ТОШКЕНТГА САЁҲАТ ТАШКИЛ ЭТИЛДИ ТОШКЕНТГА САЁҲАТ ТАШКИЛ ЭТИЛДИ
Юртимизда энг улуғ ва энг азиз байрамга тайёргарлик бошланиб кетган ушбу кунларда пойтахт –Тошкент ҳамда мамлакатимизнинг энг қадимий шаҳарлари –Хива, Урганч ҳамда Бухорога меҳнаткашларнинг саёҳати ташкиллаштирилмоқда.
Касаба уюшмалари, хотин-қизлар қўмитаси, “Ўзбектуризм” МЧЖ ҳамкорлигида ташкил этилаётган ушбу саёҳатлар давомида меҳнаткашлар юртимизда олиб борилаётган ислоҳотлар самараси ўлароқ бунёд этилаётган турли замонавий объектлар, тўла таъмирдан чиқарилган зиёратгоҳ ва қадамжоларга ташриф буюришмоқда, музей ва театрлар, кинотеатрларга тушишиб, маданий ҳордиқ чиқаришмоқда.
Яқинда Давлат муассасалари ва жамоат хизмати ходимлари Оқолтин тумани кенгаши ва Оқолтин туман хотин-қизлар қўмитаси ҳамкорликда ташкилот ва маҳаллаларда фаолият юритувчи 40 нафар аёлнинг Тошкент шаҳрига саёҳати ташкил этилди.
– Саёҳат аввалида Зангиота зиёратгоҳини зиёрат қилдик. Таърифга тил ожиз. Зиёратгоҳ қайта таъмирланиб, ҳовлиси замонавий дизайн услубида безатилиб, жуда чиройли ҳолатга келтирилибди, – дейди туман хотин-қизлар қўмитаси раиси Наргиза Тожибоева. – Зиёратгоҳдан сўнг пойтахтнинг энг гўзал гўшаларидан бири – Мирзо Улуғбек истироҳат боғида ҳам бўлдик. Кинотеатрга тушиб, “Аҳмадбой” номли комедияни томоша қилдик. Амир Темур музейида буюк саркардамизнинг шонли тарихи билан танишдик. Шаҳидлар хиёбонида бўлдик. Буларнинг барчаси саёҳатчиларимизда жуда катта тассурот қолдирди.
-Байрам арафасида меҳнаткашлар учун турли маърифий тадбирлар, маданият ходимлари ва ёзувчилар, шоирлар билан учрашувлар, тарихий шаҳарларга саёҳатлар ташкил қилинмоқда. Шу билан бирга “Мурувват” ва “Саховат” уйларида истиқомат қилувчи, жисмонан ва ақлий қобилияти чекланган юртдошларимиз ҳолидан хабар олиниб, байрам совғалари тақдим этилади, – дейди ВКУТБ маданий-маърифий ва спорт ишлари бўлими мудири Хайрулла Аминов.
Сирдарё вилоятида аллақачон байрам тадориги бошланиб кетган. Касаба уюшмалари ушбу эзгу ишдан четда турмай, ўз тизимида қатор ижобий ишларни амалга оширишмоқда.
Зебо Ҳайдарова