“ИШБИЛАРМОН АЁЛ” КЎРИК-ТАНЛОВИНИНГ ВИЛОЯТ БОСҚИЧИ БЎЛИБ ЎТДИ“ИШБИЛАРМОН АЁЛ” КЎРИК-ТАНЛОВИНИНГ ВИЛОЯТ БОСҚИЧИ БЎЛИБ ЎТДИ
Яқинда вилоят маркази – Гулистон шаҳридаги “Маънавият-тарғибот марказида Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати – Ўзбекистон Либерал-демократик партияси Сирдарё вилоят Кенгаши, вилоят хотин-қизлар қўмитаси, вилоят касаба уюшмалари ташкилотлари бирлашмаси ва бир қатор нодавлат-нотижорат ташкилотлари ҳамкорлигида мамлакатимиз тараққиёти ва халқ фаровонлиги йўлида фаол иштирок этаётган шижоатли, изланувчан, ташаббускор, тадбиркор ва фермер хотин-қизлар ўртасида “Ишбилармон аёл” кўрик-танловининг вилоят босқичи бўлиб ўтди. Кўрик-танловда вилоят, туман-шаҳар хотин-қизлар қўмиталари раислари, O’zLiDeP вилоят, туман ва шаҳар Кенгаши ходимлари, халқ депутатлари вилоят, туман ва шаҳар Кенгаши депутатлари, вилоят касаба уюшмалари ташкилотлари бирлашмаси, вилоят “Маҳалла” хайрия жамоат фонди вилоят бўлими ва бошқа қатор ННТ, тадбиркор ва фермер аёллар, фаол хотин-қизлар ҳамда ОАВ вакиллари иштирок этишди.
Тадбирни вилоят ҳокимининг ўринбосари, хотин – қизлар қўмитаси раиси Дилфуза Ўролова очиб берди. Сўзга чиққанлар ушбу кўрик-танлов вилоятимиз тадбиркор ва ишбилармон хотин-қизлар вакиллари ўртасида маълум ва машҳур бўлиб, жамиятда алоҳида меҳнат ресурсига ва интеллектига эга бўлган, ўзининг ташаббускорлиги ва амалий ҳаракатлари билан икки ёки ўндан ортиқ иш ўринлари яратган ишбилармон аёлларнинг ташаббускорлигини рағбатлантирувчи ва кўмаклашувчи эътиборга молик тадбирлардандир, дея таъкидладилар. Ушбу тадбир мамлакатимизда барчамиз учун азиз ва муқаддас байрам – Мустақиллигимизнинг 26 йиллиги арафасида “Фидойинг бўлгаймиз сени – Ўзбекистон!” шиори остида кўтаринки ва амалий кайфиятда ташкил этилди. Шуни алоҳида айтиш жоизки, Ўзбекистонда хотин-қизларнинг сиёсий, ҳуқуқий фаоллигини ошириш, тадбиркорлик ва фермерлик соҳасида муносиб иштирокини таъминлаш, истеъдодларни рўёбга чиқариш, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликка жалб этиш, айниқса, мамлакат иқтисодиёти, кичик бизнес ва хусусий секторнинг ривожланишида ишбилармон аёлларимизнинг фаол иштирокини таъминлаш борасида тизимли ишлар йўлга қўйилган.
Ҳайъат аъзолари томонидан иштирокчиларнинг бугунги кундаги фаолияти давомида хотин-қизлар учун қўшимча ишчи ўрни яратилганлиги, экспортга йўналтирилган ёки импорт ўрнини босувчи маҳсулот ишлаб чиқаришга асосланганлиги, аҳолига хизмат кўрсатишнинг ихтисослашганлиги, лойиҳа муаллифининг O’zLiDeP томонидан ўтказилган семинар ва ўқувларда иштирок этиб келаётганлиги, иштирокчилар тақдимотларида уларнинг ўз фаолиятларида учраётган муаммолар, ғов ва тўсиқларни қай тарзда бартараф этганлиги, шунингдек, Ўзбекистон Республикаси иқтисодиётини ривожлантиришда муҳим ўрин тутадиган тадбиркорликни ривожлантиришга ҳамда хотин-қизларнинг жамиятдаги ўрни ва мавқеини оширишга қаратилган Ўзбекистон Республикаси қонунлари, Президент Фармонлари, Вазирлар Маҳкамаси Қарорлари борасидаги билимлари текширилиб, Низомда ўрнатилган тартибда ташкилий қўмита томонидан аниқланган номинациялар бўйича, тақдим этилган лойиҳалар асосида юқори натижаларга эришган ва хотин-қизлар ўртасида тадбиркорликни ривожлантиришга ҳамда ишчи ўринлари яратишга қаратилганлиги бўйича ҳар бир иштирокчи бирма-бир сўзга чиқарилиб, қуйидаги номинациялар бўйича ўринлар белгиланди.
– “Замонавий тадбиркор аёл портрети” номинациясига “ЯТТ” Хосият Холмуродова, “Йилнинг мурувватли ишбилармон аёли” номинациясига ЯТТ Дилшода Хусанова, “Қишлоқ инфратузилмасини ривожлантираётган фермер аёл” номинациясига “Болғали Қилич ака” фермер хўжалиги раиси Гулчеҳра Қаршибоева, “Ташаббускор аёл” номинациясига Шириной Холиқова муносиб деб топилган бўлсалар, “Битирувчи қизларга энг кўп иш ўрни яратган ишбилармон аёл” номинацияси бўйича хусусий тадбиркор Гулсара Шерматова ғолиб деб топилди, – дейди O’zLiDeP вилоят Кенгаши раисининг Аёллар масалалари бўйича ўринбосари Покиза Аҳмеджанова.
Ҳакамлар ҳайъатининг хулосасига кўра, ушбу кўрик-танловининг вилоят босқичида тадбиркорлик ва фермерлик фаолиятида энг яхши натижага эришган, ўзининг иқтисодий, ижтимоий, сиёсий ва маънавий билимлари билан, ўз фикрини эркин баён эта олиши ва нотиқлик маҳорати билан юқори балл тўплаб, 1-ўринни қўлга киритган “Санжар Алимардон Умид” фермер хўжалиги раҳбари Асалхон Давронова, 2-ўрин соҳиби “Гўзал” хусусий корхонаси раҳбари Сайёра Асатуллаева, 3-ўринни эгаллаган “Ховос қурилиш сервис” МЧЖ раҳбари Гулжамол Мавлянова ғолиб деб топилдилар ва танловнинг республика босқичига йўлланма олишди.
Танлов иштирокчиларига ташкилотчиларнинг махсус диплом ва эсдалик совғалари топширилди.
Сабоҳат Бобоева