Click to listen highlighted text!

БАХТИН КЎРИНГ – ЎЗБЕКИСТОН БОЛАСИНИ

            “Қайси фасл ёқади” деган саволга болалар, албатта, “Ёз фасли” дея жавоб беришади. Ушбу жавобга таътил вақтидаги оромгоҳлар берган яхши таассуротлар сабаб бўлиши, шубҳасиз.
Дарҳақиқат, фарзандларимиз бўш вақтининг мазмунли ва мароқли ўтишини таъминлайдиган оромгоҳлар сони ва сифати доимий назоратда бўлиб, йилдан йилга оширилиб борилмоқда. Шу муносабат билан мавсумни уюшқоқлик билан ташкил этиш мақсадида ҳар йили вилоят семинари ўтказилади. Бу йилги амалий семинар Гулистон туманидаги 26 – умумтаълим мактабида ташкил этилди. Унда вилоятда фаолият юритадиган оромгоҳлар раҳбарлари, вилоят касаба уюшмаси фаоллари, халқ таълими, соғлиқни сақлаш, ҳуқуқбузарликлар профилактикаси, фавқулодда вазиятлар, маданият, жисмоний тарбия ва спорт бошқармалари вакиллари иштирок этишди.
Танланган ҳудуд туманнинг энг чекка мактаби бўлиб, қишлоқ ҳудудида ўқувчилар бўш вақтини мазмунли ташкил этиш, дилбандлар учун соғлом ва хавфсиз бўлган муносиб шароитлар яратиш бўйича намуна намойиш этилди.
Семинарда таъкидланганидек, кундузги оромгоҳлар гарчи мактаб ҳудудида бўлса ҳам, кўргазмали қуроллар ёрдамида бутунлай янгича қиёфага кириши лозим. Бундай ўзгариш ўқувчи учун ижобий таъсир қилиб, қизиқиш уйғотади. Мактаб ҳудуди, оромгоҳ тарбиячилари муҳитни мактабдан, машғулотларни дарсдан фарқли тутуши муҳим.
Оромгоҳ шунчаки ўйингоҳ бўлмаслиги, фарзанд бу ерда доимий равишда янгиликлар қабул қилиши, нима ўрганганини ҳар куни ота- онасига айта олиши лозим.
Мутасаддиларнинг мавсум давомидаги тўгараклар фаолияти тўғрисида берган маълумотлари машғулотларнинг юқори сифатда ўтишига барчани ишонтирди. Давлатимиз раҳбарининг бешта муҳим ташабббуси акс этган тўгарак ва кўрик – танловлар янгиликка ташна бўлган болажонлар истиқболи учун муҳим қанот бўлиши, шубҳасиз.


Семинар мезбони бўлган 26 – умумтаълим мактаб жамоаси 20 та тўгарак фаолияти, машғулот хоналари кўриниши бўйича намуналар намойиш этишди.
Болаларни соғломлаштириш касаба уюшмаларининг устувор мақсадларидан биридир. Оромгоҳлар фаолиятини ташкил этиш, йўлланмалар нархини назорат қилиш билан бирга касаба уюшмалари доимий равишда кам таъминланган оила фарзандлари, меҳрибонлик уйи тарбияланувчилари учун бепул йўлланмалар берилишини таъминлаб келмоқда.
Бу йил фарзандларимиз учун совғамиз бор, – дейди вилоят касаба уюшмалари ташкилотлари бирлашмаси раиси Рустамбек Турсунмуродов. – Сўлим маскан- Зомин тумани Қўриқ қишлоғида “Зомин” номли замонавий барпо этилган янги оромгоҳ фойдаланишга топширилади. 3 гектар майдондаги жаҳон меъёрларига мос бўлган оромгоҳда бу йил тўрт навбатда жами 800 нафар болалар дам олдирилиши режалаштирилган. Бир йил муддатда қуриб битказилган оромгоҳнинг ҳар бир хонаси бола дидига мос равишда турлича безаклар ила жиҳозланган. Айниқса, сузиш ҳавзаларига такомиллашган қурилмалар ўрнатилган бўлиб, бунинг натижасида қишин- ёзин ҳарорат 26 градус илиқликда бўлиши таъминланади. Шунингдек, “Сирдарё”, “Гулистон” номидаги соғломлаштириш оромгоҳларида доимгидек болалар қабул қилинади. Ушбу масканларда таъмирлаш, жиҳозлаш ва малакали ходимларни жалб қилиш ишлари якунига етказилмоқда.
Бундан беш йил нарисида вилоятнинг оромгоҳ ёшида бўлган ўқувчиларининг атиги 4,5 фоизи соғломлаштирилар эди, – дейди вилоят касаба уюшмалари ташкилотлари бирлашмаси раиси ўринбосари Қаршибой Эшназаров. – Бу кўрсаткич ўтган йили 14 фоизга етказилди. Бу йилги ёз мавсумида вилоятда 14,4 минг нафар болалар, шундан икки минг нафари стационар, 12,4 минг нафари кундузги оромгоҳларда дам олдирилиши режалаштирилган. Натижада оромгоҳ ёшида бўлган ўқувчиларнинг 15,5 фоизини соғломлаштирилишига эришамиз. Бу вилоятлар ўртасида юқори кўрсатгич ҳисобланади.
Шунингдек, семинар ишида ўтган йил мавсуми давомида содир этилган камчиликлар ҳақида ҳам тўхталиб ўтилди. Чунончи, 4 маротаба электр узилишлари натижасида музлаткичда сақланиши лозим бўлган озиқ – овқат маҳсулотлари билан жиддий муаммолар юзага келганлиги, мактаблар қошидаги кундузги оромгоҳ ошхоналарида бор-йўғи битта қўл ювиш жойи ташкил этилгани каби муаммолар такрор юз бермаслиги чоралари кўрилиши учун кўрсатмалар берилди.
Семинар иши давомида вилоят ҳокими ўринбосари Отабек Абдуғаниев, Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси бўлим бошлиғи Маҳмуд Исаев, шунингдек вилоят соғлиқни сақлаш, ички ишлар, фавқулотда вазиятлар бошқармалари вакиллари иштирок этдилар ва сўзга чиқдилар.
Шу куни “Бахтли болалик оромгоҳи” деб ном берилган мактаб кундузги оромгоҳи рамзий тасмаси қирқилди. Болаликнинг кўзлари катта. Кўрган нарсалари ёдида қолади. Шундай экан, уларга гўзаллик ва эзгуликни намойиш этайлик.

ВКУТБ Маданий-маьрифий ва спорт ишлари бўлими

Print Friendly, PDF & Email
Click to listen highlighted text!