САЙХУНОБОД ТУМАНИДА АҲОЛИ БИЛАН ЎТКАЗИЛГАН МУЛОҚОТЛАР НАТИЖАЛАРИ ТАҲЛИЛ ЭТИЛДИ
Сайхунобод тумани Гулистон ва Сирдарё туманлари ҳамда Тошкент вилояти билан чегарадош ҳудудда жойлашган. Туманда 8 та қишлоқ фуқаро йиғинлари , 22 та маҳаллалар мавжуд бўлиб, 26 январ ойидан 6 март санасигача бу ерда истиқомат қилувчилар оилаларидаги ижтимоий-иқтисодий ва маънавий муҳитни ўрганиш бўйича вилоят ишчи гуруҳи томонидан амалий мулоқотлар ўтказилди. Ҳар бир хонадоннинг яшаш шароити билан яқиндан танишиб чиқиш натижасида 2583 та муаммо ва камчиликларни бартараф этиш бўйича чора- тадбирлар белгиланди. Бу борада амалга оширилган ишлар, ижро учун масъул бўлган ташкилот раҳбарларининг ишга қай даражада ёндошаётганлари билан танишиш мақсадида маҳаллаларда бўлдик. Соғлиқни сақлаш мажмунидаги муаммолар ичида ногиронлик аравачасига муҳтожлигини айтиб мурожаат қилган фуқаролар мурожаати ечимига қизиқиб, туман тиббиёт бирлашмасига қарашли тиббий ижтимоий бўлим бошлиғи Ўктам Омонқулов билан суҳбатлашдик. Суҳбатдошимиз чора-тадбирга киритилган мурожаатда кўрсатилган, “Иттифоқ” МФЙда яшовчи Шавкат Хўжаназаров оёқ протезига ҳақиқатда муҳтожлиги ўрганилиб, ортопедик маҳсулотга буюртма берилган ва шу йилнинг май ойида протез талони эгасига топширилади. Ногиронлик араваси сўраб мурожаат қилган яна 2 нафар фуқаро қабулга келмагани, зарурий ҳужжатларни топширмаганлиги сабабли базага киритилмаган, шу боис тақсимотда ортиб қолса берилиши, йўқса, кейинги буюртмагача берилишини билдирди.
Ногиронлик нафақасига чиқишга амалий ёрдам сўраб мурожаат қилган фуқаролар масаласи юзасидан туман Тиббий Меҳнат Комиссияси раиси Қодир Ҳамдамовга учрашдик. У мурожаатда келтирилган исм-шарифдаги кишиларни танимаслигини, қабулига ҳали келмаганини, нафақага тайинланишда муаммога дуч келганларини билмаслигини айтди. Даволаниш, тиббий текширув натижалари каби ҳужжатлар тартиби кўрсатилганда, гуруҳ ногиронлигига чиқиш осонгина амалга оширилишини маълум қилди.
Юқоридагилардан кўриниб турибдики, “агар фуқаро келса, тегишли тартибда жавоб бераман” қабилида иш юритиляпти. Тўғри, шунчаки ҳар қандай мурожаат талабидан мавжуд тартибни бузиб ҳал этилиши қоидабузарлик кўринишига келиб қолади. Бироқ, фуқаро мурожаати ўрганилиб, тегишли тартибда жавоби етказилмас экан, муаммо муаммолигича қолаверади. Жойларга бориб, муаммони қуруқ қоғозда қайд этиш эса шунчаки вақтни чўзишга айланиб қолади-қўяди.
Халқ розилигига етиш йўли узунми?
Мурожаатларнинг катта қисми ёқилғи-энергетика масаласида бўлиб, шикоятлар табиий газ йўқлиги , суюлтирилган газли баллонларнинг етишмаслиги, газ таъминотидаги узилишлар мазмунида бўлган.
Масалага ойдинлик киритиш мақсадида Сайхунобод туман газ таъминоти идорасида бўлдик. Биз билан суҳбатда бўлган бош муҳандис Шерали Темиров бу йил газ яхши берилгани, аҳоли ҳам хурсандлигини маълум қилди. Табиий газ йўқлиги мазмунидаги фуқаролар шикоятларини маҳалла, кўча ва исм- шарифлари билан келтирганимизда эса масалада хатолик борлигини, охирги 3 ой давомида газ узилишсиз берилганини айтиб туриб олди. Шодлик МФЙ Равонлик кўчасида истиқомат қилувчи нақ 20 та хонадон эгалари бир хил мазмундаги, яъни газ йўқлигидан шикоят қилишган. Ўша кўчага бориб, хонадон эгасидан юзага келган англашилмовчиликни ўрганишга қарор қилдик.
Равонлик кўчаси 40 хонадон соҳиби Нодира Мирзаева газ қиш мавсумида яхши берилганлигини, лекин кунлар исиши билан узилганлигини айтди. Маълум бўлишича, Равонлик кўчасида газ муаммоси бўлмаган. Март ойининг иккинчи ярмидан газ келиши тўхтаган. Қизиғи, маҳалла сўровномасида маҳалла раислари, маслаҳатчиларининг ўзлари иштирок этишгани таажжубга солади. Бунақа ёлғон ўйиннинг нима кераги бор экан, деймиз. Газнинг бугунги ҳолатига мутасаддилар ёз мавсумига мослашганда босим пастлашиши билан боғлиқ, дея сабаб келтирдилар. Навбатдаги қиш мавсумигача бу ерда газ бўлмайдими деган савол пайдо бўлади. Бу, албатта, муаммонинг давом этишини, халқ розилигига эришиш йўли узайишини билдиради.
