Click to listen highlighted text!

СИФАТЛИ ХИЗМАТДАН МИЖОЗЛАР МАМНУН

Ширин шаҳридаги «Фарҳод» маҳалласидан Дилноза Тожибоева якка тартибдаги тадбиркор сифатида хонадонидаги бўш хоналардан бирида аёллар учун «Гўзаллик салони»ни ишга туширди.

Дастлаб Дилноза муаммоларга дуч келди, жумладан, салон учун керакли асбоб-ускуналарнинг етишмаслиги, қолаверса, касбий кўникма камлиги боис мижозларнинг бугунги замонавий пардоз ҳамда соч турмагига бўлган талабини қондиролмади. Шаҳардаги тажрибали мутахассислардан маслаҳат олиб, уларнинг ишини кузатди, билмаганларини ўрганди, Гулистон шаҳридаги ўқув-марказларидан бирида малакасини оширди. Шундан сўнг йиғин кўмагида банкдан 5 миллион сўм кредит олиб, «Гўзаллик салони» учун мебеллар жамланмаси ҳамда зарур жиҳозларни харид қилди.

– Бугун аёлларимиз бизнинг ишимиздан мамнун, – дейди Дилноза Тожибоева. – Опа-сингилларимизнинг ораста бўлишларига ҳиссамизни қўшаётганимиздан хурсандмиз. Айни пайтда салонимизда мижозлар учун барча қулай шароитлар яратилган, уларга ўндан зиёд хизмат турларини кўрсатяпмиз. Ишимизнинг сифати, нархларимизнинг ҳамёнбоплиги мижозларимиз сонини оширмоқда. Жорий йилда «Гўзаллик салони» ёнидан тўй либослари савдо дўконини очиш ниятидамиз. Бу, ўз навбатида, мижозлар учун бир қанча қулайлик яратади: байрам ва тўй кунлари шу ернинг ўзида улар либос ҳамда унга мос тарзда соч турмаги ва пардоз турларини танлашлари мумкин.

Ҳозир бу ерда 5 нафар қиз ҳунар ўрганиш баробарида оиласи бюджетига қўшимча даромад олиб кираётир.

 

Тошпўлат ҲАЙИТБОЕВ

Print Friendly, PDF & Email
Click to listen highlighted text!