ХАЛҚАРО БОЛАЛАРНИ ҲИМОЯ ҚИЛИШ КУНИГА БАҒИШЛАНДИ
Мамлакатимизда жисмонан ва маънан соғлом, ҳар томонлама етук ва баркамол ёш авлодни тарбиялашга ҳисса қўшиш, 1 июнь – Халқаро болаларни ҳимоя қилиш кунини муносиб нишонлаш ҳамда “Касаба уюшмалари – болаларга” акцияси доирасидаги вазифалар ижросини таъминлаш мақсадида Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Кенгашининг Раёсати ҳамда вилоят ҳокимининг қарорларига кўра Гулистон маданият ва истироҳат боғида 1 июнь – Халқаро болаларни ҳимоя қилиш кунига бағишланган тадбирлар бугунданоқ бошланиб кетди.
Эрта тонгдан карнай-сурнайлар чалиниб, боққа каттаю-кичикни чорлади. Боғ бугун ҳар қачонгидан-да чиройли безатилиб, гавжум бўлди. Вилоятнинг туман ва шаҳарларидан 40 нафардан 80 нафаргача бўлган кам таъминланган оилалар фарзандларининг ташрифи ташкиллаштирилди.
– Бу йил Халқаро болаларни ҳимоя қилиш куни уч кун давом этади, бугун 5 та туман ва шаҳардан 500 нафар болажонлар келишган, эртага, 31 май куни яна 5 та туман ва шаҳардан жажжи меҳмонлар келишади, 1 июнь куни эса вилоят маркази ва вилоятдаги барча болажонлар учун байрам дастури тайёрланган, – деди биз билан суҳбатда вилоят ҳокимлиги масъул ходими Фарҳод Боқиев.
Боғда “Камолот” ЁИҲ вилоят бўлими фаоллари томонидан ташкиллаштирилган “Қувноқ бекатлар шаҳарчаси”, “Шахмат-шашка” ва қўл жанги усталарининг чиқишлари кўпчиликнинг диққат-эътиборини тортди.
Шу яқиндаги хиёбонда Гулистон “Болалар шаҳарчаси” тарбияланувчиларининг “Камалак” дастаси томонидан концерт дастури намойиш этилди. Жажжилар қувнаб-қувнаб қўшиқ айтдилар ва рақсга тушдилар. Йўлаклар бўйлаб ташкил этилган “Китоб ярмаркалари” жажжи китобсеварларни ўзига чорлади.
-Биз шу ернинг ўзида “Китоб-менинг дўстимсан” танловини ташкил этиб, энг билимдон болаларни китоблар билан тақдирладик, – дейди вилоят Болалар кутубхонаси директори Шоира Шукурова.
Боққа туташ “Яшил театр”да болажонлар учун концерт ва спектакль намойиш этилди. Томошабинлардан бирини суҳбатга тортамиз.
– Ширин шаҳридан келганмиз, – дейди 4-синфни тугаллаб, 5-синфга ўтган Шаҳло Муродова. – Бизга томошалар жуда ёқяпти. Таътилимизнинг илк кунларидан шундай ажойиб байрам ташкил қилиб беришган ташкилотчиларга катта раҳмат.
Болажонларга боғ ичида жойлашган “Нуроний” дам олиш масканида дастурхон ёзилиб, ширинликлар ва музқаймоқ тарқатилди. Энг ажойиб совға – Тошкентдан келган таниқли хонандалар – Эркин ХудойқуловЮ Абдували Ражабов, Дилшод Каттабеков, Шерали Бекмуродов, Музаффар Эркинов, Илҳом Шоимов, Умид Азизхон, “Имкон-шоу”нинг юлдузли бошловчиси Аҳрор Қўшматов, шоир Муҳаммад Исмоил ва бошқаларнинг чиқишлари бўлди. Албатта, эсдалик учун имзо олишу расмга тушишлар ҳам бўлди. Ўзбекистон Касаба уюшмалари Федерациясининг “Ишонч-Доверие” газеталари таҳририяти бош муҳаррири Жаҳонгир Шарофбоев, ижодкорлар Акмал Тошев ва Икром Хасановлар ҳам байрамда иштирок этиш учун етиб келдилар, албатта, сирдарёлик болажонларга ўзларининг совғаларини келтиришди.
– “Болалар шаҳарча”мизнинг ўғил-қизлари доимий эътиборда, айниқса, бугун эл ибораси билан айтганда “аллада азиз” бўлдилар, – дейди шаҳарча директори Покиза Ахмеджонова. – Қарангки, болаларимизга ҳарбий акалари ҳам ажойиб совғалар – велосипедлар совға қилишди. Китоблар, йилномалар, турли ўйинчоқ ва кепкалар – булар учун барча жамоат ташкилотларига ўз миннатдорчилигимизни билдирамиз.
Байрамнинг биринчи кунида томошалар юқори савияда ташкил этилди, эртага ва индин ташкил этиладиган тадбирлар бундан-да қизиқарли бўлади деб, умид қиламиз.
Зебо Ҳайдарова