БУЮК СИЙМО

                 Инсон учун энг қимматли нарса қадр. Инсон учун энг азиз нарса хотирадир. “Инсоний хислатлар тўрт қисмга бўлинади: назарий фазилатлар, тафаккур фазилатлари, яралма (ҳаёт жараёнида вужудга келувчи) фазилатлар ва амалий санъат (касб) фазилатлари”, – деган эди файласуф олим Абу Наср Форобий. Атоқли давлат арбоби ва ёзувчи Шароф Рашидов мана шу тўрт хислатларни ўзида мужассамлаштирган инсон эдилар.Инсон учун энг қимматли нарса қадр. Инсон учун энг азиз нарса хотирадир. “Инсоний хислатлар тўрт қисмга бўлинади: назарий фазилатлар, тафаккур фазилатлари, яралма (ҳаёт жараёнида вужудга келувчи) фазилатлар ва амалий санъат (касб) фазилатлари”, – деган эди файласуф олим Абу Наср Форобий. Атоқли давлат арбоби ва ёзувчи Шароф Рашидов мана шу тўрт хислатларни ўзида мужассамлаштирган инсон эдилар.

                     Ўтганларни эслаш – халқимизнинг энг эзгу анъаналаридан биридир.

            1992 йилнинг ноябр ойида Жиззах шаҳрида атоқли давлат арбоби Шароф Рашидов таваллудининг 75 йиллиги катта тантана қилинган эди. Тантанада Ўзбекистон Республикасининг  Биринчи Президенти Ислом Каримов катта маъруза қилиб:

              “Шароф Рашидов мустақиллик пойдеворига муносиб ғишт қўя олган арбоблардан эди”.— “Шароф Рашидов ўз тузумига садоқат билан хизмат қилди”.

               — “Шароф Рашидов ниҳоятда иқтидорли, ўз халқи сингари барча соҳаларда истеъдодли инсон эди. У теран тафаккури ҳамда билими билан нафақат давлат арбобларини, балки сиёсатчилар, дипломатлар, хўжалик ходимларини ҳам ҳайратда қолдирар эди. Унинг ижодий истеъдоди ҳам кўп қиррали эди – шоир, ношир, публицист сифатида яратган асарлари бу жанрлардаги ҳар қандай асарлар билан беллаша олади”, – деган эдилар. Бу юксак баҳо халқимизнинг хоҳиш-иродасини, фикр-ўйини тўлиқ ифодалаган эди.

                   Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг 2017-йил 27-мартдаги “Атоқли давлат арбоби ва ёзувчи Шароф Рашидов таваллудининг 100 йиллигини нишонлаш тўғрисида”ги Қарори халқимизни беҳад хурсанд қилди.

                   Ўзбекистонни жуда мураккаб, оғир, қийин йилларда бошқариб юртимиз тараққиётига муносиб ҳисса қўшган Шароф Рашидовнинг ёрқин хотирасини улуғлаш ҳамда таваллудининг 100 йиллигини муносиб нишонлаш, жойларга номини бериш, ҳайкалини ўрнатиш, мемориал уй-музейини ташкил этиш, илмий-амалий анжуман ўтказиш, сайланма асарларини, хотира китобини нашр этиш каби ниҳоятда савобли ишларни амалга ошириш зарурлиги Президентимиз Қарорида ўз аксини топган. Яқинда Жиззахда Шароф Рашидовга бюст ўрнатилди. Ёзувчи ўқиган 10-мактабда ҳам юбилейга катта тайёргарлик ишлари давом этмоқда. Уй музейи таъмирланмоқда.

             Шароф Рашидов 1917 йил 6-ноябрда Жиззах шаҳрида оддий деҳқон оиласида таваллуд топган. У Жиззах шаҳридаги 10-сонли Наримонов номли 7-йиллик мактабни 1933 йилда тугатиб бир йил мактабда етакчилик қилади. 1934 йили Жиззах педагогика техникумига ўқишга киради. 1937-1941 йилларда Алишер Навоий номидаги Самарқанд давлат университети филология факультетида таҳсил олган. Шароф Рашидов университетда ўқиш билан биргаликда 1938-1941 йилларда Самарқанд вилоятидаги “Ленин йўли” газетасида мухбир, масъул котиб, мухаррир ўринбосари, университетнинг охирги курсида ўқиб юрганида эса вилоят газетаси мухаррири даражасига кўтарилади.

