МЕҲНАТ ЖАМОАЛАРИДА КОНСТИТУЦИЯ ТАДБИРЛАРИ
Гулистон ёғ-экстракт заводи меҳнат жамоасида Асосий Қомусимизнинг 25 йиллигига бағишланган маърифий тадбир бўлиб ўтди. Тадбирни Агросаноат мажмуи ходимлари касаба уюшмаси Гулистон шаҳар Кенгаши раиси Илёс Боқиев олиб борди. Дастлаб сўз олган вилоят касаба уюшмалари ташкилотлари бирлашмаси маданий-маърифий ва спорт ишлари бўлими етакчи мутахассиси Зебо Ҳайдарова Конституциямизни қабул қилиш тарихи, Конституция қаерда, қандай байрам қилиниши ҳақида, хусусан, касаба уюшмалари тизимида амалга оширилаётиган хайрия ва саховат тадбирлари, маънавий-маърифий тадбирлар, бошланғич касаба уюшма қўмиталари томонидан ташкиллаштирилаётган спорт тадбирлари ҳақида гапириб берди. Шундан сўнг сўзга чиққан бирлашма юридик бўлими мудири Ширинхон Умаралиева касаба уюшма аъзоларига меҳнат қонунчилиги, Конституциямизда белгилаб берилган меҳнат ҳуқуқи, одам савдоси тўғрисидаги Ўзбекистон Республикаси Қонуни ҳақида батафсил маълумот берди.
Тадбир савол-жавобларга бой, мунозара тарзида ўтди.
Шу куни вилоят ИИБ қошидаги поликлиника меҳнат жамоаси учун ҳам Конституциянинг 25 йиллиги мавзусида давра суҳбати ташкил қилинди. Тадбир ташкилотчиси –Давлат муассасалари ҳамда жамоат хизмати ходимлари касаба уюшмасининг вилоятдаги масъул ташкилотчиси Алишер Тожиев ҳамда вилоят касаба уюшмалари ташкилотлари бирлашмаси маданий-маърифий ва спорт ишлари бўлими етакчи мутахассиси Зебо Ҳайдаровалар иштирокчиларга Конституциямизнинг мазмун-моҳияти ҳақида сўзлаб бердилар. Бош Қомусимизнинг асосий моҳияти – инсон манфаатларини ҳимоя қилишдан иборат экани, унда инсон туғилгандан тортиб то сўнгги нафасигача унинг ҳуқуқлари ва бурчлари белгилаб қўйилганлиги, ҳар биримизнинг сиёсий, ижтимоий ва иқтисодий ҳуқуқларимиз ҳамда фуқаролик бурчларимиз Конституциямиз моддаларида акс этгани ҳақидаги маърузалардан сўнг, меҳнат жамоаси вакиллари маърузачилар билан ўзларини қизиқтирган саволлар бўйича мунозара қилдилар.
ВКУТБ маданий-маърифий ва спорт ишлари бўлими