ХАЛҚАРО НОГИРОНЛАРЛАРНИ ҲИМОЯ ҚИЛИШ КУНИГА БАҒИШЛАНДИ
Гулистон шаҳридаги “Нуронийлар маскани”да “Халқаро ногиронларни ҳимоя қилиш куни” муносабати билан тадбир ўтказилди.
“Соғлом авлод учун” ҳукуматга қарашли бўлмаган халқаро хайрия фонди вилоят бўлими ташаббуси билан, вилоят хотин-қизлар қўмитаси ҳамда вилоятдаги қатор ННТлар ҳамкорлигида ўтказилган ушбу тадбирда вилоятимизнинг туман ва шаҳарларидан 21 нафар 10 ёшгача бўлган, жисмоний чекланган болалар ва 4 нафар катталарга ногиронлик аравачалари тақдим этилди.
– Мен Сайхунобод тумани, Гулбулоқ маҳалласида истиқомат қиламан, – дейди 1-гуруҳ ногирони Адолат Турдибоева. – “Соғлом авлод учун” ҳукуматга қарашли бўлмаган халқаро хайрия фонди вилоят бўлими ҳамда вилоятдаги барча ташкилотлар, шу жумладан, касаба уюшмалари, партиялар, “Қизил Ярим ой” жамияти вилоят бўлимлари фаоллари тез-тез ҳолимдан хабар олиб туришади. Айниқса, фонднинг вилоят бўлими раҳбари Юлдузхон Усмоновадан жуда миннатдорман. Опа деярли ҳар ойда маҳалламизда бўлиб, саломатлигимизни текшириб, дори-дармонлар билан таъминлаб турибдилар.
– Менинг фарзандим Зарина Қурбонова 2011 йилда туғилган, оилада иккинчи фарзанд, Яратганнинг ёзмиши экан, қизим болаликдан ногирон, шифокорлар унга “ўтказилган иккиламчи менсенгэнцефалит”(ақлий ва ҳаракат тизими ривожланишдан ортда қолган) ташхисини қўйишган, – дейди Ховос тумани Ойсара Қурбонова. – Давлатимизга, нодавлат нотижорат ташкилотларга минг раҳмат, тақдир синовлари олдида бизни қўллаб-қувватлаб туришибди. Ҳозир ҳам аравача, дори-дармон, ҳомий ташкилотларнинг совғаларини олдик.
– Ҳар йили “Халқаро ногиронларни ҳимоя қилиш куни” арафасида вилоятдаги давлат-нодавлат ташкилотлари томонидан турли байрам ва хайрия тадбирлари ўтказилади, уюшмамиз аъзолари ҳолидан хабар олинади, совғалар тақдим этилади. Эътироф этишим керак, бундай хабар олишлар ва совғалар илгарилари фақат 3 декабрь – Халқаро ногиронларни ҳимоя қилиш куни арафасида ўтказилган бўлса, ҳозирда йил-ўн икки ой, барча байрамлар арафасида –Наврўз, 9 май-Хотира ва қадрлаш куни, болаларни 1 июнь – Халқаро болаларни ҳимоя қилиш куни, Рамазон ва Қурбон ҳайитлари, Мустақиллик байрами арафасида ҳам кенг кўламда ташкил этилмоқда, – дейди вилоят Ногиронлар жамияти раиси Мукаррам Абдураимова. – Энг фаол ҳомийларимиз – вилоят хотин-қизлар қўмитаси, вилоят касаба уюшмалари ташкилотлари бирлашмаси, “Соғлом авлод учун” ҳукуматга қарашли бўлмаган халқаро хайрия фонди, партиялар ва бошқа ННТлардир. Биз улардан миннатдормиз.
Зебо Ҳайдарова