Суюлтирилган газли баллонлар етишмаслигидан, қайта газга тўлдиришда узилиш бўлиши, ўз вақтида таъминланмаслиги мазмунидаги муаммолар юзасидан туман газ таъминоти идораси оператори Сирожиддин Неъматовдан қуйидагиларни аниқладик:
– 32 та ҳудудга белгиланган жадвал асосида ҳар ойнинг маълум санасида газ баллонлари йиғиб олиниб, қайтадан тўлдириб келинади. Кечикиш сабабларига туманда пропан газ қуйиш шаҳобчаси йўқлиги, бунинг учун Сирдарё туманига борилишини, газ тугаб қолганида кечикиш чиндан ҳам юзага келишини айтиб ўтди. Хўш, Сирдарё тумани шунчалик узоқми? Ёки бўлмасам, туманнинг асосий қисми пропан ёқилғисидан фойдаланади-ю, туманда 1 та пропан газ шаҳобчаси қуриш имконияти яратилмайдими, деган саволимизга “Фаровон” маҳалласи ҳудудида қуриляпти, яқинда ишга тушади, деган жавобни беришди. Шунингдек, аҳоли газ баллонлари олишда муаммо борлигини қайд этишган. Мутахассис йил бошидан 448 та янги баллон идишлар тарқатилгани, бунинг учун 4 та ҳужжат топширишлари кифоялигини билдиришди. Шу мазмундаги мурожаат аниқланган Зокиржон Йўлдошевнинг газ баллони олган-олмаганини аниқлаш мақсадида тарқатма рўйхатини кўздан кечирганимизда, афсуски, керакли исм чиқмади. Хайриятки, оператор йигит эслаб қолди, айтишича, оғзаки мурожаат қилган, ҳужжатлар тартиби бўйича тушунтириш берганини, лекин идорага ҳали келмаганини сўзлади. Ҳужжатлар тартиби қуйидагича: газ идораси раҳбарига ариза, паспорт нусха, уй-жой кадастридан маълумотнома, газ тармоғидан узилганлиги ҳақидаги маҳалладан маълумотнома. Шу ўринда, газ етишмовчилиги ортида, далалар четида ўсиб турган дарахтларнинг ножўя кесилиши кўпайиб кетганини айтиб ўтиш ўринли. Чунки, чўл шароитини ҳисобга олиб, далалар четида яратилган дарахтзорлар ернинг табиий намлигини сақлашга ҳамда ер юзасидан фойдали элементларни чўл шамоли учириб кетмаслигига хизмат қилади. Дарахтларнинг кесилиб кетиши сизот сувлари кўпайишига, ерлар шўрланиб кетишига олиб келади, дейишади бобо деҳқонлар. Бу эса ҳосилдорликка салбий таъсир кўрсатади. Кўриниб турибдики, бир муаммо иккинчи бир муаммони келтириб чиқаради.
Мурожаатларни ўрганишни давом эттириб, ишсизлик масаласида, ишга жойлашишда амалий кўмак сўраб мурожаат қилган фуқароларнинг муаммолари ечими ҳақида қизиқамиз. Айтиш керакки, улар кўпчиликни ташкил этган. Туман бандликка кўмаклашиш марказида бўлганимизда, бўш иш ўринлари рўйхатларининг деярли ҳаммаси олий маълумотлиларга тегишли эканлигини, ишга талабгорларга бу рўйхат билан ёрдам беролмаслигини айтишди. Олий маълумотли ёшларга иш йўқ бўлса, ўрта махсус, касб-ҳунар коллежи битирувчиларининг аҳволи не кечди экан, деган оғриқли ўй ўтади хаёлимиздан. Ҳокимлик янги иш ўринлари яратиш дастури ижроси давомида туман ҳудудида режалаштирилган объектлар фаолият бошлашса, иш ўринлари яратилишига умид билдирди. Демак, ҳозирча, бу муаммо ечимсиз қолмоқда.
Сафаримиз давомида бир йўналишда – яъни ички йўллар таъмири мазмунидаги аҳоли мурожаатлари ижобий ечим топаётганлиги гувоҳи бўлдик. “Пахтакон” МФЙнинг А.Қодирий, “Олтин водий” кўчаларида 1200 ва 300 м йўлларга, “Гулбулоқ” МФЙда жами 1180 м, шунинг 400 метри “Боғ” кўчаси, 780 метри “Ойқор” кўчаси йўлларида, “Нуробод” МФЙ “Гулшан” кўчасида 1000 метр ҳудудига тош тўкилиб йўллар нотекислиги бартараф этилди. Бу ишлар йил давомида бажарилиши назарда тутилган. Аҳоли билан суҳбатлашганимизда, улар тош тўкиш билан иш битмаслиги, асфальт ҳам ётқизилишидан умидда эканликларини билдиришди.
Хулоса
Мурожаат тақдири юзасидан суриштирув ўтказиш жараёнида аҳоли билан мулоқот қилганимизда янги муаммоларни сўзлаб, ечимига ёрдам сўрашларига гувоҳ бўлдик. Бошқа томондан ҳужжатлар билан ишлаш кўникмаси аксарият фуқароларимизда етарли эмас. Ишнинг қонуний ҳал этилишига ҳафсала қилинмайди. Оддий масала юзасидан ҳам порталга ёзиб чиқишни ўйлаш даражасига тушишган. Бунинг олдини олишда маҳалла маслаҳатчилари зийракликларини ошириш, аҳоли ўртасида тўғри тушунтириш ишлари олиб бориш, ҳуқуқий маданиятларини ошириш масаласига янгича ёндашув лозимлигини кўраяпмиз.
Озода МАМАДАЛИЕВА, “Ishonch” мухбири