МУНОСИБЛАР САРАЛАНДИ

        Касаба уюшмалари тизимида ўтказиши анъанага айланган “Энг намунали бошланғич ташкилот” кўрик-танловининг шаҳар босқичи якунига етди. Гулистон шаҳар давлат муассасалари ва жамоат хизмати ходимлари касаба уюшмаси тизимидаги бошланғич ташкилотлар ўртасида ўтказилган танловининг шаҳар бошқичига жами 25 та бошланғич касаба уюшма қўмиталаридан ҳужжат келиб тушди.
Ҳар бир бошланғич касаба уюшма қўмиталари томонидан тақдим этилган ҳужжатлар атрофлича ўрганилиб, мухокама қилинди. Ҳужжатларни баҳолаш якунларига кўра аъзолар сони 100 нафаргача бўлган бошланғич ташкилотлар ўртасида “Ўзсаноатқурилишбанк” АТБ Сирдарё минтақавий филиали, ДТ Халқ банки Сирдарё вилоят филиали, АТБ “Асака банки” Сирдарё вилоят бўлими бошланғич касаба уюшма қўмиталари томонидан тақдим этилган ҳужжатлар ҳамда аъзолари сони 100 нафардан ортиқ бўлган бошланғич ташкилотлар ичида Ўзбекистон Республикаси Марказий банки Республика инкассасия хизмати Давлат унитар корхонаси вилоят бошқармаси, вилоят адлия бошқармаси, вилоят ИИБ Ёнғин хавфсизлиги бошқармаси бошланғич касаба уюшма қўмиталари томонидан тақдим этилган ҳужжатлар юқори натижаларни қайд этди.
– Бошланғич ташкилотларда танлов низоми, унинг талаблари ҳақида тушунча ва кўникмалар юқори. Ҳаттоки, танловга ташкилот иш берувчиларининг ҳам катта қизиқишлари бор, дейди давлат муассасалари ва жамоат хизмати ходимлари касаба уюшмаси Гулистон шаҳар кенгаши раиси Ғулом Жумабеков. – Энг юқори баҳоланган бошланғич касаба уюшма қўмиталари ҳужжатлари тармоқнинг вилоят босқичида қатнашиш ҳуқуқини қўлга киритди.

Озода МАМАДАЛИЕВА,
“Ishonch” мухбири

Print Friendly, PDF & Email