МЕҲР-ОҚИБАТ ВА МУРУВВАТ ТАДБИРИ
Юртимизда ногиронларни давлат томонидан қўллаб-қувватлаш, тиббий-ижтимоий ёрдам кўрсатиш, ҳаёт сифатини яхшилаш тизимини такомиллаштириш, уларга таълим олиш ва ишга жойлашишда ҳар томонлама кўмаклашиш чоралари кўрилмоқда. Давлат томонидан халқимизга хос бўлган меҳр-шафқат ҳамда эзгулик туйғуларини ҳисобга олган ҳолда ногиронларнинг муҳим эҳтиёж ва талабларига алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Ҳозирги кунда Ўзбекистонда 600 мингдан ортиқ ногиронлар ҳаёт кечирмоқда. Кўпчилик ногиронлар кундалик турмушда турли қийинчиликларга дуч келиб, бу уларнинг мамлакат сиёсий, ижтимоий, иқтисодий ва маданий ҳаётида фаол иштирок этишига салбий таъсир кўрсатмоқда. Мазкур муаммоларни ҳал қилиш мақсадида шу йилнинг 1 декабрь куни Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Ногиронлиги бўлган шахсларни давлат томонидан қўллаб-қувватлаш тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармони эълон қилинди.
Ушбу Фармон ногиронларга қулай ҳаётни таъминлаш учун қўшимча шароитлар яратишни, шунингдек, бир қатор янгиликларни назарда тутиши билан муҳимдир. Инсонларнинг ногиронларга нисбатан муносабатини ўзгартириш, атрофдагиларни уларнинг жамиятда тўлиқ ва тенг ҳуқуқли иштироки ҳақида хабардор қилиш ногиронларнинг долзарб муаммоларини ҳал этишда ўта муҳим ва биринчи навбатдаги қадам ҳисобланади.
Ушбу Фармонда кўзда тутилган савобли ишларни жойларда дарҳол амалга ошириш чора-тадибрлари бошланиб кетди. Вилоятимизда 3-декабрь Халқаро ногиронлар куни тадбирлари кеча Янгиер шаҳридаги Мурувват уйида ўтказилган вилоят касаба уюшмаларининг тадбири билан бошлаб берилган эди. Мирзаобод тумани ҳокимлиги фойесида бўлиб ўтган тантанали байрам тадбири эса вилоят ҳудудларида ўтказилиши кўзда тутилган тадбирларнинг дебочаси бўлди.
-Туманимизда бугунги кунда ижтимоий ҳимояга муҳтож 37 нафар якка-ёлғиз ва 1300 нафардан ортиқ ногиронлиги бўлган фуқаролар истиқомат қилишади. Ҳозирга қадар улардан 28 нафари ногиронлик аравачалари, 2 нафар фуқаро эшитиш аппарати билан, 7 нафар фуқаро қўлтиқтаёқ, 13 нафар фуқаро ҳасса ва яна 21 нафари протез-ортопедик маҳсулотлар билан таъминланди, – дейди Мирзаобод тумани ҳокими ёшлар сиёсати, ижтимоий ривожлантириш ва маънавий-маърифий ишлар бўйича ўринбосари Раҳимжон Анорбоев. – Шунингдек, йил давомида 156 нафар пенсионерларга саломатликларини тиклаб олиш учун санаторияларга йўлланмалар берилди. Шифохоналарда 60 нафар ногиронлиги бўлган ҳамда пенсионер фуқаролар имтиёзли ордерлар орқали саломатликларини тиклаб олдилар.
Тадбирда сўзга чиққан Мирзаобод тумани ҳокими Ботир Мирзоқулов ҳамда вилоят ҳокимининг ўринбосари, вилоят хотин-қизлар қўмитаси раиси Дилфуза Ўроловалар Президентимизнинг “Ногиронлиги бўлган шахсларни давлат томонидан қўллаб-қувватлаш тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармони мазмун-моҳиятидан тадбир иштирокчиларини хабардор қилдилар ҳамда давлатимиз томонидан кексалар ҳамда ногиронлиги бўлган фуқароларга кўрсатилаётган ғамхўрликларни эътироф этдилар.
– Ўғлим Жаҳон 18 ёшда, 10 ойлигида нотўғри эмлаш туфайли ногирон бўлиб қолган эди, -дейди Дилфуза Турсунқулова. –Албатта, фарзанднинг бахтсизлигини кўришдан оғир азоб йўқ она учун. Аммо, ҳар доим давлатимизнинг эътиборини ҳис қилиб турибмиз, маҳалла-кўй, ҳомий ташкилотлар биздан доим хабар олиб туришибди. Ногиронлик аравачасига эҳтиёжимиз бор эди, мана, яп-янрги аравача ҳам беришди. Мен давлатимиз раҳбаридан ҳам, ушбу тадбирни уюштирган барча-барчадан жуда миннатдорман.
Мирзаободлик Собир ака Ортиқов бир умр хўжаликда механизаторлик қилган, бундан икки йил илгари инсульт ўтказиб, биринчи гуруҳ ногирони бўлиб қолган эдилар. Байрам тадбирида Собир аканинг турмуш ўртоғи Санобар опа қатнашиб, ногиронлик аравачаси ва термосдан иборат совғани қабул қилиб олди. Бу нарсалар турмуш ўртоғи учун жуда муҳим эканлигини айтиб, қайта-қайта ҳомий ташкилотларга ўз миннатдорчилигини билдирди.
– Хабарингиз бор, Президентимиз 1 декабрь куни имзолаган Фармонида Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳузурида Ногиронлиги бўлган шахсларни қўллаб-қувватлаш жамғармаси ташкил этилиши белгиланган, унинг маблағлари ногиронлиги бўлган шахслар аҳволини яхшилаш, тиббий-ижтимоий ёрдам сифатини ошириш, протез-ортопедия буюмлари ва техник реабилитация воситалари ишлаб чиқаришни модернизация қилиш ҳамда технологик янгилаш учун ишлатилади. Шу билан биргаликда ногиронлиги бўлган шахслар муаммоларига бефарқ бўлмаган фуқаролар ва юридик шахсларнинг ихтиёрий ҳомийлик хайриялари ҳам жамғарма манбалари бўлади, – дейди Ногиронлар жамияти вилоят бўлими раиси Мукаррам Абдураимова. – Демак, ногрионлиги бўлган фуқароларимиз энди бу ортопедик-таянч ва техрик реабилитация буюмларига ҳечам зориқиб қолмайдилар. Шуни биламанки, ҳеч қайси юртда ногиронлиги бор инсонларга бўлган эътибор бизнинг юртимиздагидек юқори эмас.
Айтиш жоизки, ушбу байрам тадбирлари ҳудудларда Янги йил байрамига улашиб кетади ва қанчадан қанча ўксик кўнгилларга меҳр-оқибат зиёсини олиб киради.
Зебо Ҳайдарова