Click to listen highlighted text!

ЧИРОҒИНГИЗ ҲАМИША ЁНИҚ БЎЛСИН!

Биз турмушимизнинг ажралмас қисмига айланган, доимий кўмакчимиз бўлган электр энергиясидан осонгина фойдаланамиз. Унинг кўринмас ҳолати, тезлиги ва мўжизакорлиги ҳайратимизни келтирмай қўйган. Бироқ, қурилмани улаш билан ҳаётимизни рангли қиладиган электр токи қанчадан-қанча замондошларимизнинг заҳматлари, меҳнатлари эвазигадир.
Нурчилар шаҳри бўлган Ширин шаҳрида ушбу соҳа вакилларининг касб байрами муносабати билан тадбир бўлиб ўтди. Мамлакатимиз электр энергия ишлаб чиқаришининг 32 фоиз улуши шаҳардаги “Сирдарё ИЭС” АЖ томонидан амалга оширилади. Корхона фаолиятини бу йил ҳам ёруғ юз билан якунлаётир, сабаби энергия ишлаб чиқариш режаси ортиғи билан амалга оширилди. Қолаверса, иссиқлик электр станциясида 9-сонли энергоблок модернизация ишларидан кейин ягона энерготизимга уланиши билан станцияда давом этган 3 йиллик модернизация жараёни муваффақиятли якунига етказилди.
Корхона бош директори Баходир Нурдинов соҳа ходимларини байрам билан табриклаб, уларнинг келгуси ишларида муваффақиятлар тилади.
Тадбирда ўзининг кўп йиллик ҳаётини соҳага бағишлаган, билим ва тажрибаси билан кўплаб ёшларни тарбиялаган, камтарин ва меҳнаткаш фахрийларга, шунингдек, соҳада фаолият юритаётган бир гуруҳ ишчи-хизматчиларга “Мустақил давлатлар ҳамдўстлигида хизмат кўрсатган энергетик”, “Энергетика фахрийси” фахрий унвонлари ҳамда Мустақил давлатлар ҳамдўстлиги электр энергетика кенгаши, Ўзбекистон энергетика, нефть-газ ва геология ходимлари касаба уюшма республика кенгаши ҳамда “Иссиқлик электр станциялари” акциядорлик жамиятининг фахрий ёрлиқ ва ташаккурномалари топширилди.
-Касбимдан доим фахрланаман, менга берилган МДҲ электр энергия Кенгашининг фахрий ёрлиғи бу туйғумни янада кўпайтирди,-дейди иссиқлик автоматикаси ва ўлчовлар цехи смена бошлиғи Эргаш Мамадвалиев. –Корхонамиз тарихида қийин кечган вақтлар ҳам бўлди. Меҳнатга кам ҳақ тўлаш, маошлар ойлаб кечикиши… Шундай вақтларда айримлар ўз хоҳиши билан ишдан бўшашга мажбур бўлди. Мана сўнгги беш йилда ҳавас қилгудек ўзгаришлар юз бериб, маошлар бараварига оширилди. Ишга кириш истагида бўлганлар сони ошди, сабаби меҳнатимиз қадр топаётир.
Ушбу байрам тадбирида, корхонанинг “Хавфсизлик техникаси ва меҳнатни мухофаза қилиш хизмати” томонидан ўтказилган “Ёнғин хавфсизлиги кўрик ойлиги” доирасида муносиб иштирок этган цехлар ҳам тақдирланди.
Тадбир давомида меҳнати тақдирланган, келгуси фаолиятига рағбат улашилган ходимлар кўпчиликни ташкил этди. Бу борада корхонанинг ўз ижобий анъаналари бор. Табиийки, бу муваффақиятлар ортида иш берувчи ва касаба уюшма қўмитасининг ҳамкорликдаги фаолияти қўл келмоқда.
-Касаба уюшмаси раислигига сайланганимга бир йилдан ошиқ муддат ўтди, -дейди Камола Мусаева. – Шу кунгача ходимлар манфаати йўлидаги ташаббусларимиз маъмурият томонидан қўллаб-қувватлантирилаётир. Талаб-таклиф, шикоят-у эътирозларни касаба уюшмаси хонасининг ўзида ҳал этилишига эришмоқдамиз. Ходимлар орасида ёшлар кўпчиликни ташкил этади. Шу боис ҳам, иш жараёнида кўрик-танлов ўтказиш, уларнинг бадиий чиқишларига имкон берамиз. Янги йил шукуҳи арафасида нишонланаётган касб байрамида барча цех бўлимлари байрамона безатилгани сабаби билан совғалар тақдим этилди. Йил давомида меҳнат соҳасидаги танловларда фаоллиги учун ходимлар рағбатлантирилди.
Шу фурсатдан фойдаланиб, энергетикларни касб кунлари билан қутлаймиз. Сиз бизга тилаган доимги тилакни сизга –да айтамиз: “Чироғингиз ўчмасин ҳамиша ёниқ бўлсин!”
Озода МАМАДАЛИЕВА,

Print Friendly, PDF & Email

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

Click to listen highlighted text!