САМАРАЛИ ВА ТЕЗКОР
Йил бошидан буён юртдошларимиз нутқида янги атама пайдо бўлди. Илгари кимга мурожаат қилишни билмай, ёхуд “икки – оғиз гапини удда қилолмаслик“ дан ийманиб хоҳиш- истагини дилида сақлаб юрган халқимиз мушкули осон бўлди. Бугун Халқ қабулхонасига бориб мурожаати ижобий якун топган юртдошларимиз кўпчиликни ташкил қилади. Юртбошимизнинг 6 январдаги “Ўзбекистон Республикаси Президент девонининг Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари билан ишлашни назорат қилиш ва мувофиқлаштириш хизмати фаолиятини ташкил этиш тўғрисида”ги қарори талаблари асосида бугун юртимизнинг ҳамма вилоят , туман, шаҳарларида Ўзбекистон Республикаси Президентининг Халқ қабулхонаси ташкил этилди. Ўтган вақт мобайнида ишнинг қандай ташкил этилганлиги билан танишиш учун Янгиер шаҳар халқ қабулхонасида бўлдик. Бино аҳолига қулай бўлган марказ кўчаларнинг бирида жойлашган. Фуқароларни қабул қилиш, уларни рўйхатга олиш намунали тартибда олиб борилмоқда. Умумлаштиришда аниқланишича Халқ қабулхонасига 2017 йилнинг биринчи ярми давомида жисмоний ва юридик шахслардан жами бўлиб 503 та мурожаатлар келиб тушган бўлиб уларнинг 131 таси қаноатлантирилган, 316 таси бўйича тушунтиришлар берилган.
Жумладан, Янгиер шаҳар Наврўзобод маҳалласи Тўмарис кўчасида яшовчи Муҳаббат Умарқулованинг бир неча ой давомида ҳал этилмай келаётган ёшга доир пенсия тайинлаш ҳақидаги мурожаати Бюджетдан ташқари пенсия жамғармасининг Янгиер шаҳар бўлими томонидан кўриб чиқилиб унга ёшга доир пенсия тайинланиши таъминланган. Шу каби шаҳар Фарҳод кўчасида истиқоматда бўлган 1926 йилда туғилган қарилик нафақасидаги Абдуназар Тиллаев, Туркистон қишлоқ фуқаролар йиғини ҳудудида яшовчи Алишер Ҳакимовлар соғлиғини тиклаб беришда амалий ёрдам сўраб мурожаат қилганлар. Амалий кўмак давомида улар шаҳар тиббиёт бирлашмаси ҳамда вилоят сил екасалликлари шифокорлари кўригидан ўтказилиб натижасига кўра тиббиёт бирлашмаси ва сил касалликлари шифохоналарида даволаниб чиқдилар.
Қарилик нафақасидаги Абдуназар бобо Тиллаев тиббиёт бирлашмасидан ажратилган бепул йўлланма билани “Товоқсой” шифо масканида соғлиқларини тиклашга эришилди.
Шунингдек, шаҳар аҳолисига қулайлик яратиш мақсадида доимий равишда маҳалла фуқаролар йиғинлари , корхона, ташкилот ва муассасаларда сайёр қабуллар ташкил этилмоқда. Қабулхона мудири Баходир Хайдаровга ижролар ўз вақтида бажарилаяптими деган саволимизга қабул қилинган қарорлар ижросини таъминламаган шахсларни белгиланган тартибда жавобгарликка тортиш бўйича тегишли чоралар кўриб куелинаётганлигини маълум қилди. Жумладан, шаҳар Давлат архиви директори З.Усмоновга “Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари тўғрисида”ги Қонуннинг 43 – моддаси талабларини бузганлиги ҳолати бўйича жиноят ишлари бўйича Янгиер шаҳар судининг қарори билан жарима жазоси тайинланган.
Озода МАМАДАЛИЕВА,
“Ishonch” мухбири