Click to listen highlighted text!

ЁШЛАР ВА АТРОФ МУҲИТ МУҲОФАЗАСИ

             Сирдарё вилоятидаги Сардоба ижтимоий-иқтисодиёт касб-ҳунар коллежида “Экология ва ёшлар” мавзусида давра суҳбати бўлиб ўтди.
Ўзбекистон Экологик ҳаракати Сирдарё вилоят ҳудудий бўлинмаси ташаббуси билан ташкил этилган тадбирда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Экоҳаракат депутатлар гуруҳи аъзолари, давлат ва жамоат ташкилотлари вакиллари, ўқитувчилар ва ўқувчи ёшлар иштирок этди.
Тадбирда Биринчи Президентимиз Ислом Каримов раҳнамолигида барқарор ривожланишнинг муҳим йўналишларидан бири бўлган экологик таълим ва тарбияни такомиллаштиришга йўналтирилган ишлар навқирон авлод камолотида муҳим омил бўлаётганини алоҳида таъкидлаб ўтишди.
Анжуманда экология ва атроф-муҳит мусаффолигини таъминлаш бўйича амалга оширилаётган кенг кўламли ишлар, экологик маданиятни юксалтириш ва шу каби муҳим масалаларига алоҳида эътибор қаратилди. Мамлакатимизда биологик хилма-хилликни сақлаш борасида эришилаётган натижалар, ўсимлик ва ҳайвонот дунёсини муҳофаза қилиш бўйича янги таҳрирдаги 2016 йил 19 сентябрда қабул қилинган “Ҳайвонот дунёсини муҳофаза қилиш ва ундан фойдаланиш тўғрисида”ги ҳамда 2016 йил 21 сентябрда қабул қилинган “Ўсимлик дунёсини муҳофаза қилиш ва ундан фойдаланиш тўғрисида”ги қонунларнинг мазмун-моҳияти, экологик барқарорликни таъминлашда тутган ўрнига оид маърузалар тингланди.
Экологик қонунчилигимиз тамойилларини ҳаётга татбиқ этиш, жамиятда экологик маданиятни юксалтиришда давлат, жамоат ташкилотлари ва таълим муассасалари ҳамкорлиги хусусида фикрлашилди. Тадбирда вилоятдаги йирик ишлаб чиқариш корхоналари томонидан атроф-муҳитни муҳофаза қилиш борасида амалга оширилаётган ишлар, модернизация жараёнларини такомиллаштиришнинг аҳамияти хусусида сўз юритилди. Экологияга жиддий зарар етказиш ҳолатларининг олдини олишда давлат ва нодавлат ташкилотлари ҳамкорликда иш олиб бориши зарурлиги таъкидланди.
Глобал ва минтақавий экологик муаммоларнинг салбий таъсирини камайтириш мақсадида мамлакатимиз 1995 йилда биологик хилма-хилликни муҳофазалаш бўйича БМТнинг халқаро конвенсиясига қўшилган эди. Ушбу йўналишда қабул қилинган миллий стратегия ва ҳаракат режаси асосида кенг қамровли ишлар амалга оширилмоқда. Мамлакатимизда табиат қўриқхоналари, биосфера резервати, табиат миллий боғи, табиат ёдгорликлари, ёввойи ҳайвонларни кўпайтириш бўйича питомниклар, юртимиз ҳудудидан оқиб ўтувчи дарёларнинг сувини муҳофаза қилиш зоналари, сувли-ботқоқли ҳудудларни қамраб олган муҳофаза этиладиган табиий ҳудудлар тизими яратилган. Бу чора-тадбирлар ноёб ҳайвон ва ўсимлик турларини асраш ва кўпайтириш, табиий ресурслардан барқарор фойдаланиш, сув ва тупроқ ифлосланишининг олдини олиш, атроф-муҳит мусаффолигини таъминлашда муҳим омил бўлаётир.
Шунингдек, давра суҳбатида экологик таълим ва қонунчилик, ёшларнинг табиатни муҳофазалашга оид лойиҳаларда фаоллигини оширишда давлат, жамоат ташкилотлари ва таълим муассасаларининг ҳамкорлигини янада кучайтириш, атроф муҳит муҳофазасида ёшларнинг ўрни борасидаги аниқ вазифаларга бағишланган маърузалар ҳам тингланди.
Тадбир ниҳояасида бир гуруҳ экоҳаракат фаолларига фахрий ёрлиқ ва эсдалик совғалари топширилди.

Ўз мухбиримиз.

Print Friendly, PDF & Email
Click to listen highlighted text!