                1941 йили Иккинчи жаҳон уруши бошланганида Шароф Рашидов кўнгиллилардан бўлиб, биринчилар қатори жангга кетади. У Шимолий-Ғарбий фронтдаги ўқчи бригаданинг сиёсий раҳбари сифатида фаолият кўрсатаётганида эндигина 25 ёшга қадам қўйган эди. 1942 йил ноябр ойида Шароф Рашидов урушдан оғир ярадор бўлиб қайтиб келади ва мактабда директорлик қилади. Мактабда директорлик қилиш билан бирга тарих, адабиёт, рус тили фанларидан ўқувчиларга дарс беради. Мактабда директор бўлганига бир йил тўлмасдан туриб “Ленин йўли” газетасига бош мухаррир қилиб тайинланади.

                     1944 йил май ойида Шароф Рашидов Самарқанд вилоят партия қўмитаси котиби қилиб сайланади ва 1947 йилгача ишлайди. Шароф Рашидов иқтидорли, истеъдодли, ташкилотчилик қобилиятига эга бўлганлиги учун 30 ёшида “Қизил Ўзбекистон” газетаси мухаррири  қилиб тайинланади. 1949-1950 йилларда Шароф Рашидов Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасига раислик қилади.

                  Шароф Рашидов ўттиз уч ёшида Ўзбекистон ССР Олий Совети Президумининг Раиси қилиб сайланган. Собиқ СССР тарихида бундай ёш раҳбар олий ҳокимият  эгаси бўлмаган эди.

                   Шароф Рашидов 1959 йилдан Ўзбекистон Коммунистик партияси Марказий Комитетининг биринчи секретари этиб сайланганида эндигина қирқ ёшдан ошган эди, холос. У 1961-1983 йилларда КПСС Марказий Комитети Сиёсий бюроси аъзолигига номзод бўлган. Шароф Рашидов 1974 йилда ҳамда 1977 йилда собиқ СССР нинг олий мукофоти “Меҳнат Қаҳрамони” унвонларига ва кўплаб орден-медалларга сазовор бўлган эди. Бу мукофотлар катта меҳнатга берилган мукофот эди. Гулистон, Янгиер ва бошқа ўнлаб шаҳарларни, туманларни пайдо бўлишида, йўлларни асфалт қилинишида Шароф Рашидовни катта хизмати бор.

                Шароф Рашидов вафотидан кейин, 1994 йилда Ўзбекистон Республикаси Биринчи Президенти Ислом Каримов Фармонига биноан Тошкентдаги Халқлар Дўстлиги саройи маъмурий мажмуаси учун қурилиши ғоясининг муаллифи ва ижодий гуруҳ раҳбари сифатида Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон давлат мукофоти билан тақдирланган эди.

              Филология фанлари доктори, профессор Анқабой Қулжонов “Шароф Рашидов тирик” китобида: “Шароф Рашидов сафдошларининг гувоҳлик беришича, барча раҳбарлар орасида ўта камтар ва одамохунлиги, айни чоғда хотирасининг ниҳоятда тиниқлиги ва зеҳнининг фавқулотда кучлилиги билан бетакрор шахс бўлган. Табиат инъом этган бундай нодир хусусиятлар унинг шуҳратига шухрат қўшиб узоқ йиллар мобайнида деярли барча рахбарларга намуна бўлиб келган” деб ёзадилар.(А. Қулжонов. “Шароф Рашидов тирик”, Гулистон, 2002 йил, “Зиё”нашриёти 33-бет) Профессор Анқабой Қулжонов “Шароф Рашидов тирик” китобини қайта ишлаб, тўлдириб, кенгайтириб “Адиб ва замон” номи билан 2012 йилда “Зиё” нашриётида қайта нашр қилдирди. Бу китоблар халқимизнинг севимли инсони Шароф Рашидов ҳақида бўлганлиги учун ҳам қисқа вақтлар ичида тарқалиб кетди.

             Ислом Каримовнинг юқорида тилга олинган маърузасида шундай деган эдилар: “Шароф Рашидов ҳақида гап кетар экан, авваламбор, ўша давр зиддиятлари хусусида гапириш керак. Бу мураккаб шахс бир тарафдан миллий манфаатларни ўйлашга, иккинчи тарафдан – марказдан келган, туб манфаатларга зид буйруқларни ҳаётга тадбиқ этишга мажбур бўлганини унутмаслик зарур. Унинг умри сандон билан болға ўртасига қўйилган эди, деб айтсак ҳам асло муболаға бўлмайди”, – деган эди Ўзбекистон Республикаси Биринчи Президенти Ислом Каримов. Шундай мураккаб шароитда яшашига қарамасдан Шароф Рашидов ижод билан шуғулланди. Адабий-танқидий мақолалар, очерклар, шеърлар, романлар, қиссалар ёзди.

