Click to listen highlighted text!

МЕҲНАТ МУНОСАБАТЛАРИ: НАТИЖА ВА ВАЗИФАЛАР

Жорий йилнинг 26 ноябр санасида Сирдарё вилояти касаба уюшмалари ташкилотлари бирлашмаси томонидан ҳамкор ташкилот вакиллари ҳамда касаба уюшма фаоллари иштирокида “Меҳнат соҳасидаги муҳим аҳамиятга молик масалалар” мавзуида давра суҳбати ўтказилди.
Айни пайтдаги пандемия шароитини инобатга олиб бирлашма мажлислар залида барча туман, шаҳарларни қамраб олган ҳолда видео конференц алоқа шаклида ўтказилди.
Давра суҳбатининг дастурига биноан ижтимоий ҳамкор ташкилотлар вакиллари томонидан бир қатор мавзуларда маърузалар тингланди. Айниқса, Бандлик бош бошқармаси бошлиғи ўринбосари Нурилло Маматқуловнинг “Ковид-19 пандемияси даврида меҳнат муносабатлари ва аҳоли бандлигини таъминлашда юзага келган муаммолар ва уларни бартараф қилиш бўйича олиб борилган ишлар”, Молия бошқармаси масъул бўлими бошлиғи Ойбек Сувоновнинг “Пандемия даврида бюджет ташкилотларида, айниқса тиббиёт ва таълим соҳаси ходимларининг иш ҳақи, ижтимоий ҳимояси ҳамда меҳнат муҳофазаси ишларини молиялаштириш борасида эришилган натижалар” тўғрисидаги маъруза эътибор билан тингланди.
Таъкидланганидек, жорий йилнинг ўтган даври синовлар билан кечди. Шунга қарамай, масъуллар бажарган вазифалар ижобий ўзгаришларга сабаб бўлди. Биринчи галда корхона, ташкилот ва муассасаларда меҳнат муносабатлари, ходимлар манфаати, меҳнат хавфсизлиги доимий эътиборда бўлди.
Доимгидек, ўтказилган давра суҳбатида долзарб муаммолар муҳокама қилинди. Вилоят миқёсида асосий 19 та долзарб муаммо кўтарилиб, уларнинг 14 таси маҳаллий миқёсда ҳал этиладиган, 5 таси эса Олий Мажлис Сенати, вазирлик ва идоралар орқали ҳал этиладиган муаммолардан иборат бўлди.
Жумладан, соғлиқни сақлаш тизимида бир ставкалик иш ўрни 0,25, 0,5, 0,75 ставкаларга бўлиниб кетган. Натижада, айниқса 0,5 ставкадан кам бўлган ҳолда ишлаётган ходимлар иш стажини ҳисоблаб пенсия тайинлашда миқдорга таъсирини кўрсатмоқда. Ушбу масала Соғлиқни сақлаш ва Молия вазирликлари томонидан кўриб чиқиш таклифи киритилди.
Муҳокама сўнгида маҳаллий миқёсда ҳал этиладиган муаммолар ечимини топиш мақсадида ҳокимлик ва касаба уюшмалари бирлашмасининг қўшма чора-тадбирлари ишлаб чиқилиши келишиб олинди.
Шунингдек, Республика миқёсида ҳал этиладиган долзарб муаммолар эса Федерация Кенгашига навбатдаги давра суҳбатида муҳокамага қўйиш учун тақдим этилди.

Меҳнаткашларни ижтимоий-иқтисодий
манфаатларини ҳимоя қилиш бўлими Д.Пирманов

Print Friendly, PDF & Email
Click to listen highlighted text!