Click to listen highlighted text!

ПРЕЗИДЕНТ СОВҒАЛАРИ ТОПШИРИЛДИ

                 Мамлакатимизда “Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили”да аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламларини моддий ва маънавий қўллаб-қувватлашни кучайтириш, жамиятда ўзаро ҳамжиҳатлик, меҳр-оқибат, бағрикенглик ва хайр-саҳоват муҳитини янада мустаҳкамлаш мақсадида тизимли ишлар амалга оширилмоқда. Мазкур жараёнда Ўзбекистон касаба уюшмалари ҳам фаол иштирок этмоқда.
Хусусан, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 12 сентябрдаги “Аҳолининг кам таъминланган қатламларини қўллаб-қувватлашга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги ПҚ-3268-сонли Қарори ижроси юзасидан Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси томонидан Ишчи гуруҳи тузилиб, республикамизнинг барча ҳудудларида кам таъминланган оилаларнинг ижтимоий-маиший аҳволи ўрганилди ҳамда уй-жой ва маиший техника билан таъминлаш, яшаш жойларини таъмирлаш, қорамол ажратиш, тиббий хизмат борасида амалий ёрдамга муҳтож оилалар аниқланди.
Мазкур тоифадаги оилалар рўйхати туманлар ва шаҳарлар ҳокимликлари томонидан тасдиқланиб, 2017 ва 2018 йилларда аҳолининг кам таъминланган тоифаларига беғараз ёрдам кўрсатиш бўйича ҳудудий манзилли дастурлар ишлаб чиқилди. Бугунги кунда мазкур дастурларга мувофиқ вилоятимиз бўйича минглаб оилаларга манзилли ёрдам кўрсатиш, хусусан, уй-жой билан таъминлаш, маиший техника жиҳозлари олиб бериш, оилаларнинг тиббий ёрдамга муҳтож аъзолари саломатлигини тиклаш бўйича амалий ёрдамлар кўрсатиш ишлари амалга оширилмоқда.
Шу мақсадда Сирдарё вилоят касаба уюшмалари ташкилотлари бирлашмаси томонидан барча туманлар ва шаҳарларда уй-жой ва маиший шароитни яхшилашга муҳтож бўлган, боқувчисини йўқотган, ногирон оила аъзоларини парваришлаётган эҳтиёжманд оилаларни уй-жой билан таъминлаш, яшаш жойларини таъмирлаш, касалманд оила аъзолари саломатлигини тиклаш бўйича амалий ёрдам кўрсатиш ишлари кенг кўламда олиб борилмоқда. Ушбу тадбирлар доирасида касаба уюшмалари вакиллари эҳтиёжманд оилалар хонадонларига бориб, уларга саломатлигини мустаҳкамлаши учун махсус сертификатлар, дори-дармон воситалари, турмуш даражасини ошириш мақсадида маиший техника жиҳозларини топширмоқдалар.
Гулистон шаҳридаги 1-сон болалар мусиқа ва санъат мактаби фаоллар залида “Касаба уюшмалари – хотин-қизларга” акцияси доирасида ўтказилган тадбирда Гулистон шаҳрининг 111 нафар хотин-қизлари электр маиший-техника жиҳозлари билан тақдирландилар. Сертификат ва совғаларни вилоят касаба уюшмалари ташкилотлари бирлашмаси раиси Камолиддин Акбутаев топширди.
– Биз каби кам таъминланган фуқароларга мурувват кўрсатгани учун Президентимизга, қолаверса касаба уюшмаларига мингдан-минг раҳмат, – дейди Гулистон шаҳри Сайқал маҳалласида истиқомат қилувчи Татьяна Абрасимова.
Гулистон шаҳридаги “Истиқлол” МФЙ да истиқомат қилувчи Озода Тиллаева болаликдан 1-гуруҳ ногирони. Бировнинг кўмагисиз жойидан туролмайди. Унга онаси, Комила Тиллаева қарайди. Озодага Янги йил совғаси – “Shivaki” русумли газ плитаси топширилди.
– Кейинги пайтда ногиронлиги бўлган инсонларга кўрсатилаётган мурувватдан кўнглим тоғдек кўтарилди, – дейди Озода. – Бунинг учун албатта, давлатимиз раҳбаридан миннатдорман. Қолаверса, касаба уюшмалари ва бошқа ҳомий ташкилотлар байрамлар арафасида доимий ташриф буюришиб, ҳолимиздан хабар олиб туришибди. Ҳаммаларига катта ташаккур!
Худди шундай тадбирлар Ширин ва Янгиер шаҳарларида ҳам бўлиб ўтди. Айтиш жоизки, вилоятимизнинг ҳар бир шаҳри ва туманидан 111 нафардан, жами 1221 нафар кам таъминланган ва эҳтиёжманд оилалар вакилларига шундай совғалар топширилади.

Зебо  Ҳайдарова

Print Friendly, PDF & Email

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

Click to listen highlighted text!