Click to listen highlighted text!

ПРЕЗИДЕНТ СОВҒАСИ ТОПШИРИЛДИ

           Ватанимиз мустақиллигининг 26 йиллиги арафасида Гулистон тумани маркази Деҳқонобод шаҳарчаси “Намуна” маҳалласида 32 оилага мўлжалланган 2 та 2 қаватли уй фойдаланишга топширилди.
Тадбирда Сирдарё вилояти ҳокими Ғофуржон Мирзаев ва бошқалар Давлатимиз раҳбари ташаббуси билан изчил амалга оширилаётган илоҳотлар ўзининг ёрқин самараларини бераётганини, одамлар билан очиқ мулоқот қилиш, уларнинг ўй-фикрлари, орзу-умидлари, қувончу ташвишларидан хабардор бўлиш, ҳаётий талаб ва манфаатларини ҳар томонлама таъминлаш давлатимиз сиёсатининг устувор йўналиши эканини алоҳида таъкидлади.
Мамлакатимизда эҳтиёжманд, ўзгалар қаровига муҳтож, кам таъминланган оилаларни қўллаб-қувватлаш, уларга муносиб турмуш шароити яратиш, инсон ва унинг манфаатлари кўзланиб амалга оширилаётган ижтимоий сиёсат замирида ҳам аҳоли турмуши фаровонлигини янада юксалтириш, ана шундай оилаларга муносиб турмуш шароити яратишдек олижаноб мақсадлар мужассам. Шу ўринда Ўзбекистон Республикаси Президентининг «2017-2020 йилларда шаҳарларда арзон кўп квартирали уй-жойлар қуриш ва реконструкция қилиш дастурини амалга оширишга доир чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарори бу борада муҳим аҳамият касб этаётир.
Ҳар бирининг лойиҳа қиймати 1 миллиард 304 миллион 715 минг сўмликдан зиёдро бўлган 32 хонадонга мўлжалланган 2 та 2 қаватли уй эҳтиёжман оилаларга фойдаланишга топширилди.
Уйларнинг ҳовлисида кўкаламзорлаштириш ва ободонлаштириш ишлари мукаммал тарзда амалга оширилиб, экилган мевали ва манзарали дарахтлар, турли гул кўчатлари яшнаб турибди. Шунингдек, ҳовлида болалар ўйин майдончаси, ёзги ошхонада ўчоқ ва таддир қурилиб, шу уйда яшовчилар эҳтиёжи учун кичик омборча ва ўтинхона ҳам барпо этилган.
Шу кунгача тумандаги “Ибрат“ маҳалла фуқаролар йиғинида истиқомад қилган 2 гуруҳ ногиони Жамолиддин Холжигитов оила аъзоларининг қувончи чексиз. Уларнинг бир неча йиллик орзуси амалга ошиб, уч хонали уй соҳиби бўлишди. Мамлакатимиз мустақиллигининг 26 йиллик байрами арафасида улар ўз уйларига эга бўлишди.
– 9 жон бир каталакдек уйда жуда қийналиб яшардик, – дейди Жамолиддиннинг онаси Асалгул она Бердибоева. – Худога шукур, мана бугун туманимиз марказида янгиланган лойиҳалар асосида барпо этилган 2 қаватли уйдан 3 хоналисининг калити тантанали равишда Президентимизнинг байрам совғаси сифатида 2 гуруҳ ногирони бўлган ўғлим Жамолиддинжонга топширилди. Энг қувончлиси, квартиранинг бошланғич бадали Давлатимиз раҳбари томонидан тўлаб берилибди. Худо бир берса қўшалоқ қилиб беради, деганлари шудир-да, аввалроқ тикув машинаси, материал, ҳатто тикиш учун ип ҳам берилганди. Ўзим, келинларим ойдек ишли ҳам бўлдик қўйдик. Пахта теришга мўлжалланган махсус фартуклар тикаяпмиз. Маҳсулотни чекланмаган миқдорда тумандаги пахтасаноат корхонасининг ўзи сотиб олаяпти. Биз каби қўли калта, эҳтиёжманд оилаларга кўрсатилаётган алоҳида эътибор ва ғамхўрлик учун Юртбошимиздан бир умр миннатдормиз.
