Click to listen highlighted text!

БОШ ҚОМУСИМИЗНИНГ 25 ЙИЛЛИГИ АРАФАСИДА

                Гулистон қурилиш касб-ҳунар коллежида Мирзаобод туманидаги Н-ҳарбий қисм ҳарбий хизматчилари оилалари учун “маънавият соати” тадбири бўлиб ўтди.
Эътиборлиси, ушбу ҳарбий қисм раҳбарияти ва бошланғич касаба уюшма қўмитаси томонидан ҳарбий қисм хизматчилари, шу жумладан уларнинг оилалари учун ҳам маънавият соати тадбирлари доимий ўтказилиб келинади. Бу галги маънавият тадбири Бош Қомусимизнинг 25 йиллигига, шунингдек, оилалардаги ижтимоий-маънавий муҳитни соғломлаштириш мавзусида бўлди.
Тадбирни ҳарбий қисм командири, подполковник Махсумхон Рустамов олиб борди. Тадбир иштирокчилари Гулистон шаҳар Никоҳ уйи мудираси Гулҳаё Расулованинг “Конституция ва оила”, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси вилоят бўлими раиси, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходим, шоира Ҳаётхон Ортиқбоеванинг “Оилаларда маънавий муҳитни шакллантириш”, вилоят касаба уюшмалари ташкилотлари бирлашмаси етакчи мутахассиси Зебо Ҳайдарованинг “Конституцияда белгиланган фуқаролар ҳуқуқ ва эркинликлари” мавзуларидаги маърузаларини тингладилар. Шунингдек, тадбир давомида шеърхонлик бўлиб ўтди.
-Бундай маърифий тадбирлар ўтказилиши биз, турмуш ўртоқлари ҳарбий хизматчи бўлган аёллар учун жуда муҳим, – дейди Н-ҳарбий қисм сержанти Ўткир Раҳмонқуловнинг рафиқаси Донохон. – Бу тадбирлар турмуш ўртоқларимизнинг юрт тинчлигини қўриқлашдек муқаддас касб эгаси эканлигини, диёримиз, қолаверса, хонадонларимиз тинч-фаровонлиги бевосита уларга боғлиқлиги, ҳарбий хизматчи рафиқаси бўлиб ўзига хос масъулият талаб этиши ҳақида дунёқарашимизни кенгайтиришга хизмат қилади.
Тадбир сўнггида ҳарбий қисм командири, подполковник Махсумхон Рустамов маърузачиларга ўз миннатдорчилигини билдирди.

 

ВКУТБ маданий-маърифий ва спорт ишлари бўлими

Print Friendly, PDF & Email
Click to listen highlighted text!