Click to listen highlighted text!

“Мурувват” ва “Саховат” интернат уйлари – ёшлар эътиборида

                «Халқаро ногиронлар куни» муносабати, шунингдек, Конституциямизнинг 25 йиллиги олдидан Касаба уюшмаларининг “Мурувват” ва “Саховат” уйлари -ёшлар эътиборида” номли акцияси доирасида Сирдарё туманидаги “Мурувват” ногиронлар интернат-уйида маънавий-маърифий тадбир ташкил этилди.
Айтиш мумкинки, интернат уйида яшовчи ногиронлар ҳолидан хабар олиш, маънавий ва моддий қўллаб – қувватлаш тадбирлари ўтказиш доимий анъанага айланган. Бу тадбирларда ёшлар ҳам фаол иштирок этишади.
– Акция тадбири ташкил этиш давомида ёшлар кучли қизиқиш билан ўз таклиф – мулоҳазаларини билдиришди. Интернат уйи билан боғланиб у ерда яшовчилар учун нима зарурлиги, тадбирни қандай ташкил этиш борасида жиддий изланишди. Барча ҳаракат ҳақиқий байрам кайфияти улашишга, кўнгилларни шод этишга қаратилди, – дейди вилоят касаба уюшмалари ташкилотлари бирлашмаси раиси ёшлар масалалари бўйича маслаҳатчиси Баходир Хамиджонов. – Мана шундай тадбирларнинг ёшлар камолотида, атрофдагиларга эътиборли ва мурувватли бўлишларида аҳамияти каттадир. Шунингдек, жамиятда фаолликларини ҳам ошириб боради.
Тадбирда 20 нафар фаол ўғил қизлар иштирок этишиб интернат уйида истиқомат қилувчи 200 нафар аёлларга вилоят касаба уюшмалари ташкилотлари бирлашмасининг ҳомийлик эътибори – қишки оёқ кийимларни улашишди.
– Давлатимизга, қолаверса, барча давлат ва нодавлат ташкилотларига, шу жумладан, вилоят касаба уюшмалари ташкилотлари бирлашмасига ҳам мингдан минг раҳмат, – дейди интернат уйи бошланғич касаба уюшма қўмитаси раиси Абдулла Рашидов. – Бизнинг интернат уйимизда истиқомат қилаётган, тақдир тақозоси билан интеллектуал чекланган юртдошларимизга ҳар томонлама эътибор ва ғамхўрлик кўрсатиб келмоқдалар. Эътироф этиш жоизки, касаба уюшмалари бу борада ҳамиша илдам, байрамларда бизларни доимо йўқлаб туришади. Бу йил ҳам байрамлар арафасида эшигимизни қоққан илк қалдирғоч бўлишди. Эътибор ва совға учун шу даргоҳда истиқомат қилувчилар номидан ташаккур билдираман.
Тадбир сўнгида сўзга чиққан интернат уйи директори Меҳри Рахимбердиева маърузачиларга жамоа номидан миннатдорчилик билдирди.
Меҳр, мурувват бу – биз бир- биримизга беришимиз зарур бўлган энг муқаддас туйғу. Бу туйғуни ҳамма баб- баравар сезади. Хоҳ ёш бўлсин, хоҳ кекса, хоҳ соғлом бўлсин-у хоҳ хаста. Бу ерда меҳнат қилаётган жамоанинг ҳар бир ходими мана шу эзгулик билан ёнма ёндир. Беморлар билан ишлаш қийинлиги маълум. Айниқса, ногирон, ақли заиф бўлган беморлар билан муомала қилиш. Бу улардан кучли сабр, юксак малака, ўткир сезувчанлик талаб этади. Касбингиздан хорманг, дея уларга тилак улашдик.

Озода МАМАДАЛИЕВА,
“Ишонч” мухбири

Print Friendly, PDF & Email
Click to listen highlighted text!