– Мамлакатимиз Президентининг 2017 йил 8 августдаги “Ҳудудларнинг жадал ижтимоий-иқтисодий ривожланишини таъминлашга доир устувор чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорининг ижроси доирасида секторлар раҳбар ва аъзолари олдига; уй-жой коммунал ва йўл хўжалиги, энергия, сув ва иссиқлик таъминоти, транспорт қатнови, архитектура, арзон уй-жойлар қуриш, ҳудудларни ободонлаштириш ва кўкаламзорлаштириш, намунавий маҳалла ва хусусий уй-жой мулкдорлари ширкатларини шакллантириш соҳасидаги муаммоларни аниқлаш ҳамда ҳал этиш бўйича аниқ мақсадга қаратилган тадбирларни ўтказиш биринчи вазифа қилиб белгалаб берилган, – дейди шу ҳудудга бириктирилган сектор раҳбари, вилоят Давлат солиқ бошқармаси бошлиғи Фарход Ўрмонов. – Гуруҳимиз томонидан ўзимизга бириктирилган ҳудудда яшовчи фуқароларнинг хонадонларида, корхона, ташкилот, муассасаларда, маҳаллалар бўлиб, муҳитни ўрганиб, юзага келган муаммоларни жойида ҳал қилиниши мумкин бўлганларини бартараф этаяпмиз. Юқори доирада бартараф этилиши лозим бўлган ижтимоий муаммолар харитаси тузилиб, ҳаракатлар дастурига киритиляпти. Бугун фойдаланишга топширилган уй-жойлар ҳам комиссия тавсияси билан ногирон, энг уй-жойга, эҳтиёжман оилаларга топширилди. Бу оилалар бундан буён ҳам доимий эътиборимизда бўлади.
Айни шу куни 32 оила қатори Гулистон тумани “Боёвут“ сув истеъмолчилар уюшмаси ҳудудида истиқомад қилиб келган 2 гуруҳ ногирони Ботир Умаровлар оиласига ҳам Президентимиз совғаси – янги уйнинг калити топширилди.
– Турмуш ўртоғим Ботир акам, 2 ўғилм, 2 келиним билан битта квартирада ижарада яшардик, – дейди кўзларида ёш билан Роҳила она Умарова. – Давлатимизнинг ўз фуқароларига ғамхўрлигини қарангки, бугун ўз уйимизга эга бўлдик. Биздек эҳтиёжман оилалар оғирини енгил қилаётган, уй билан, иш билан таъминлаётган, халқпарвар, тинчликпарвар Юртбошимизга минг раҳмат. Бу уй энг улуғ, энг азиз айём – Мустақиллик байрамига Президентимизнинг биздек оилаларга энг катта ва бир умрга унутилмас совғаси бўлди.
Вилоятда ана шундан уйларнинг яна 6 таси жорий йилнинг ўзида фойдаланишга топширилиши режалаштирилган. Шунингдек, шаҳар ва туманлардаги бўш турган бинолар қайта таъмирдан чиқарилиб, 2017-2018 йилларда эҳтиёжманд, уй-жойга муҳтож оилаларга берилиши ҳам назарда тутилган.
Куннинг иккинчи ярмида Гулистон шаҳридаги “Наврўз” тўйхонасида ногирон, меҳнатга лаёқатлилик даражаси чекланган яна 31 нафар фуқароларга мамлакатимиз Президенти томонидан янги замонавий арзонлаштирилган уйларнинг бошланғич бадали тўланганлиги тўғрисидаги сертификатлар топширилди. Шунингдек, 34 нафар фуқароларга ногиронлар аравачаси, эшитиш мосламаси, қўлтиқ таёқ, ҳассалар топширилди.
Бир пиёла чой устида ташкил этилган тадбирга вилоят санъаткорларининг Ватанни, мустақилликни, меҳр-саховотни, севги ва садоқатни мадҳ этувчи ёқимли қўшиқ ва куйлари янада завқ бағишлади.
Тадбирларда Сирдарё вилояти ҳокими Ғофиржон Мирзаев сўзга чиқди.

ВКУТБ маданий маърифий ва спорт ишлари бўлими

Print Friendly, PDF & Email
Click to listen highlighted text!