашининг Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинган кунни нишонлашга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш бўйича қарорларида “Ватан фидойи фарзандларини унутмайди” шиори остида мустақиллик йилларида хизмат вазифасини бажариш вақтида ҳалок бўлган ҳарбий хизматчиларни хотирлаш ва уларнинг оилаларига моддий ёрдам кўрсатиш алоҳида  белгилаб қўйилади.

      Мана бу йил ҳам Асосий Қомусимизнинг 24 йиллиги олдидан хизмат чоғида ҳалок бўлган ҳарбий хизматчиларнинг оилаларига касаба уюшмалари совғалари тақдим этилди.

    Вилоят касаба уюшмалари ташкилотлари бирлашмаси масъул ходимлари Янгиер шаҳрилик, Сурхондарё вилоятида ҳарбий хизмат чоғида қаҳрамонларча ҳалок бўлган катта лейтенант Алишер Салимовнинг хонадонида бўлишиб, унинг онаси Нортожихон Салимова билан учрашдилар.      – Мана неча йиллардирки, касаба уюшмалари фаоллари байрамлар арафасида уйимизга доим  ташриф буюришади, моддий кўмак ва совғалар келтиришади, уларни қадрдонларимдек кутиб оламан, – дейди Нортожи опа. – Албатта, ўғлимнинг ҳурмати учун, унинг Ватан тинчлиги йўлида  жонини фидо қилгани учун қадрлаб келишади. Мен улардан жуда миннатдорман. Фарзандимнинг қисқа бўлса-да юрт корига яраганидан, ота-онасига раҳматлар келтирганидан кўнглим ғурурга тўлади.

   Касаба уюшмаларининг байрам туҳфалари, шунингдек,   Алишер Салимовнинг хизматдош дўстлари, қаҳрамонлар – Сайхунобод туманилик марҳум лейтенант Хайрулла Бозоровнинг ҳамда Сирдарё туманилик Эломон Отажоновнинг ота-оналарига ҳам топширилди.

 

Зебо Ҳайдарова.

Print Friendly, PDF & Email
Click to listen highlighted text!