Click to listen highlighted text!

“МАҲАЛЛАМ-МЕНИНГ ТАҚДИРИМДА!” КЎРИК-ТАНЛОВИ БЎЛИБ ЎТДИ

    Юртимизда истиқлол йилларида улғаяётган фарзандлар чиндан-да бахтли, саодатлидир. Ёшларнинг кечаги авлод учун армон бўлиб қолган улкан орзулари рўёбга чиқмоқда. Энг муҳими, улар яратилган шароитлардан унумли фойдаланиб, дунёда ҳеч кимдан кам эмаслигини амалда исботлашмоқда.

     Чекка-чекка ҳудудлардаги маҳаллалар бағрида камол топаётган қанчадан-қанча ўғил-қиз – бугун  халқаро фан  олимпиадалари ғолиби, жаҳон тан олган спортчи, дунёни лол қолдираётган юксак  иқтидор эгалари. Бунга, албатта, юртимизда  ёшларнинг юқори сифатли таълим-тарбия олишлари учун тараққий этган ҳеч бир  мамлакатдан қолишмайдиган шарт-шароит муҳайё этилгани асос бўлаётир.

    Ёшлар ўртасида хотира, юксак маънавият, ўзбек халқининг тарихий анъаналари, маданий меросига ҳурмат, мамлакатимиз мустақилликка эришганининг буюк  тарихий аҳамиятини англаш каби  фазилатларни шакллантириш, уларни она Ватанга муҳаббат, садоқат руҳида тарбиялаш учун, аввало уларнинг қалби ва онгида мафкуравий иммунитетни янада кучайтиришга йўналтирилган маънавий-маърифий ишлар самарадорлигини ошириш мақсадида «Маҳалла» хайрия жамоат фонди ташаббуси билан Халқ таълими, Олий ва ўрта махсус таълим, Маданият ва спорт ишлари вазирликлари, «Нуроний» жамғармаси, «Камолот» ЁИҲ, ўрта-махсус таълим маркази,  Маънавият тарғиботи маркази, Миллий телерадиокомпания билан ҳамкорликда «Қадриятлар бешигисан, азиз маҳаллам!» шиори остида ўтказиб келинаётган «Маҳалла-менинг тақдиримда!» кўрик-танловининг аҳамияти беқиёс.

      Уч босқичли тизимда ўтказилаётган ушбу танловда маҳаллаларда истиқомат қилувчи, ҳудуддаги умумтаълим мактабларининг 9-синфи ҳамда касб-ҳунар коллежлари ва академик лицейларнинг 1,2-курсларида таълим олаётган ўқувчилардан  иборат таркибдаги жамоалар (жами 4 нафар, шундан 2 нафари қизлар) иштирок этишмоқда.

    Жорий йилнинг 10-15 декабрь кунлари ўтказилган танловнинг саралаш (маҳаллалараро) босқичида фуқаролар йиғинларининг сони, уларнинг географик жойлашувидан келиб чиқиб 43 та ҳудуд бўйича (шаҳарча, қишлоқ, овул фуқаролар йиғини ҳамда бир-бирига яқин бўлган маҳаллалар кесимида) жами 193 та фуқаролар йиғини жамоалари ўртасида ўтказилди. Бунда жамоалар таркибида 714 нафар ёшлар  иштирок этдилар.

       Танловнинг 2-босқичи – туман (шаҳар) босқичи 19-24 декабрь кунлари вилоятимизнинг барча туман ва шаҳарларида ўтказилди ҳамда уларда 71 та иштирокчи жамоалар таркибида 284 нафар ёшлар қатнашдилар.

    Жорий йилнинг 25 январь куни Ёшлар марказида ўтказилган танловнинг якуний вилоят босқичида туман, шаҳар босқичларида ғолиб бўлган 11 та  фуқаролар йиғинларининг жамоалари иштирок этиб, 3 та шарт асосида ўзаро беллашдилар.

        Биринчи шартда иштирокчилар ўз маҳалласи ҳақида, ёшларнинг жисмонан соғлом, маънавий етук ва ҳар томонлама баркамол бўлиб вояга етишида маҳалланинг ўрни, «Оила – маҳалла – таълим муассасаси» ҳамкорлигининг аҳамияти тўғрисидаги тақдимотларни слайдлар асосида, ижодий  ёндошган ҳолда намойиш этишди. Тақдимотларда асосан, ўзбек халқининг  тарихи, буюк аждодларимиз саъй-ҳаракатлар мамлакатимиз келажагининг, эзгу мақсадларга  эришишнинг асосий  омили ва гарови  экани бўйича ёшларнинг фикр-мулоҳазаларига эътибор қаратилди. Бундан ташқари, мамлакатимизда истиқомат қилаётган маҳалланинг ўзига хос турмуш тарзи, қадрият ва анъаналарини тарғиб этиш борасида олиб борилаётган ишлар ҳақида ҳам ёшларнинг нуқтаи  назарлари инобатга олинди.

