Click to listen highlighted text!

ЯНГИ ИШ ЎРИНЛАРИ ЯРАТИЛДИ

         Сайхунобод туманидаги Шодлик МФЙ ҳудудида жойлашган “Гўзал” хусусий корхонаси қошида янги нон, макарон ва тикувчилик цехлари ишга тушди.
Тадбиркор Сайёра Асатуллаева АТ Микрокредитбанкнинг вилоят филиалидан 60 миллион сўмлик кредити эвазига 8 та тикув машинаси олиб келиб, тикув цехини ишга туширди. Бугунги кунда тикувчилар вилоят ташкилот ва муассасаларининг буюртмаларини бежирим қилиб, тикиб тайёрлаб беришмоқда. Шу билан бирга тадбиркор Намангандан уста новвой ва ошпазларни ишга таклиф қилиб, миллий нон, бўлка нон ва макарон ишлаб чиқарувчи цехлар фаолиятини ҳам йўлга қўйди. Бугунги кунда “Гўзал” хусусий корхонаси ишчилари сони 31 тага етди.
– Жамоамиз сони кундан кунга кўпайиб бормоқда, – дейди Сайёра Асатуллаева. – Банк кредити ҳисобидан нафақат ишчи ўринлари яратдик, балки аҳолига сифатли нон ва макарон маҳсулотлари етказиб беришга бел боғладик. Тикувчиларимиз ҳам бир дақиқа ишсиз қолишмаяпти, буюртмаларни ўз вақтида, буюртмачиларимиз дидига мос равишда сифатли тикиб беришяпти. Келгусида хизмат кўрсатишни янада кенгайтиришни мўлжаллаганмиз. 1 майдан корхонамиз ҳовлисида ёзги кафе ишга тушади. Бу ерда аҳолига салқин ичимликлар ва музқаймоқ сотишни режалаштирганмиз. Шунингдек, иккинчи қаватдаги кафе хизматини ҳам такомиллаштириб, таомномасини бойитишни мақсад килдик.
Ҳа, тадбиркорнинг мақсади эзгу – нафақат бойиш, балки атрофидагилар учун иш ўрни яратиш, халққа хизмат қилиш. Яқин келажакда тадбиркор аёл тумандаги Истиқлол ҚФЙ даги Иттифоқ маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудида бўш турган бинони нол қийматда олиб, инвестиция киритиш ва худди шундай маиший хизмат уйини ишга туширишни режалаштирган.
– Ҳозирда бу борада бирламчи қадамлар қўйилди. Вилоят ва туман ҳокимликларига ариза билан мурожаат қилдик. Насиб қилса, ўз она қишлоғимда ҳам аҳоли учун иш ўрни ва қулайликлар яратиш ниятим бор, – дейди Сайёра Асатуллаева.

Гузаля Русланова

Print Friendly, PDF & Email
Click to listen highlighted text!