БЕШ БАРМОҚ БАРАВАР ЭМАС
“Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили” дастурига асосан касаба уюшмалари фаоллари вилоят бўйича учинчи маротаба аҳоли хонадонларида бўлиб, муаммолари билан танишмоқда. Ушбу муаммоларнинг баъзилари жойида ҳал бўляпти, ечими қийинроғи туман, вилоят ҳокимлигига ва тегишли ташкилотлар раҳбарларига тақдим этилмоқда.
Бу галги ташрифимиз Оқолтин туманидаги “Кўркам диёр” маҳалласига бўлди. Маҳалла фуқаролар йиғини раиси Гулнора Мустапова билан танишувимиз жуда жўн кечди. Гулнора юриб чарчамайдиган, бир жойла ўтира олмайдиган“куйди-пишди” аёл экан. Келишдан мақсадимизни эшитиб, юзлари ёришиб кетди. Дарҳол маҳалласида кам таъминланганлар рўйхатида турувчи хонадонларга бошлади.
Кам таъминланганлар асосан, кўп қаватли уйда туришар экан. Маҳалладаги икки қаватли уйлар гарчи 50 йил илгари қурилган бўлса-да чўкмаган, яхши турипти, аммо бу ерда ҳам бинога ташқарисига бирор маротаба супурги тегмас экан.
-Одамлар “ширкат қилиб берсин”га ўрганиб қолишган, – дейди Гулнора. – Умуман, ўз остонасини ўзи тозалаб қўймаган киши, дангасаю лоқайдликка ўрганиб ққолган кишиларни “қимирлатиш”, замон билан ҳамқадам юришга даъват этиш қийин бўляпти. Албатта, олиб бораётган ишларимиз самараси ўлароқ кам таъминланган оилалар рўйхати қисқарган, аммо шу қолганларини ҳам боқимандалик кайфиятидан чиқаришимиз – олдимизга қўйилган долзарб вазифадир.
– Дарҳақиқат, Оқолтин туманининг кенг-кўламли, серҳосил далаларида меҳнат қилган киши кам бўлмаяпти. Бу йил қовун-тарвуз, сабзавот экканларнинг ошиғи олчи, – дейди Агросаноат мажмуи ходимлари касаба уюшмаси вилоятдаги масъул ташкилотчиси Ҳайитбой Фармонов. –Қовун 4-5 минг сўм, тарвуз -3-4 минг сўм. Кўпчилик далага мош, ловия эккан, сабзи, шолғом, турп эккан.
Шунга қарамасдан, “олма пиш, оғзимга туш” деб ўтирганлар ҳам йўқ эмас экан. Бир нарса ажаблантиради. Қандай қилиб, вақтинча ишсиз юрган 20 ёшли йигитни ишсиз 19 ёшли қизга уйлантириб қўйиш мумкин? Ўзларининг қорнини тўйдира олмаса, эртага фарзандли бўлишса қандай боқишади? Ёз, “пул топаман” деганнинг барчаси далада, ёки бўлмасам, дўкон, чойхона очган, гўзаллик салони, тикувчилик цехида иш қайнайди. Аммо, биз борган кам таъминланган мақомидаги оилаларда деярли барча уйда.
– Қизим ва мен мавсумий ишларда иштирок этамиз, – дейди уй бекаси Н. Бу аёл бор-йўғи 50 ёшда, аммо икки ўғли ва икки қизи бўй етиб, ёнига кириб қолишган. “Фермер хўжалигига ишга киргазиб қўяйлик ўғилларингизни” деган таклифга бир ўғлининг Тошкент вилоятидаги фермер хўжалигида трактор ҳайдаётганлигини, иккинчисининг устачилик билан шуғулланишини билиб олдик.
-Қора қозон қайнаб турибди, аммо, шу газдан 800 минг сўм қарз бўлиб қолганимиз чатоқ-да, – дейди уй бекаси хўрсиниб. Аммо, маҳалла оқсоқолининг ўғлингизни фермер хўжалигига ишга жойлаб қўяй, деган таклифига яна рад жавобини билдирди.
– Пахта теримигача яхши бўлиб қолсам, ўзим чиқаман қизимни олиб, – деди у.
Маҳаллани кезиб, озиқ-овқат дўконларининг кўпайганига эътибор қилдик. Айниқса, бир дўконнинг эшигига унда бор қишлоқ хўжалиги маҳсулотларининг кундалик нархи ёзилиб, ошгани ёки пасайгани ҳақида маълумот қўйилар экан.
-Бу маълумотларни коллеж битирувчиси, ЯТТ очиб, шу дўконни юритадиган ўғлим Темур ҳар куни эринмасдан ёзиб, илиб қўяди, – дейди ёш тадбиркорнинг онаси Муҳаббат Жонхўрозова.- Маҳалладошларимизнинг оғирини енгил қилиш, уларга сифатли савдо хизмати кўрсатиш учун ғайрат қиляпти.
Яна бир оилага кириб бордик. Айни ишлайдиган ёш оила, эр – уста, хотин- уй бекаси. Тўрт нафар фарзанди бор. Уй бекаси маҳалладан моддий ёрдам ва нафақа сўраб, мурожаат қилган.
– Ҳозирда бу масала ижобий ҳал бўлди. Аммо, бутун бир оиланинг болалар нафақасига қараб яшаши тўғри эмас,- дейди маҳалланинг жонкуяр раиси. – Ҳозир ишлайман деганга иш бор, ҳамма ёқда қурилиш, бунёдкорлик. Ўртаҳол оилалар ҳам ҳар йили уйларини бир таъмирдан чиқаришади. Юртбошимиз айтганларидек, “пул топаман, яхши яшайман” деб интилган киши уйқуси келмайди. Вақтидан унумли фойдаланади.
“Кўркам диёр” маҳалласида кўпчилик мавсумий ишлар билан шуғулланар экан, аҳоли билан иккинчи экин тўғрисида ҳам гаплашдик. Бир нарсалик бўламан, деганлар қарз кўтариб бўлса ҳам, томорқа экиб, шу кунларда гуриллатиб қовун-тарвузларни сотиб ётипти. Бошқалари мош ва ловия эккан, дала ям-яшил, икки қарич бўлиб қолган ўсимликлар чўл шамолида тебраниб турипти.
– Кам таъминланган, эҳтиёжманд оилалар сони йилдан йилга қисқариб боряпти, айниқса, давлатимиз раҳбарининг Сирдарё вилоятига қилган ташрифидан сўнг, иккинчи экин экиш учун рухсат берилгани аҳолимиз учун катта имкониятлар эшигини очди. Ахир чўл офтобининг нурларини “эмиб” катта бўлган қовун-тарвуз, сабзавотлардан ширини борми? Чўлқуварлар учун бу мўмай даромад деганидир. Шу боис, биз ҳар куни уйма-уй юриб, иккинчи экин экишни тарғибот қиляпмиз. Ишсизларга фермер хўжаликларидан иш таклиф этиляпти. Иш ҳақидан ташқари фермер ишчиларига буғдой, ёғ тарқатади, чопиқда қатнашганига қараб, иккинчи экин учун ер ажратилади.
Шу куни Оқолтин тумани аҳолисининг 70 дан ортиқ хонадонида бўлиб, улардан ҳол-аҳвол сўралди, муаммолар ўрганилди. Шу билан биргаликда мавжуд имкониятлар тарғибот қилинди.
Зебо Ҳайдарова