ОИЛА ҚЎРҒОНИНИНГ ЕТТИ ЯНГИ УСТУНИ
Сирдарё вилояти Боёвут туманидаги “Марварид” тўйхонасида етти жуфт келин-куёвнинг никоҳ тўйи уларнинг яқинлари ҳамда кенг жамоатчилик иштирокида юксак савияда ўтказилди.
“Президент эътибори – мурувват тадбирларида” шиори остида Ўзбекистон Касаба уюшмалари федерацияси ва Сирдарё вилояти ҳокимлиги ҳамкорлигида ташкил этилган тўйда давлат ва жамоат ташкилотлари раҳбарлари, маданият ва санъат намояндалари, нуронийлар ёшларни табриклаб, уларнинг янги, мустақил ҳаётида бахт ва омад тилади.
Сирдарё вилояти ҳокими Ғ.Мирзаев ва бошқалар Президентимиз Шавкат Мирзиёев раҳнамолигида инсон манфаатларини ҳимоя қилиш, аҳолининг барча қатлами, хусусан, ижтимоий муҳофазага муҳтож оилалар турмуш шароитини яхшилаш, уларни моддий ва маънавий қўллаб-қувватлашга алоҳида эътибор қаратилаётганини таъкидладилар. Бутун юртимиз бўйлаб ўтказилаётган ушбу тўю-тантаналар ҳам кўплаб оилаларга қувонч ва шодлик улашгани, уларнинг кўп муаммоларига ечим топилгани қайд этилди.
Тўйлар арафасида маҳаллий ҳокимликлар, жамоат ташкилотлари ёрдамида келин-куёвлар истиқомат қилаётган хонадонлар таъмирланди. Оқолтин туманилик ёш жуфтлик – Зайнобиддин ва Шаҳноза Абдурасуловларнинг хурсандчилиги қўша бўлди, тўй олдидан Оқолтин тумани ҳокимлиги томонидан келин-куёвга Сардоба қўрғонидан икки хонали квартиранинг калити топширилди.
– Шаҳнозахон Андижондан келин бўлиб келдилар. Рости, тўйимиз бу кутганимиздан-да аъло тантана билан ўтди, – дейди Зайнобиддин. – Иккимиз ҳам чексиз ҳаяжон ва ҳайратдамиз. Бу ажойиб тадбир ҳаётимиздаги энг қувончли кун сифатида бир умр ёдимизда қолади. Кўрсатилаётган эътибор, ғамхўрлик учун давлатимиз раҳбаридан, ҳукуматимиздан, барча саховатли инсонлардан миннатдормиз.
Тўй арафасида ҳомий ташкилотлар томонидан барча удумлар амалга оширилди. Барча келин-куёвларга Президент совғалари – мебеллар тўплами берилди. Муҳими, ишсиз келин-куёвлар ишга жойлаштирилди. Уларнинг ишга кирганлиги ҳақида сертификатлар тўй тантанаси чоғида тақдим этилди. Эндиликда ёшлар янги оилаларини ўзлари молиявий таъминлай оладилар.
– Бизга никоҳдан олдин тиббий кўрикдан ўтказиш, никоҳимизни расмийлаштириш учун имтиёзлар берилди. Никоҳ тўйи маросимида ҳаммамизга никоҳ гувоҳномасини вилоят ҳокими тантанали топширди, биз жуда бахтиёрмиз, – дейди Сирдарё туманилик ёш жуфтлик Саидахон ва Ўктам Қосимовлар.
Пойтахтдан келган эл севган санъаткорлар – Ўзбекистонда хизмат кўрсатган Ғиёс Бойтоев ва “Ниҳол” мукофоти совриндори Шаҳноза Отабоеваларнинг дилтортар куй-қўшиқлари тантана иштирокчилари учун ажойиб совға бўлди. Тадбирда Ўзбекистон Ёзувчи уюшмаси аъзолари, адабиётшунос олимлар Шуҳрат Ризаев, Рустам Мусурмон, Зулфия Қуролбой қизи, Абдуқаюм Йўлдошев, Омонулло Мадаев, шоира Ҳаётхон Ортиқбоева ҳамда шоир Ҳаёт Шодмонлар иштирок этдилар ва келин-куёвларга бахт тилаб, дуо қилдилар.
“Сирдарё наволари” халқ ансамбли хонандалари ижросидаги куй-қўшиқлар остида тадбир узоқ давом этди.
Зебо Ҳайдарова