                    Шароф Рашидовнинг 1938-41 йилларда “Ленин йўли” газетасида ишлаб юрганида “Самарқанд куйлайди” тўпламида дастлабки “Санъатинг кулсин”, “Навоийга”, “Ватан ишқи”, “Қувончли диллар” каби шеърлари босилиб чиққан. Шароф Рашидовнинг биринчи китоби, шеърлари – “Самарқанд куйлари” номи остида чоп этилади, 1945 йилда “Қаҳрим” тўплами, 1951 йилда “Ғолиблар” қиссаси 1956 йилда “Кашмир қўшиғи”, 1958 йилда “Бўрондан кучли”, 1959 йилда “Икки дил достони” каби кўплаб асарлари нашр этилган бўлиб, бугунги кунда улар халқимизнинг маънавий мулки бўлиб қолди.

              2016 йил ноябр ойида Жиззах шаҳрида бўлиб ўтган сайловолди учрашувида Шавкат Мирзиёев: “Маълумки, Шароф Рашидов Республикага қарийб чорак аср етакчилик қилди. Ўтмишни яширишнинг хожати йўқ. Шароф Рашидов ўз даврининг фарзанди эди, у мавжуд тузумга садоқат билан хизмат қилди”, – деган эдилар. Шароф Рашидовнинг Ўзбекистон учун, ўзбек халқи учун хизматлари беқиёс. Шароф Рашидовнинг саъй-ҳаракати билан Тошкентда ер ости қасри – метро, цирк ва бошқа ўнлаб бинолар, кўплаб йўллар қурилди ва кўплаб ободончилик ишлари амалга оширилган. Ш. Рашидов тинчлик ишига катта хисса қўшган. У раҳбарлигида ўнлаб давлатларга собиқ СССР делегатциясининг раҳбари бўлиб турли шартномалар имзоланишига бош-қош бўлган. “Тошкент руҳи”  деган терминнинг пайдо бўлишига ҳисса қўшиб Тошкентда Осиё ва Лотин Америкаси ёзувчиларининг, киноактёрларининг фестивалларини, Адабиёт ва санъат кунларини ўтказилишига бош-қош бўлган.

           Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг “Китоб маҳсулотларини чоп этиш ва тарқатиш тизимини ривожлантириш, китоб мутолаасига ва китобхонлик мажданиятини ошириш ҳамда тарғибот қилиш бўйича Комиссия тузиш тўғрисида” ги Фармоиши, Ўзбекистон Президентининг “Қадимий ёзма манбаларни сақлаш, тадқиқ ва тарғиб қилиш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида” ги Қарорида, 2017-2021 йилларга мўлжалланган Ҳаракатлар стратегиясида, Президентимизнинг “Буюк келажагимизни мард ва олижаноб халқимиз билан бирга қурамиз” номли китобида илгари сурган барча ғоялар мамлакатимиз тараққиётини халқимиз фаровонлигини юксалишига хизмат қилади.

              Тарихдан маълумки, мамлакат тараққиёти илм-фан ривожига боғлиқ. Президентимизнинг қабул қилаётган ҳар бир қарорлари, фармонлари, фармоишлари ва ташрифлари давомида билдираётган фикр-мулоҳазалари юртимиз ривожини, халқимиз фаровонлигини оширишга қаратилган. Шу жиҳатдан олганда атоқли давлат арбоби, ёзувчи Шароф Рашидов таваллудининг 100 йиллигини катта адабиёт, маънавият байрами сифатида нишонланиши ўтмишимизда яшаб ўтган аждодларимизга ҳурматимиз рамзи деб тушуниш керак бўлади.

              Файласуфларда бир гап бор: “Инсоннинг энг яқин ёрдамчиси бу унинг ўзининг ақлидир”. Демак, инсон ақлли, маърифатли, маънавиятли бўлиши учун Шароф Рашидов, Ислом Каримов, Шавкат Мирзиёевларнинг ҳамда ўтмишдаги ва бугунги кўплаб олимларимизнинг, ижодкорларимизнинг асарларини ўқишимиз керак бўлади. Барчангизни хонадонингизда зиё тарқатувчи кўплаб китоблар бўлишини ва кўплаб китоблар ўқиб соғ-саломат, бахт-саодатли ҳаёт кечиришингизни тилаб қоламан.

Равшанбек Маҳмудов ГулДУ доценти, фалсафа фанлари номзоди, 

Ўзбекистоне Ёзувчилар уюшмаси аъзоси

Print Friendly, PDF & Email