ЁШЛАР ТАРБИЯСИГА ЭЪТИБОР – КЕЛАЖАККА ПОЙДЕВОР

       Сирдарё вилояти ҳокимлиги ҳузуридаги вояга етмаганлар ишлари ҳамда одам савдосига қарши курашиш бўйича вилоят идоралараро комиссияларининг кенгайтирилган йиғилиши бўлиб ўтди. 

       Тадбирда вилоятнинг шаҳар ва туман ҳокимлари, одам савдосига қарши курашиш, вояга етмаганлар ўртасида маънавий-ахлоқий тарбияни кучайтириш, ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш мақсадида олиб борилаётган ишларга бевосита алоқадор ҳудуддаги идора, ташкилот, корхона ва муассасаларнинг раҳбарлари ҳамда оммавий ахборот воситаларининг вакиллари иштирок этди.

     Мажлисда сўзга чиққан вилоят ҳокими Ғ.Мирзаев, Ўзбекистон Республикаси халқ таълими вазири У.Иноятов ва бошқалар Биринчи Президентимиз раҳнамолигида мамлакатимизда барча соҳаларда изчил амалга оширилган туб ислоҳотлар ўзининг ёрқин самараларини бераётганини, одам савдоси билан боғлиқ жиноятларнинг олдини олиш ҳамда вояга етмаганлар ўртасида маънавий тарбияни кучайтириш, ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш бўйича самарали ишлар рўёбга чиқарилаётганини, бунда давлат ва жамоат ташкилотларининг ҳамкорлиги алоҳида аҳамият касб этаётганини таъкидлаб ўтишди.

       Биринчи Президентимиз Ислом Каримовнинг 2008 йил 8 июлдаги “Одам савдосига қарши курашиш самарадорлигини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори бу борада муҳим дастуриламал бўлиб хизмат қилаётир.

       Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги вояга етмаганлар ишлари бўйича комиссия ва Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратурасининг тегишли фармойишига мувофиқ, вилоятда ўтказилган текширув жараёнлари билан боғлиқ хулосалар йиғилишда атрофлича муҳокама қилинди. Ана шу ҳужжатга асосан, комиссиялар томонидан вояга етмаганларнинг қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш, таълим-тарбияси, соғлиғини ижтимоий муҳофаза этиш, улар ўртасида назоратсизлик ва ҳуқуқбузарликлар профилактикаси билан шуғулланувчи мутасадди идоралар билан ҳамкорликда амалга оширилган ишларга  ҳам алоҳида тўхталиб ўтилди.

       – Вилоят ҳокимлиги, прокуратура, таълим, “Камолот” ёшлар ижтимоий ҳаракати ва бошқа ҳамкор ташкилотлар билан биргаликда жорий йилнинг ўтган даври мобайнида, воҳамиздаги мавжуд 298 та умумтаълим мактабларида 100 мингдан зиёд ўқувчи, 1 минг 500 нафарга яқин ўқитувчи-педагоглар иштирокида вояга етмаганлар ўртасида маънавий тарбияни кучайтиришга қаратилган тарғибот-ташвиқот тадбирлари ўтказилди, – дейди вилоят ҳокимлиги котибияти мудири Ф.Боқиев. – Шунингдек, Гулистон Давлат университети, вилоятдаги 4 та академик лицей ва 46 та касб-ҳунар коллежларида “Одам савдосига қарши кураш – давр талаби”, “Одам савдоси – аср муаммоси” каби  мавзуларда ўтказилган йиғилиш ва давра суҳбатларида 50 мингга яқин ўқувчи-ёшлар ва талабалар иштирок этди. Ёшларимизнинг бўш вақтларини мазмунли ўтказиши, уларни ҳар томонлама, жисмонан соғлом, маънан баркамол авлод бўлиб камол топишини таъминлашга вилоятда алоҳида эътибор қаратилган. Ана шу мақсадда бугунги кунда 160 мингга яқин ўқувчи ва талабаларимиз турли тўгаракларга жалб этилган бўлиб, уларнинг 77 мингдан кўпроғи қиз болалардир. Шунингдек, 60 мингга яқин сирдарёлик ёшларимиз спортнинг 41 тури билан мунтазам шуғулланиб келишмоқда ва уларнинг 20 мингга яқинини қиз болалар ташкил этади.

       Йиғилишда Сирдарё вилояти ҳокими Ғ.Мирзаев иштирок этди ва сўзга чиқди.

Абдужалол Қаюмов

Print Friendly, PDF & Email