МУМХАЛҚ ХАЙРИЯ ҲАШАРИ СИРДАРЁ ВИЛОЯТИДА Ҳар кимнинг муносиб ҳиссаси бор
Мустақиллик байрамини муносиб нишонлашга тайёргарлик кўриш, ўзаро меҳр-оқибат ва ҳамжиҳатликни янада кучайтириш, қишлоқ ва маҳаллаларни ободонлаштириш, «Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили» Давлат дастурида белгиланган вазифаларни амалга ошириш мақсадида ўтказилган бу йилги оммавий ҳашарга ҳам қизғин ҳозирлик кўрилди. Ҳашарчиларга барча қулайликларни яратиш, техника воситалари ва иш қуролларини ҳозирлашга алоҳида эътибор қаратилди. Эрта тонгдан ватан оболиги учун ҳисса қўшишни мақсад қилган ҳашарчилар ҳудудларни ободонлаштириш, қишлоқ ва маҳаллалар, гузарлар, хиёбонлар, зиёратгоҳлар кўркига кўрк қўшиш йўлида меҳнат қилишди. Ушбу тадбирни миллий қадриятларимизга мос ҳолда ташкил этиш ва юқори савияда ўтказишга Соғлиқни сақлаш, Халқ таълими, Ички ишлар бошқармалари, Касаба уюшмалари, Ёшлар иттифоқи, хусусий уй-жой мулкдорлари ширкатлари, корхона ва ташкилотларнинг ходимлари, шунингдек, барча маҳаллаларнинг аҳолиси иштирок этдилар.
Ҳашарда 598507 нафардан зиёд юртдошимиз қатнашди, шунинг 445748 нафарини ёшлар ташкил этди. Икки кун давомида эл-юрт юмушига бел боғлаган ҳашарчиларнинг ғайрат-шижоати билан вилоятнинг 1947 гектар майдонда ободонлаштириш ишлари амалга оширилди. Ҳашар давомида 3961,1 тонна маиший ва қурилиш чиқиндилари чиқариб ташланди. Ҳашар кунларида 989,7 километр узунликдаги ариқ-зовурлар тозаланиб, 163 та қабристонлар тартибга келтирилди. Бундан ташқари, ҳашар кунларида 636052 туп дарахтларнинг таналари оқланиб шакл берилди. Бажарилган ишлар учун жами 779 та техника воситалари жалб этилди.
Умумхалқ ҳашарининг яна бир муҳим жиҳати бу қон қонимизга сингиб кетган инсонпарварлик, олижаноблик, саҳоватпешалик туйғуларининг янада сайқалланишидир. Ҳар йилги анъанага кўра, бу галги хайрия ҳашарида ҳам кекса ва ногиронлар, ёлгиз қариялар, боқувчисини йўқотган, кам таъминланган оилаларга кўрсатилган меҳр-мурувват ёрдамлари кўлами ҳар қачонгидан ҳам кенг бўлди. Хайрия ҳашари кунларида 733 та эҳтиёжманд оилаларнинг 10884,2 метр квадрат майдондаги уй жойлар таъмирланди.
Шунингдек, 571 нафар эҳтиёжманд оилаларга беминнат ёрдам кўрсатилиб, уларнинг 330 нафарини ногирон ва ёлғиз кексалар ташкил қилди.
Азиз байрам арафасида кўпчиликнинг иштироки ва дуосини олиб янги иншоотларни топшириш анъанага айланган. Айни ҳашар кунларида ҳам жойларда ана шундай қувончли лаҳзалар бўлиб ўтди. Жумладан, Янгиер шаҳридаги “Шодлик” маҳалласида сунъий қопламали футбол майдончаси, А.Жомий маҳалласида автомобилларни таъмирлаш устахонаси, “Обод юрт” маҳалласида умумий овқатланиш шаҳобчаси ишга туширилди.
Айниқса, Гулистон шаҳрининг “Намуна”, Гулистон туманининг “Ибрат”, “Ишонч” маҳаллалари ҳудудида намунавий лойиҳалар асосида барпо этилган замонавий уй-жойларнинг ўз эгаларига топширилиши катта шодиёнага айланди.
Бизда савоб ишдан ҳеч ким четда қолмайди. Кўриб кузатсангиз халқимизнинг ҳимматидан, хизматидан фахрланмай илож йўқ. Ҳашар кунлари эҳтиёжманд оилалар, Иккинчи жаҳон уруши қатнашчилари ва меҳнат фронти фахрийлари, ногиронларнинг ҳолидан хабар олиниб моддий ёрдамлар кўрсатишга алоҳида эътибор қаратилди.
Жумладан, саховатни улуғ билган ҳомийлар томонидан Сардоба туманидаги маҳаллаларда яшовчи 16 нафар ижтимоий ҳимояга муҳтож ногиронлар ва боқувчисини йўқотган оилаларга ҳомийлар томонидан 2 кг дан гўшт маҳсулоти тарқатилди.
Гулистон туманидаги “Ибрат” маҳалласида яшовчи 2-гуруҳ ногиронлари фуқаролар Ботир Умаров, Жамол Холжигитовларга Фонднинг вилоят бўлими томонидан 11 млн сўмлик уй-жиҳозлари (мебел) совға тариқасида берилди.
“Маҳалла” хайрия жамоат фондининг Мирзаобод туман бўлинмаси томонидан “Баҳористон” маҳалласида яшовчи боқувчисини йўқотган фуқаро Джумабоева Минавварга 300 минг сўм, “Ҳақиқат” маҳалласида яшовчи боқувчисини йўқотган фуқаро Бойбўтаева Дилфузага 400 минг сўм “Деҳқонобод” маҳалласида яшовчи 2-гуруҳ ногриони фуқаро Қодирова Мавлудага 300 минг сўм, “Тинчлик” маҳалласида яшовчи кам таъминланган оилалар рўйхатида турувчи фуқаро Эсонбоева Озодага 250 минг сўм, М.Улуғбек маҳалласида яшовчи уруш орти меҳнат фахрийси Каттабекова Қимматхонга 250 минг сўм моддий ёрдамлар кўрсатилди.
Сайхунобод туманидаги “Нуробод” маҳалласида яшовчи кам таъминланган оила Йўлчиева Клавдиянинг уйини ҳашар йўли билан қуриш учун ҳомийлар томонидан 2000 дона ғишт берилди. “Фаровон” маҳалласида яшовчи фуқаро 1-гуруҳ ногирони Маматова Хосиятнинг уйи тумандаги тадбиркор Шоира Шаматова томонидан тўлиқ таъмирлаб берилди.
Туман ҳокимлиги томонидан уй-жой тиклашимиз учун ҳудуд ажратилди,- дейди “Паймарт” маҳалласида яшовчи кам таъминланган оила бошлиғи Жонмахмедова Момогул опа. – Ҳаттоки, қурилиш ишлари учун тош, цемент, ғишт ва шифер ҳам ажратилди. Қувончимнинг чеки йўқ. Эътибордалигимиз кўнглимизни кўтарди.
Хулоса ўрнида шуни айтишимиз мумкинки, ҳашарнинг кучи бажарилган ишлардагина эмас, бирликда ва биргаликда қилинган ҳаракатнинг ўзидадир. Шаҳар ва қишлоқларнинг бугунги мафтункор қиёфасида нафақат бунёдкорларнинг, балки умумхалқ ҳашарларида қатнашадиган ҳар бир кишининг муносиб ҳиссаси бор.
Озода МАМАДАЛИЕВА,
“Ishonch” мухбири