     Иккинчи шарт эса маҳалла  фаолияти, ёшларни жисмонан соғлом, маънавий етук ва ҳар томонлама баркамол этиб тарбиялаш, «Оила – маҳалла – таълим муассасаси» ҳамкорлиги механизмини кучайтиришга, соҳага тегишли меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатлар ҳамда маънавиятга оид савол-жавоб тарзида ўтказилди.

      Сўнгги шарт бўйича жамоаларнинг аъзолари «Маҳалла – менинг тақдиримда» мавзусида  иншолар ёзишди. Иштирокчилар иншо ёзиш орқали жисмонан соғлом, маънавий етук ва ҳар томонлама ривожланган баркамол бўлиб вояга етишларида маҳалланинг ўрни ва аҳамиятини кўрсатиб беришга, ёшлар ўртасида соғлом турмуш тарзи тамойилларини қарор топтириш, уларга гиёҳвандлик, аҳлоқсизлик, четдан кириб келаётган ҳар хил зарарли таъсирлар, «оммавий маданият» ниқоби остидаги хатарлар ўзбек халқининг миллий қадриятлари, тарихи ва маънавиятига таҳдид солувчи жиддий омиллардан бири эканлигини очиб беришди.

      Танлов якунида Сирдарё туманидаги «Оқ йўл» маҳалла фуқаролар йиғинининг «Оқ йўл, ёшлар» жамоаси  биринчи ўринга муносиб деб топилди.

     -Ушбу кўрик-танловда биринчи ўринни эгаллаш биз учун шараф, – дейди  жамоа етакчиси Барно Абилова. – Чунки танлов давомида бошқа туман ва шаҳарлар жамоалари ҳам жуда катта тайёргарликлар кўришгани билиниб турди.  Иқтидорли тенгдошларимиз жуда кўплигини кўриб қувондик.

      Боёвут туманидаги «Соҳил» маҳалла фуқаролар йиғинининг «Тинчлик» жамоасига эса иккинчи ўрин насиб этди. Учинчи ўринни Гулистон туманидаги «Ибрат»  фуқаролар йиғинининг  «Ибрат» жамоаси қўлга киритди.

       Мазкур кўрик-танлов нафақат  билим ва  маҳорат имтиҳони, балки,  ўқувчи-ёшларнинг дўстлик байрамига, иқтидор ва қобилиятларини намоён этишларида янги имконият, эркин фикр ва ўзаро мулоқот майдонига айланиб бораётгани эътирофга лойиқ.

     Муҳтарам Президентимиз Шавкат Мирзиёев Ўзбекистон Республикаси Президенти лавозимига киришиш тантанали маросимига  бағишланган Олий Мажлис палаталарининг қўшма  мажлисидаги нутқида: «Ёшларимизнинг мустақил фикрлайдиган, юксак интелолектуал ва маънавий салоҳиятга эга бўлиб, дунё миқёсида ўз тенгдошларига ҳеч қайси соҳада бўш келмайдиган инсонлар бўлиб камол топиши, бахтли бўлиши учун давлатимиз ва жамиятимизнинг бор куч ва имкониятларини сафарбар этамиз», дея алоҳида таъкидлади.

        Дарҳақиқат, ёшларни ҳар томонлама баркамол этиб вояга етказиш, она Ватанга муҳаббат руҳида тарбиялаш учун, аввало уларнинг қалби ва онгида мафкуравий иммунитетни янада кучайтириш, ёшларимизнинг миллий ўзлигини, дунёни чуқур англайдиган, замон билан баробар қадам ташлайдиган инсонлар бўлиб етишишида муҳим аҳамият касб этади.

       Ғолиблар дипломлар ва «Маҳалла» хайрия жамоат фондининг эсдалик совғалари билан тақдирландилар. Шунингдек, бир қатор номинациялар бўйича ҳам ғолиблар аниқланиб, муносиб рағбатлантирилди. Тадбир давомида таниқли ёш санъаткорларнинг чиқишлари танловга байрамона шукуҳ бағишлади.

 

ВКУТБ маданий маърифий ва спорт ишлари бўлими

Print Friendly, PDF & Email
Click to listen highlighted text!